Жаҳон | 15:13 / 28.02.2026
1798
3 дақиқада ўқилади

ХВЖ Киевга 8 млрд долларлик тўрт йиллик кредитни маъқуллади

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ижроия кенгаши Киев билан кенгайтирилган кредитлаш механизми (Extended Fund Facility, EFF) доирасида 48 ойлик келишувни — 8,1 млрд доллар (6,8 млрд евро) миқдорида маъқуллади. 

Фото: AP

Шунингдек, Украинага дарҳол тахминан 1,5 млрд доллар (1,3 млрд евро) тўланиши ҳам назарда тутилган. Бу ҳақда 26 феврал, пайшанба куни ХВЖ матбуот хизмати хабар қилди.

Молиялаштириш Украина учун 136,5 млрд доллар (115,6 млрд евро) миқдоридаги халқаро қўллаб-қувватлаш пакетининг бир қисми ҳисобланади.

Дастур макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни мустаҳкамлаш, шунингдек бошқарув соҳасини ҳам ўз ичига олган таркибий ислоҳотларни илгари суришга қаратилган. Мақсад — урушдан кейин барқарор тикланишни таъминлаш ва Украинанинг ЕИга аъзо бўлиш йўлидаги ҳаракатини қўллаб-қувватлаш.

Жамғарма қўшимча қилишича, кредитнинг маъқулланиши Украина халқаро донорлари ва ҳамкорлари томонидан катта ҳажмдаги имтиёзли молиялаштиришни сафарбар этишга ёрдам бериши кутилмоқда.

ХВЖ таъкидлашича, янги дастур аввал амал қилган EFF-2023 кредитлаш механизмига таянади ва бир вақтнинг ўзида жанг ҳаракатлари давом этаётгани билан боғлиқ муаммоларни ҳам ҳал қилишга қаратилган.

Маблағлар тўрт йил давомида 136,5 млрд долларлик бюджет тақчиллигини қоплашга йўналтирилади. Reuters агентлиги эслатишича, бу ҳафта Жаҳон банки, ЕИ, БМТ ва Украина ҳукумати янги ҳисобот эълон қилди: унга кўра, Украинани кейинги ўн йилда тиклаш учун 588 млрд доллар (498 млрд евро) талаб этилади.

ХВЖ бош директори Кристалина Георгиеванинг аниқлик киритишича, Украина бўйича тинчлик музокаралари муваффақиятли якунланса, дастур тезкор равишда мослаштирилиши мумкин. Кредит, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш ва солиқ тўлашдан бўйин товлашнинг олдини олишга қаратилган таркибий ислоҳотларни илгари суришга хизмат қилиши керак.

ХВЖ прогноз қилишича, 2026 йилда Украина иқтисодиёти 1,8–2,5 фоизга ўсади, инфляция эса, эҳтимол, 6,1 фоиз атрофида сақланиб қолади.

Уруш бошланганидан бери Украинада иқтисодий фаоллик фронт чизиғидан ғарбий ҳудудларга кўчган, мудофаа саноатида бандлик кўрсаткичлари ошган.

Берлиндаги Rockwool фонди тадқиқотига кўра, Россиянинг тўлиқ кўламли босқини бошланганига тўрт йил бўлганига қарамай, Украина меҳнат бозори хавотирларга зид равишда ҳайратланарли барқарорлик намоён этмоқда. Reuters 22 феврал куни тадқиқот натижаларини келтириб, урушнинг илк ойларида 20 фоиздан ошган ишсизлик ҳозир тахминан 11 фоизни ташкил этишини — яъни урушдан олдинги даражадан атиги бир неча фоиз пунктга юқори экани ҳақида хабар берган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид