Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Покистонда АҚШ ва Исроилга қарши намойишлар: 23 киши ҳалок бўлди
АҚШ-Исроилнинг Эрондаги бомбардимон амалиётига қарши Покистондаги намойишлар зўравонликка айланиб кетди. Карачидаги АҚШ консуллиги қўриқчилари бостириб кирган намойишчиларга ўқ узди: 10 киши ҳалок бўлган. Скарду шаҳрида эса Эрон тарафдорлари БМТ идорасига ўт қўйди.
Карачидаги намойишлар / Фото: Reuters
Якшанба куни Покистон ва Ироқда АҚШ-Исроилнинг Эрондаги бомбардимон амалиётига қарши намойишлар зўравонликка айланиб кетди. Эроннинг шарқий ва ғарбий қўшнилари бўлган Покистон ва Ироқ Эрондан кейин дунёдаги энг кўп шиа мусулмонлари яшайдиган давлатлар бўлиб, АҚШ-Исроил ҳужумларидан ғазабланган оломоннинг энг шиддатли тартибсизликлари майдонига айланди.
Хусусан, Карачидаги намойишчилар АҚШ консуллиги олдида «Америка ва Исроилга ўлим!» дея ҳайқиришган. Reuters мухбирлари у ерда ўқ овозлари эшитилгани ва атрофдаги кўчаларда кўздан ёш оқизувчи газ қўлланганига гувоҳ бўлган.
Маҳаллий ҳукумат вакили Сухдев Хемнанининг айтишича, консуллик хавфсизлик ходимлари ташқи хавфсизлик қатламини бузиб кирган ва кейинчалик орқага қайтарилган оломонга қарата ўт очган. Оқибатда 10 киши ҳалок бўлган, яна 34 киши жароҳатланган.
Намойишчилар, шунингдек, асосий дарвоза олдида бир транспорт воситасига ўт қўйган ва полиция билан тўқнашган.
Карачидаги фуқаролик касалхонаси барча ҳалок бўлганлар ва ярадорлар ўқ тегиши натижасида жабрланганини билдирди. Синд провинцияси ҳукумати суриштирув ўтказишни буюрди.
«Биз консуллик расмийлари билан доимий алоқадамиз. Уларнинг барчаси хавфсиз жойда», - дея қўшимча қилди Хемнани.
АҚШнинг Исломободдаги элчихонаси намойишлар ҳақидаги хабарларни кузатиб бораётганини маълум қилди. Шунингдек, АҚШ фуқароларига шахсий хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилишни тавсия этди.
БМТ идорасига ўт қўйилди
БМТ биносига ўт қўйилган Скарду шаҳри шимолдаги Гилгит-Балтистон ҳудудида жойлашган бўлиб, бу Покистоннинг шиалар кўпчиликни ташкил этадиган ягона провинциясидир.
«БМТ идораси олдида кўп сонли намойишчилар тўпланиб, бинони ёқиб юборишди», - деди маҳаллий ҳукумат вакили Шаббир Мир Reuters агентлигига. 11 киши ҳалок бўлгани ҳақидаги маълумотни ҳукумат ва разведка расмийлари анонимлик шарти билан тақдим этди.
Бу шаҳарда БМТнинг Ҳиндистон ва Покистондаги ҳарбий кузатувчилар гуруҳи (UNMOGIP) ҳудудий бўлими жойлашган.
Исломободда 2 киши қурбон бўлди
Пойтахт Исломободдаги дипломатик миссиялар жойлашган «Қизил зона»га олиб борувчи барча йўллар ҳам транспорт ҳаракати учун ёпилди. Минглаб намойишчилар дипломатик ҳудудга қараб юриш қилишга уринганда полиция кўздан ёш оқизувчи газ ва жанговар ўқлардан фойдаланди. Натижада икки киши ҳалок бўлди ва 10 га яқин киши яраланди, деди икки расмий анонимлик шарти билан.
Покистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам намойишчилар қора байроқлар кўтариб, АҚШ ва ва Исроилга қарши шиорлар билан кўчаларга чиқди. Марказий Лаҳор шаҳрида юзлаб одамлар АҚШ консуллиги олдида тўпланган. Полиция билан кичик тўқнашувларда кўздан ёш оқизувчи газ ишлатилган.
Покистон ички ишлар вазири Моҳсин Нақви намойишчиларни тинчликни сақлашга чақирди. «Биз сиз биланмиз, ҳар бир покистонлик Эрон халқи каби мотамда», дея қўшимча қилди у.
Бошқа жойларда, Эрон таъсири бўлган мамлакатларда ҳам намойишлар бўлиб ўтди. Хусусан, Бағдодда АҚШ элчихонаси жойлашган «Яшил зона» дипломатик мажмуаси ташқарисида юзлаб одамлар тўпланган.
Ироқ полицияси намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ ва шовқинли гранаталардан фойдаланди.

Нигериянинг шиа мусулмонлари озчиликни ташкил этадиган Кано шаҳрида эса минглаб одамлар Эрон байроқлари ва Хоминаийнинг суратларини кўтариб, тинч юриш қилди.
Бошқалар учун байрам
Аммо Ғарб давлатларида ва эронлик муҳожирлар кўп яшайдиган бошқа ҳудудларда кўпчилик байрам қилиш учун кўчага чиқди.
Парижда минглаб одамлар Эроннинг инқилобдан олдинги монархия байроқларини ҳилпиратди, айримлари қўлларида қизил гуллар кўтариб олганди.
Reutersʼнинг ёзишича, Париждаги оломон орасида баъзи одамлар Эрон диний бошқаруви даврида ўлдирилган яқинларининг суратларини кўтариб олишган эди. Бошқалар эса Исроил, АҚШ ва Франция байроқларини ҳилпиратишди.
Лиссабонда эронлик муҳожирлар ҳам Эрон элчихонаси олдида тўпланди: туни билан рақс тушиб, шиорлар айтиб чиқишган.