Жаҳон | 12:17
7679
11 дақиқада ўқилади

АҚШ-Эрон можароси: сабаблар нима?

Сиёсий харитага қарайдиган бўлсак, АҚШ ва Эрон бир-биридан ўн минг километр узоқликда жойлашган, маданияти, дини, тили ва сиёсий тизими бутунлай фарқ қилувчи мамлакатлар. Аммо, охирги йилларда бу икки давлат ўртасидаги ўта зиддиятли муносабат дунёдаги энг йирик геосиёсий инқирозлардан бирини юзага келтиряпти. Айни пайтда бир қанча манбалар Америка Яқин Шарқда кенг кўламли ҳарбий кампанияни бошлашга тайёрлиги ҳақида ёзяпти. Хўш, расмий Теҳрон ва Вашингтон ўртасидаги келишмовчилик илдизи нима билан боғлиқ? 

1953 йилги давлат тўнтариши

Иккинчи жаҳон урушидан кейин Эронда нефт саноатини миллийлаштириш ҳаракати пайдо бўлди, мамлакатнинг катта қисмида норозилик намойишлари, иш ташлашлар бўлиб ўтди. Ана шундай шароитда сиёсий майдонга Муҳаммад Мусаддиқ чиқди ва 1951 йилги сайловдан кейин Бош вазир лавозимини эгаллади. У ҳукуматга келиши биланоқ нефт саноати давлат назоратига ўтиши тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Маҳаллий аҳоли байрам қилди: миллийлаштириш империалистик кучлар устидан ғалаба ва узоқ кутилган суверенитетга эга бўлишдек қабул қилинди. 

Буюк Британия ва АҚШ ҳар хил йўллар билан бунга тўсқинлик қилмоқчи бўлди. Улар бу масалани халқаро Гаага судида ҳал этиш учун ариза ҳам беради. Бироқ Эрон ҳукумати бу суд ваколатини тан олмади. Мусаддиқ Эрон нефти Эроннинг миллий бойлиги, уни миллийлаштириш мамлакатнинг ички иши эканлигини таъкидлайди.

Бунга жавобан Буюк Британия Эронга нисбатан иқтисодий қамал ташкил этади. Эрон ҳукумати эса Буюк Британия билан дипломатик муносабатларини узади. Ана шундай шароитда шоҳ бошчилигидаги ички ғарбпараст кучлар Буюк Британия ва АҚШнинг қўллаб-қувватлашига таяниб 1953 йилнинг 19 августида давлат тўнтариши ўтказади. Мусаддиқ ҳибсга олинади, мамлакатдан қочиб кетган шоҳ Муҳаммадризо Паҳлавий Эронга қайтади ва ҳокимиятни эгаллайди. Нефть қазиб олиш ҳуқуқи яна асосан Британия ва Америка компанияларидан иборат бўлган халқаро консорциум қўлига ўтади.

1953 йилги давлат тўнтариши нафақат шоҳга, оддий эронликларнинг ҳам қўрқувига қўрқув қўшди. Мамлакатда азалдан империалистик кучлар сифатида Россия ва Буюк Британия кўриб келинарди. Эндиликда АҚШ мамлакат ички ҳаётига ҳаммадан ҳам кўпроқ аралаша бошлайди.

Муҳаммадризо Паҳлавий эса Американинг чизган чизиғидан чиқмайдиган раҳбарга айланди ва Яқин Шарқда Ғарб таъсирининг яловбардори сифатида гавдаланди. Унинг бошқаруви даврида Эрон ўзининг асрий анъаналаридан воз кечиб, дунёвий давлатга айлана бошлайди. Мамлакатда нафақат Ғарб байрамлари, балки ислом дини келишидан аввал мавжуд бўлган маросимлар ҳам нишонлана бошлайди. Кичик Паҳлавий АҚШнинг ташқи сиёсатини ҳам қўллаб-қувватлайди. Ўша пайтларда бутун ислом олами Исроил-Фаластин можаросида Исроил томонида тургани учун АҚШни қоралаётган вақтда у АҚШнинг Яқин Шарқ масаласида юритган бир томонлама сиёсатига хайрихоҳлик билдиради. Бу эса эронликларнинг кўпчилигига ёқмайди. Шу тариқа, Эронда шоҳ Паҳлавийнинг «радикал ғарблаштириш» сиёсатига қаршилар сони тобора ўсиб боради.

Шу тариқа шоҳ ҳукмронлиги йилларида Эрон жамиятида кучли сиёсий мухолифат шаклланди. Бунда диндорлар асосий ролни ўйнади. Шоҳ эса мухолифат вакилларини қаттиққўллик билан таъқиб қилишда давом этди.

Диний мухолифлар лидерларидан бири Оятуллоҳ Ҳумайний шоҳ ҳокимиятини мустабид тузум деб эълон қилди. 1964 йилда Ҳумайний ҳибсга олинди ва сургун қилинди, натижада унинг тарафдорлари норозилик акцияларини кучайтириб борди. Шоҳ бунга қаттиққўллик билан жавоб берди. Намойишчилар ҳибсга олинди, бир қисми отиб ташланди. Ҳумайний муҳожирликда юрганида ҳам шоҳ тузумига қарши фаол тарғибот олиб боради. Шунингдек, кейинчалик мамлакатда Ислом республикаси тузилганда фойдаланилган давлатчилик асосларини тузади, китоблар ёзади, маърузалар қилади. Шу тариқа Роҳуллоҳ Эронда ақл бовар қилмас даражада катта обрўга эга бўла бошлайди.

Ислом инқилоби

Паҳлавий ўз ишлари билан ҳаммани ажаблантиришда ва ғазаблантиришда давом этаверади. Масалан, у 1976 йилда анъанавий Эрон тақвими ўрнига шоҳ Кир II’нинг тахтга ўтирган кунидан бошлаб йил ҳисобланадиган тақвим жорий қилади. Бундан Эрон аҳолиси ниҳоятда норози бўлади. Бундан ташқари, шоҳ «оқ инқилоб» даврида қатор ислоҳотлар ўтказиш ҳақидаги ваъдаларини бажармади.

1978 йил январ ойида Қум шаҳридаги намойиши вақтида полиция томонидан икки нафар талаба ўлдирилади. Қум - аҳолиси узоқ йиллик анъаналарга қаттиқ амал қиладиган Руҳуллоҳ Ҳумайнийнинг она шаҳри эди. Талабалар ўлимидан сўнг шаҳар аҳолиси шоҳ тузумига қарши оёққа туради. Февралда яна бир йирик шаҳар Табриз аҳолиси бош кўтарди. Мартга келиб Эрондаги барча шаҳарларда кенг кўламли намойишлар бошланиб кетади. Шоҳ мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этиб, намойиш ўтказишни тақиқлайди, аммо халқ назорат қилиб бўлмас даражага етиб бўлганди. Теҳрон кўчаларига 2 миллион одам Паҳлавийнинг истеъфосини талаб қилиб чиқди.

1979 йил 16 январь куни шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавий ҳокимиятни бош вазир Шопур Бахтиёрга қолдириб Эрондан қочиб кетди. Шоҳ қочганини эшитган одамлар бутун мамлакат бўйлаб кўчаларда унинг суратларини ошкора ёқади. 1979 йил 1 февралда оятуллоҳ 15 йиллик қочқинликдан сўнг Эронга қайтади. Мамлакатда фуқаролар уруши бошланиб кетади. Икки ўртада бўлиб ўтган қуролли тўқнашувларда Ҳумайний тарафдорлари устун келади. Шу тариқа, инқилобчилар Эронни батамом эгаллайди. Мамлакатда референдум ўтказилади ва кўпчиликнинг овози билан мамлакат Эрон Ислом республикаси деб эълон қилинади.

Инқилоб амалга ошиб, Эронда тузум ўзгарганидан кейин аксарият шоҳ тузумини қўллаганлар, ғарбона ҳаёт тарзини ёқтирадиганлар ва хорижликлар мамлакатни тарк этади. Эрондаги хориж компанияларига тегишли завод ва фабрикалар миллийлаштирилади. Бу эса Ғарб давлатлари билан муносабатларни совуқлаштирди.

Муносабатларнинг кескинлашиши

1979 йилги инқилоб АҚШ-Эрон ўртасидаги муносабатларни парчалаб ташлади. Эронда мутлақ ҳукмронликни қўлга олган Оятуллоҳ Ҳумайний АҚШни «Катта шайтон» деб эълон қилди. Бу ибора бугунгача халқаро дипломатияда АҚШга нисбатан ишлатилади ва Теҳроннинг анти-америка мафкураси рамзига айланган.

Инқилобдан кейин шоҳ Паҳлавий мамлакатдан қочишга мажбур бўлди ва охир-оқибат АҚШдан бошпана топди. Шоҳнинг Қўшма Штатларга киритилиши эронликларни жуда ҳам ғазаблантирди. 1979 йил ноябр ойида бир гуруҳ талабалар Теҳрондаги АҚШ элчихонасига ҳужум уюштириб, у ердаги 52 ходимни гаровга олди. Талабалар шоҳни экстрадиция қилиш талабини илгари сурди. Гаров 444 кун давом этди. Бу Америка учун миллий шармандалик ва хавфсизликка тўғридан-тўғри таҳдид сифатида қабул қилинди. Айнан шу воқеа Вашингтонда Эронга нисбатан узоқ йиллик нафратни шакллантирди ва икки давлат ўртасидаги дипломатик алоқалар расман ва узил-кесил тўхтатилишига асос бўлди.

1980 йилларда бошланган Эрон-Ироқ урушида ҳам Қўшма Штатлар Ироқ лидери Саддам Ҳусайнни қўллаб-қувватлади. АҚШ Эронни заифлаштириш учун Ироққа ҳарбий ва разведка маълумотларини тақдим этди. Муносабатларни мутлақ жарликка қулатган яна бир воқеа 1988 йилда юз берди. Форс кўрфазидаги АҚШ ҳарбий кемаси хатолик туфайли Эроннинг 655-рейсли йўловчи самолётини уриб туширди. Бортдаги барча 290 киши, жумладан, 66 нафар ёш бола ҳалок бўлди. АҚШ фожиани бахтсиз ҳодиса деб атаган бўлса-да, расман узр сўрамади. Эрон эса буни атайлаб қилинган қотиллик деб қабул қилди.

Кейинги йилларда ҳам ўзаро муносабатлардаги душманлик кайфияти сақланиб қолди. 1995 йил АҚШ президенти Билл Клинтон Эронга қарши ялпи иқтисодий эмбарго эълон қилди. Бунга қўшимча равишда Эрон нефт ва газ тармоғига инвестиция киритган ташкилотларга нисбатан санкциялар жорий қилинди. 2001 йил 11 сентябр воқеаларидан кейин Жорж Буш ўзининг тарихий нутқида Эронни Шимолий Корея ва Ироқ билан бир қаторда «Ёвузлик ўқи» мамлакати дея эълон қилди. Шу тариқа Ғарб жамиятида Эроннинг ядровий дастурига нисбатан хавотирлар энг юқори чўққига чиқди ва уни тўхтатиш талаб қилина бошланди.

2005 йилда Маҳмуд Аҳмадинажоднинг Эрон президентлигига келиши икки ўртадаги муносабатларни янада ёмонлаштирди. Унинг даврида уранни бойитиш дастури жадаллаштирилди. Аҳмадинажод Қўшма Штатларнинг Ироқ ва Афғонистондаги ҳарбий иштирокини империалистик сиёсат деб атади ва Яқин Шарқдаги ҳаракатларини қаттиқ танқид қилди.

2015 йилга келиб, Барак Обама маъмурияти даврида тарихий ютуққа эришилганди. Узоқ йиллик музокаралардан сўнг, Эрон ва жаҳоннинг қудратли олти давлати ўртасида Венада Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режаси имзоланди. Келишув шарти оддий эди: Эрон ўзининг ядровий дастурини қурол яратмаслик кафолати билан чеклайди, бунинг эвазига эса Теҳронга нисбатан жорий этилган иқтисодий санкциялар бекор қилинади. Аммо умидлар узоққа чўзилмади. 2018 йилда АҚШнинг янги президенти Доналд Трамп ушбу келишувни «тарихдаги энг ёмон битим» деб атади ва Қўшма Штатларни келишувдан бир томонлама олиб чиқди. Эрон иқтисодиётига қақшатқич зарба берувчи «Максимал босим» санкциялари қайта жорий этилди. Муносабатлар 2020 йил 3 январда яна бир бор портлаш нуқтасига келди. АҚШ дронлари Бағдод аэропортида Эроннинг энг қудратли ҳарбий қўмондони, генерал Қосим Сулаймонийни ўлдирди. Бу тўғридан-тўғри уруш эълон қилиш билан тенг воқелик эди.

Уруш бошланадими?

Айни пайтда АҚШ Эрон яқинида катта қўшин тўплаб, эҳтимолий ҳарбий операцияга тайёргарлик кўряпти. Феврал ойининг ўрталарида Трамп «Жералд Форд» авиаташувчиси бошчилигидаги зарбдор гуруҳни Яқин Шарққа юборганини хабар қилди. Бу гуруҳ АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари таркибидаги энг кучли тузилма ҳисобланади. Ўтган йил кузида у Кариб денгизи ҳавзасига олиб борилган ва Венесуэлага қарши амалиётда иштирок этганди. Бундан ташқари, АҚШ сўнгги ҳафталарда Яқин Шарққа, жумладан, Қатар ва Баҳрайн ҳудудида Эронга яқин жойлашган базаларига юзлаб самолётлар, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳамда беҳисоб миқдордаги ўқ-дориларни олиб келган.

Шу билан бир қаторда Эрон ядровий дастури бўйича музокаралар ҳам ўтказиляпти. АҚШ Эрон ўз ҳудудида уранни бойитиш ишларидан бутунлай воз кечишини, мавжуд бойитилган уран захираларини тўлиғича топширишни, ракета дастурини ривожлантиришни чеклашини ҳамда Ямандаги «Ансар Аллоҳ» (ҳусийчилар), Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳамда фаластинликларнинг Ҳамас каби гуруҳларини қўллаб-қувватлашни тўхтатишни талаб қиляпти. Эрон эса ядровий дастур борасида ён беришга тайёр, аммо ракета дастури ва ўз прокси кучлари бўйича масалаларни муҳокама қилишдан бош тортяпти.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров

Мавзуга оид