Жаҳон | 11:42
1746
3 дақиқада ўқилади

Януковичнинг собиқ маслаҳатчиси ўлдирилиши: гумонланувчи ГФРда ушланди

Испания полицияси маълум қилишича, Германия ғарбидаги Хайнсберг шаҳрида (Нидерландия чегараси яқинида) 2025 йил май ойида Мадрид яқинида Украина собиқ президенти Виктор Янукович маъмурияти раҳбари ўринбосарининг собиқ маслаҳатчиси Андрей Портновнинг ўлдирилишида гумонланувчи ушланган. Амалиёт Германия махсус бўлинмаси иштирокида ўтказилган.

Фото: Nacho Doce/REUTERS

Испания Миллий полицияси 2025 йили Мадрид яқинида Виктор Януковичнинг президент маъмурияти раҳбари ўринбосари собиқ маслаҳатчиси Андрей Портновни ўлдиришда гумонланувчи Германия ғарбида қўлга олинганини билдирди. Испания Миллий полицияси сайтида чоршанба, 25 феврал куни берилган хабарга кўра, ушлаш Мадрид полиция бошқармасининг қотилликларни тергов қилиш бўлими ходимлари томонидан Германия Федерал жиноят ишлари идорасининг (BKA) махсус тезкор гуруҳи иштирокида Хайнсбергда, Нидерландия чегараси яқинида амалга оширилган.

Баёнотда айтилишича, ҳозирча тергов натижалари ушланган шахс Мадрид атрофидаги Посуэло-де-Аларкон шаҳарчасида жойлашган Америка мактаби кириш қисми олдида ўқ узган айнан ўша одам эканини кўрсатмоқда. Шу маълумотга кўра, гумонланувчининг яшаш жойида Европа ордери асосида тинтув ўтказилади. Иш материаллари махфийлаштирилган, тергов давом этмоқда, деб қўшимча қилди испан полицияси.

51 ёшли Андрей Портнов 2025 йил 21 май куни Мадрид атрофида Америка мактаби яқинида отиб кетилган. Испания ОАВ маълумотларига кўра, ҳужумчи уни мактаб ёнида кутиб турган, бир неча марта ўқ узган ва яширинган.

Портнов Луханск вилоятида туғилган, 2006 йилда Украина Олий радасига халқ депутати этиб сайланган. 2011–2014 йиллар орасида у президент Виктор Януковичнинг маслаҳатчиси, шунингдек президент маъмурияти раҳбарининг ўринбосари бўлган. 2014 йил феврал ойида Янукович Украинадан қочган. 2015 йилда Портнов ҳам мамлакатни тарк этган, аммо 2019 йилда қайтиб келган ва сайловларда келажакда президент бўладиган Володимир Зеленскийни қўллаб-қувватлаган. Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан кейин Портнов яна Украинани тарк этган.

Украинада Портнов бир нечта жиноий ишлар бўйича фигурант бўлган, жумладан Россиянинг Қримни қўшиб олишига гўё алоқадорлиги учун давлатга хиёнат моддаси бўйича ҳам, бироқ у ишлар ёпилишига эришган. Шу билан бирга, Украинага қайтганидан кейин Портновнинг ўзи собиқ президент Пётр Порошенкога қарши бир нечта жиноий иш қўзғатилиши ташаббускори бўлган — улар орасида Порошенко Минск келишувларини имзолаганидан келиб чиқиб, унинг томонидан эҳтимолий давлатга хиёнат бўлгани ҳақидаги иш ҳам бор.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид