Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Минобдаги қирғин — урушнинг қонли рамзи
Американинг Эронга қарши уруши давом этмоқда. Кеча Минобда катта жаноза бўлди. Америка ва Исроил шаҳардаги қизлар мактабига қилган ҳужуми оқибатида Эрон нашрларига кўра, камида 180 киши ҳалок бўлган, юзлаб одамлар яраланган. Қурбонларнинг аксари мактаб ёшидаги қизчалар. Минобдаги воқеа Трамп ва Нетаняҳу бошлаган даҳшатли урушнинг қонли рамзига айланди.
Миноб Форс кўрфази соҳилида жойлашган, шаҳардан шу номли дарё оқиб ўтади. Бу шаҳар қишлоқ хўжалиги ривожлангани, ажойиб хурмоси, денгиз маҳсулотларига бойлиги билан ажралиб туради. Эроннинг энг табиати чиройли жойларидан бири. Урушгача шаҳарга айнан юқоридагидек таъриф беришарди. Лекин энди Миноб деганда ҳамманинг кўз ўнгига урушда ўлган юзлаб мактаб ўқувчилари келади.
Олдин Минобда нима бор, дейишса, денгиз маҳсулотлари бозори, ажойиб табиат бор дейишарди. Энди Минобда нима бор, десангиз, мактаб қизчаларининг оммавий қабри бор дейишади. Кеча шаҳар аҳолиси қизчалар учун оммавий қабр қазиб, уларга жаноза ўқиди. Мактаб боғида ўйнаб юриши керак бўлган қизчалар совуқ қабрга қўйилди.
Уларнинг ўлимида ким айбдорлиги, кимнинг ракетаси қаердан туриб отилгани, қандай мувозанат учун мактаб портлатилгани, мактаб ёнида қандай ҳарбий объект борлиги умуман аҳамиятга эга эмас. Агар ўша мактаб ичида атом бомбаси тайёрланадиган завод бўлганда ҳам, унга ракета учиришга, ёш болаларни ўлдиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ эди.
Мактаб ёнида Ислом муҳофизлари корпуси объекти бўлгани, мактабга эронликларнинг ўз бомбаси тушгани ҳақида гапиришмоқда, лекин бу золимларни оқлашдан бошқа нарса эмас. Уруш бошланмаса, ўша мактабга бомба тушмасди, қизчалар оппоқ кафанга ўралмасди. Аввали бу иддаолар рост бўлганида, Трамп ва Нетаняҳу аллақачон матбуот анжумани ўтказиб, исботларини кўрсатиб чиққан бўларди. Улар ҳам билиб турибди мактаб болалари кимнинг ракетасидан ўлганини.
Дунё сиёсати, мувозанат деган гапларни бир чеккага йиғиштириб, ўша қизчаларнинг ота-онаси қай аҳволга тушганини шунчаки тасаввур қилинг. Одам ўз боласини мактабга соғ-омон юборса-ю, кечга бориб унинг жасадини вайроналар остидан олиб чиқса. Дунёда бунга арзийдиган ҳеч қандай даъво йўқ.
Афсуски, дунёдаги вазиятга таъсир қиладиган сиёсатчиларнинг дийдаси қотиб кетган. Улар кабинетда ўтириб олиб фалон йил кейинги дунё тақдири ҳақида музокара ўтказишни яхши кўради. Давлат, куч, таъсир доираси деган нарсалар уларнинг нуқсонли бошларини ўраб олган. Дунё ўзгариши керак. Сиёсатчилар ўзгариши керак.
Афсуски дунёнинг боши урушдан чиқмай қолди. Лекин болалар ўлими ҳеч қачон оддий ҳол бўлмаслиги керак. Болаларни ўлдирганлар жазоланиши, гуноҳлардан қора бўлган юзлари бу болалар қотили, деб бутун дунёга кўрсатилиши керак. Дунё сиёсати қурбони бўлган мактаб қизчаларининг жойи жаннатда бўлсин. Уларни ўлдирганлар албатта жазоланишига ишонгим келади.