Жаҳон | 13:10
3004
4 дақиқада ўқилади

Трамп: эронликлар музокара хоҳлаяпти, аммо энди жуда кеч

Доналд Трамп Эрон билан музокара олиб бориш учун энди “жуда кеч” эканини айтди: унинг сўзларига кўра, мамлакатда энди ҳаводан мудофаа (ҲҲМ), ҳарбий-ҳаво кучлар, ҳарбий-денгиз флот ва раҳбарият йўқ. АҚШ Яқин Шарқдан ўз дипломатларини эвакуация қилмоқда.

Фото: Julia Demaree Nikhinson/AP

АҚШ президенти Доналд Трамп сешанба куни, 3 мартда, Эронда ҳокимиятда бўлган режим билан энди музокара қилиш имкониятини кўрмаётганини билдириб ўтди. “Уларда энди ҳаводан мудофаа ҳам, ҳарбий-ҳаво кучлари ҳам, ҳарбий-денгиз флоти ҳам, раҳбарият ҳам йўқ. Улар музокара истаяпти. Мен шундай дедим: ‘Жуда кеч!” — деб ёзди Оқ уй раҳбари Truth Social ижтимоий тармоғида.

1 март куни Трамп, мамлакатнинг олий раҳбари Али Хоминаий ҳалок бўлганидан кейин Эроннинг янги раҳбарияти унга музокара таклиф қилганини ва у рози бўлганини айтган эди. “Улар буни олдинроқ қилиши керак эди. Улар жуда узоқ кутди”, — деди АҚШ президенти The Atlantic нашрига берган интервюсида.

Бироқ 2 март куни Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Али Ларижоний X ижтимоий тармоғида: “Биз Қўшма Штатлар билан музокара олиб бормаймиз”, — деб ёзди. Бир кун олдин The Wall Street Journal газетаси айнан Ларижоний музокара ташаббуси билан чиққанини ва бу таклифни воситачилар орқали Вашингтонга етказганини хабар қилган эди.

АҚШ Давлат департаменти 3 март куни Баҳрайн, Иордания, Ироқ, Қатар, Кувайт ва Бирлашган Араб Амирликларидаги дипломатик ваколатхоналаридан фавқулодда ҳолатларга жалб этилмаган барча ходимларни, шунингдек, уларнинг оила аъзоларини эвакуация қилишини билдирди.

Ироқ бўйича Давлат департаменти бунга “хавфсизлик мулоҳазалари”ни сабаб қилди. Қолган бешта Яқин Шарқ мамлакатида эса “Эрон томонидан дрон ва ракета зарбалари бўйича доимий таҳдид” мавжуд, деб тушунтирди Вашингтон.

AFP агентлигининг қайд этишича, 2 ва 3 март кунлари дронлар АҚШнинг Саудия Арабистони ва Кувайтдаги элчихоналарига ҳужум қилди. Шундан сўнг Кувайтдаги бу охирги дипломатик ваколатхона “кейинги хабарномагача” ёпилган.

Исроил ва Қўшма Штатлар 28 феврал куни эрталаб Эрон ҳудудига зарбалар беришни бошлади. Трамп Ислом Республикасининг ядровий дастурини йўқ қилиш нияти борлигини айтди. У Эрон армиясини қуролни ташлашга, мамлакат аҳолисини эса “тақдирини ўз қўлига олишга” чақирди.

Эрон давлат ОАВ 3 март куни Эрон Қизил Ярим ой жамияти маълумотларига таяниб, зарбалар оқибатида мамлакатда камида 787 киши ҳалок бўлганини хабар қилди. Хоминаий ва бир неча юқори лавозимли куч тузилмалари вакиллари ҳалок бўлгани тасдиқланган. Эрон жавобан Исроилга ва Форс кўрфазидаги бир неча давлатга зарбалар берган — у ерларда ҳам ҳалок бўлганлар бор. Теҳрон араб давлатлари билан уришмаяпмиз, деб таъкидламоқда ва минтақадаги АҚШ ҳарбий базаларига зарба бераётганини айтади.

Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши уруши, жумладан, нефт ва газ нархларининг ошишига олиб келди, шунингдек, Яқин Шарқда авиақатновнинг издан чиқишига сабаб бўлди — у ерда ўн минглаб сайёҳлар қолиб кетган. Уруш қамраб олган минтақадан Германия фуқароларини олиб чиқиш 3 март куни бошланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид