Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Довон ортидаги қишлоқ: Четсувда бир кун
Четсув Тошкент вилояти Оҳангарон тумани таркибига кирувчи қишлоқлардан бири. Тоғлар билан ўралган Четсув қишлоғи Қамчиқ довонининг қўйнида жойлашган. Аҳолиси чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланади. Гўзал табиати билан машҳур бўлган қишлоқда яшовчи Ўткир ака Рисбоевнинг хонадонида бўлиб, оиланинг кунлик юмуши билан танишдик.
Ўткир ака Ангрен кўмир конида экскаватор ҳайдайди. 2 ўғилнинг отаси бўлган қаҳрамонимиз 60 сотих томорқасига олма, нок, гилос дарахтлари эккан. Асосий ишидан ташқари у чорва парваришлайди. Ҳовлисида тайёрланган сут маҳсулотларини Қамчиқ довони йўлига олиб чиқиб сотади.


“Четсув қишлоғи билан фахрлансанг арзийди. Шу қишлоқда туғилиб улғайдик. Тоғ бағрида мол боқиб, ёшлигимиз ўтди. Четсув қишлоғининг энг юқори қисмида яшаймиз. Қишлоқ Қамчиқ довонига туташган.
Четсув қишлоғининг ҳавоси мусаффо, суви зилол. Булоқ сувидан ичамиз. 60 сотих томорқага мевали дарахтлар экканман. Унинг тагида сабзавотлар етиштирамиз. Мева-сабзавотлар ўзимиздан чиқади, сотиб олмаймиз. Аҳолининг деярли ҳаммаси чорвачилик билан шуғулланади.


Дам олиш кунлари тоғларга чиқиб, булоқ сувидан чой қайнатиб, молларни боқиб, тирикчилик қилиб юрибмиз. Ўзим экскаваторчиман. Ангрен кўмир конида экскаваторчи бўлиб ишлайман. Икки ўғилнинг отасиман. Ўғилларим давлат ишида ишлайди.


Сигирларни соғиб, қатиқ ивитиб, қаймоқ, сариёғ тайёрлаймиз. Ўзимиздан ортганини “перевал” йўлига олиб чиқиб сотамиз. Қишлоқда аёллар уй юмуши билан банд бўлади. Давлат ишида ишлайдигани кам.


Қора беш юлдузлар, голден, бойка олма навларини экканман. Бир йилда ўртача 2-3 тонна олма йиғиб оламиз. Олмаларимизни ҳам шу ерга, бозорчага олиб чиқиб сотамиз.


Мана, Аллоҳ насиб қилса, баҳор ҳам яқин. Баҳорда Четсув табиати янада гўзаллашади. Гўзал қишлоқни ҳеч нарсага алмашмайман”, дейди Ўткир ака Рисбоев.
Мавзуга оид
14:19 / 27.02.2026
Тошкент вилояти боғчаларидаги оммавий заҳарланиш билан боғлиқ ишда 11 киши судланмоқда
09:52 / 27.02.2026
Telegram’даги “бот” орқали мефедрон сотиш ҳолати фош этилди
12:07 / 25.02.2026
Киберфирибгарлик: бемор болалар учун хайрия видеолари орқали пул йиғган шахс ушланди
08:22 / 25.02.2026