Ўзбекистон | 22:17 / 28.02.2026
3652
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Яқин Шарқдаги кескинлашувдан хавотир билдирди

Расмий Тошкент барча томонларни кейинги кескинлаштирувчи қадамлардан тийилишга чақирди, зеро вазиятнинг бундан-да кўпроқ издан чиқиши гуманитар фожиаларга олиб келиши мумкин.

Фото: ТИВ

Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескин равишда таранглашуви ва кенг минтақада янги зиддиятли ҳолат юзага келганидан Ўзбекистон жиддий хавотирда. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида сўз боради.

Расмий Тошкент барча томонларни вазминликка даъват этиб, нафақат ҳарбий-сиёсий, балки гуманитар жиҳатдан олдиндан кўриб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган кейинги кескинлаштирувчи қадамлардан тийилишга чақирди.

“Вужудга келган инқирозни халқаро ҳуқуқ нормалари асосида, сиёсий-дипломатик воситалар орқали ва ўзаро мақбул мулоқот йўли билан ҳал этиш мақсадга мувофиқ”, – дейилади ТИВ баёнотида.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси минтақавий барқарорлик ҳамда хавфсизликни мустаҳкамлашнинг изчил тарафдори бўлиб, вазиятнинг энг тез фурсатларда нормаллашувидан умидвор.

Маълумот учун, бугун – урушнинг илк кунида Эронда ўнлаб одам ҳалок бўлди. Сурия, Ироқ ва БААда ҳам қурбонлар қайд этилган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев

Мавзуга оид