Жаҳон | 09:10 / 03.03.2026
2030
3 дақиқада ўқилади

Суд: ЮКОС собиқ акциядорлари Россиядан компенсация ундириши мумкин

ЮКОСнинг собиқ инвесторларига РФ 65 млрд доллар миқдорида компенсация тўлаши ҳақидаги қарор ўзгартирилиши мумкин эмас. Компаниянинг собиқ акциядорлари унинг ижросини Буюк Британияда таъминлашга уриниши мумкин, деб қарор қилди Лондон Олий суди.

Фото: Алексей Мякишев / Global Look Press

Ҳаагадаги арбитраж судининг Россия ЮКОС нефт компаниясининг собиқ инвесторларига 65 млрд доллардан ортиқ (тахминан 56 млрд евро) компенсация тўлашига оид қарори адолатли, деб топилди. ЮКОСнинг собиқ инвесторлари бу қарор ижросига Буюк Британия ҳудудида эришишга ҳаракат қилиши мумкин, деб қарор қилди Лондон Олий суди 2 март, душанба куни.

Гап 2014 йилда Ҳаагадаги Доимий ҳакамлик суди (Permanent Court of Arbitration) палатаси ЮКОС иши бўйича чиқарган қарор ҳақида кетмоқда. Ўшанда суд компаниянинг энг йирик акциядори Михаил Ходорковский ҳибсга олингандан кейин амалга оширилган миллийлаштириш ноқонуний бўлган, деган хулосага келган ва Россияни собиқ акциядорларга компенсация тўлашга мажбур деб топган. Дастлаб гап тахминан 50 млрд доллар ҳақида бораётган эди. Ҳозирга келиб, фоизлар ва пенялар суммани қарийб 65 млрд долларгача оширган.

ЮКОСнинг собиқ акциядорлари манфаатларини учта компания — Hulley Enterprises, Veteran Petroleum ва Yukos Universal — ҳимоя қилади. Уларнинг бенефициарлари расман очиқланмаган. Россия томони маълумотларига кўра, улар ортида Леонид Невзлин, Михаил Брудно ва Владимир Дубов турибди, бу учала шахсга жами ҳисобда ЮКОСнинг тахминан 70 фоизи тегишли бўлган. Михаил Ходорковский эса жараёнда иштирок этмаётганини ва аввал ҳам иштирок этмаганини билдирган.

Россия Ҳаагадаги суд қарори устидан бир неча бор баҳслашишга уриниб кўрган — лекин низонинг моҳияти бўйича эмас (бу учун юристлар асос топмаган), балки РФ фикрича даъвогарлар ва уларнинг вакиллари томонидан йўл қўйилган турли қоидабузарликларга таянилган.

2025 йил ўрталарида Нидерландия Олий суди Россия томонининг кассация шикоятини рад этди ва Амстердам апелляция судининг тахминан 65 млрд доллар миқдорида компенсация тўлаш ҳақидаги қарорини кучда қолдирди.

Шу билан бирга, кузатувчилар Россия суд қарорини бажариши эҳтимоли паст, деб ҳисоблайди. 2020 йилдаёқ РФ Конституциявий суди мамлакат ҳукуматига халқаро инстанциялар қарорларини бажармасликка рухсат берган эди.

Ўша 2020 йилда ЮКОСнинг собиқ акциядорлари манфаатларини судларда ҳимоя қилувчи GLM компанияси Бенилюкс мамлакатларида Россиянинг давлатга қарашли “Союзплодоимпорт” компаниясига тегишли 18 та савдо белгисини хатлов олдиришга эришган. 2024 йилда хатловга олинган савдо белгилари аукционда сотилган ва ЮКОСнинг собиқ акциядорлари тахминан 1,7 млн доллар олган.

ЮКОС компанияси Россияда 2006 йилда мажбурий банкротлик тартиб-таомилига дуч келган — Михаил Ходорковский ўғрилик ва солиқ тўламаслик бўйича жиноят ишида айбланувчига айланганидан сўнг. Компания активларининг катта қисми давлат компанияси “Роснефть”га ўтган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид