Жаҳон | 08:52 / 28.02.2026
2140
3 дақиқада ўқилади

Гана Украинадаги урушда 55 нафар фуқароси ҳалок бўлганини маълум қилди

Россиянинг Украинага қарши тўлиқ кўламли босқини бошланганидан бери Россия армияси сафига Гананинг, тахминларга кўра, 272 нафар фуқароси ёлланган, улардан 55 нафари ҳалок бўлган, деб хабар қилди ташқи ишлар вазири Аблакава.

Фото: Getty images

Камида 55 нафар Гана фуқароси Украинадаги жанг ҳаракатлари давомида ҳалок бўлган, деб билдирди 27 феврал, жума куни Ғарбий Африкадаги ушбу мамлакат ташқи ишлар вазири Самуэл Окудзето Аблаква. У Россия томонидан африкаликларни ноқонуний ёллаш схемаларига қарши курашишга ваъда берди.

Бу ҳафта Аблаква Киевга ташриф буюриб, украин ҳарбийлари томонидан асирга олинган Гананинг икки нафар фуқароси тақдирини муҳокама қилди. Ташриф давомида Украина ҳокимияти ўз разведка маълумотларига таяниб, Россия томонидан жанг ҳаракатларига жалб қилинган африкаликлар статистикасини тақдим этди. “Улар Украинага қарши урушда қатнашиш учун одам савдоси билан шуғулланувчи жиноий тармоқлар томонидан алданиб жалб қилинган 36 мамлакатдан 1780 нафар африкаликни ҳужжатлаштирган”, — деди вазир Facebook’да.

Унинг сўзларига кўра, айниқса Гана фуқаролари билан боғлиқ вазият ташвишли. 2022 йилдан бери фронтга, ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатнинг 272 нафар фуқароси тушиб қолган. Мавжуд баҳоларга кўра, уларнинг 55 нафари ҳалок бўлган, икки нафари эса ҳарбий асир сифатида ушлаб турилибди.

“Масъул ҳукумат сифатида биз бу оғриқли статистикага кўз юма олмаймиз. Бу фақат рақамлар эмас — улар инсонлар ҳаётини, кўплаб ганалик оилалар ва давлатимизнинг умидини ифодалайди. Шу сабаб ҳукумат ёшларимизни ҳимоя қилиш учун хабардорликни ошириш ва кучайтирилган тушунтириш ишларини олиб боришга қатъий бел боғлаган”, — деди Гана ташқи ишлар вазири.

У шундай қўшимча қилди: Гана президенти Жон Драмани Махама маъмурияти ноқонуний ёллаш схемаларини кузатиш ва уларни бартараф этишга тайёр. “Бу — бизнинг уруш эмас ва биз ёшларимизни бошқалар учун тирик қалқонга айлантиришга йўл қўя олмаймиз”, — дея таъкидлади Аблаква.

Украиналик ҳамкасби Андрей Сибиха билан 25 феврал куни Киевда ўтган қўшма матбуот анжуманида у Гана фуқароларини ёллаш “даркнет”даги схемалар орқали амалга оширилаётганини айтди. Шунинг учун ҳукумат урушга жалб қилинган фуқароларнинг аниқ сонини тўлиқ тасдиқлай олмаслигини билдирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид