Жаҳон | 22:14 / 05.03.2026
16042
7 дақиқада ўқилади

Эрон Ҳўрмуз бўғозида «танкерлар уруши»ни бошлади

Эрон жаҳон нефть бозори учун муҳим бўлган ушбу сув йўлини ёпиб, нефть ташувчи танкерларга қарши уруш бошлади. У жаҳон бозорларида ваҳима келтириб чиқаришга ва АҚШни чекинишга мажбур қилишга ҳаракат этмоқда – гарчи бу денгиз йўлини тўсиб қўйиш унинг ўзи учун мутлақо фойдали бўлмаса ҳам.



«Танкерлар уруши» - 1980-йиллардаги Эрон-Ироқ можаросининг фронтларидан бири шундай номланган эди. Томонлар Форс кўрфазидаги юк кемаларига (асосан, нефть ортилган танкерларга) ҳужум қилиб, душман ва унинг ҳамкорлари савдосига зарар етказишга ҳаракат қилди. Шу вақтда 500 дан ортиқ кема шикастланганди, 400 нафардан ортиқ денгизчи ҳалок бўлди. «Танкерлар уруши» жаҳон нефть таъминотига таҳдид солди ва НАТО давлатларини Форс кўрфазида савдо кемаларини кузатиб бориш учун ҳарбий конвойларни ташкил этишга мажбур қилди.

28 февраль куни АҚШ ва Исроил Эронга зарба берганидан сўнг, у бунга жавобан ўз қирғоқлари яқинидаги савдо кемаларига ҳужум қила бошлагач, кўпчилик яна «танкерлар уруши» таҳдиди ҳақида гапира бошлади. Афтидан, у аллақачон бошланди ва қанча давом этиши номаълум. Эрон-Ироқ «танкерлар уруши»нинг фаол босқичи тўрт йил давом этган эди. Financial Times газетаси шунга ўхшаш янги можаро таҳдидини таҳлил қилди.

Фото: ABC News

АҚШ ва Эрон ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашуви фонида, агар можаро юзага келса, Эрон Форс кўрфазини Уммон кўрфази ва ундан кейин очиқ океан билан боғлайдиган Ҳўрмуз бўғозини тўсиб қўяди, деган хавотирлар тез-тез янграган эди. Бу Яқин Шарқдан хомашё таъминоти йўлининг энг муҳим қисмидир: у орқали жаҳон хом нефть савдосининг қарийб 35 фоизи ва суюлтирилган табиий газнинг қарийб 20 фоизи ташилади.

28 февраль куни АҚШ ва Исроил Эронга зарба беришни бошлаганида, Эрон ҳукумати Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) Ҳўрмуз бўғозидан ўтаётган кемаларга ҳужум қилишидан огоҳлантирди. Кейинги кунларда камида саккизта танкерга ҳужум қилинди, камида икки киши ҳалок бўлди. Бу эса бўғоз орқали кема қатновининг деярли бутунлай тўхташига, жаҳон бозорида нефть ва газ нархининг ошишига олиб келди. АҚШ 1980-йиллардаги каби яна ҳарбий конвойларни бўғозга қайтаришга мажбур бўлди.

Аммо ҳарбий экспертлар Financial Times’га савдо кемаларини кузатиб бориш учун зарур бўлган эсминецлар ва қирувчи самолётлар етишмаслигини айтди, чунки улар Эронга ҳужумларда иштирок этмоқда. Денгиз хавфсизлиги ва ҳарбий-денгиз стратегияси бўйича америкалик таҳлилчи Жошуа Таллиснинг фикрича, АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари «кейинги етти-ўн кун ичида» савдо кемаларини ҳимоя қила олиши даргумон. Чунки олдин Эроннинг кемага қарши мудофаа воситалари йўқ қилиниши керак.

Танкерларни кузатиб бориш операцияси «мураккаб, аммо имконсиз эмас», деб ҳисоблайди АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари авиаташувчи зарба гуруҳи собиқ қўмондони Марк Монтгомери. Буни ташкил этиш вақт талаб қилади («шарт-шароитлар қулай бўлгунча икки ҳафтагача») ва АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг Эронга зарба беришдаги иштирокини қисқартиради, деб ҳисоблайди Монтгомери. Ҳозир АҚШ армияси Эрон флотига фаол ҳужум қилмоқда. АҚШ Қуролли кучлари марказий қўмондонлиги маълумотларига кўра, 28 февралдан бери камида 17 та кема чўктирилган.

Яқин Шарқдаги АҚШ ҳарбий-денгиз операциялари учун масъул бўлган бешинчи флотнинг собиқ қўмондони Жон Миллернинг таъкидлашича, АҚШ минтақада ҳарбий конвойларни ташкил этиш учун кемалари етарли. Бироқ бу кемалар Эроннинг кемаларга қарши ракеталари, сув ости кемалари, тезюрар катерлари, миналари ва дронлари билан курашишига тўғри келади. Айниқса, сув усти дронлари хавфли бўлиши мумкин. Улар кема корпусига сув юзасида зарба беради, бу эса машина бўлимининг сув босишига олиб келади, деди EOS Risk гуруҳининг денгиз таҳлили бўйича мутахассиси Мартин Келли.

Марказий разведка бошқармасининг собиқ таҳлилчиси Жим Лемпсоннинг ҳисоб-китобларига кўра, Эронда минглаб кемага қарши ракеталар ва улар учун юзлаб учириш мосламалари мавжуд. Шунингдек, Теҳронда Россиянинг кичик сувости кемалари флоти ва Шимолий Кореянинг номаълум миқдордаги кичик сувости кемалари мавжуд. Бундан ташқари, у дунёдаги энг катта сувости миналари захираларига эга. Ҳозирги можарода улар ҳали қўлланилмаган, аммо Ҳўрмуз бўғозидаги миналар ҳақида ҳар қандай ишончли хабар пайдо бўлса, у ердан ўтадиган кемаларининг денгиз суғуртаси ва фрахт ставкалари янада ошиши мумкин. 28 февралдан кейин улар аллақачон 4-12 бараварга ошди.

Бир томондан, жаҳон денгиз транспорти ва энергия бозорларидаги ваҳималар иқтисодий ва дипломатик омиллар босими остида АҚШ ва Исроилни урушни тўхтатишга мажбурламоқчи бўлган Эронга қўл келмоқда: Теҳроннинг фикрига кўра, энергия транзити учун асосан, баъзан эса фақатгина Ҳўрмуз бўғозига таянадиган Форс кўрфази мамлакатлари Вашингтонни жанговар ҳаракатларни тўхтатишга мажбур қилиши керак.

Бошқа томондан, Ҳўрмуз бўғози қанча узоқ вақт ёпиқ бўлса, Эроннинг ўзи ҳам шунчалик кўп зарар кўради: у деярли барча нефтини Хитойга сотади ва деярли барча нефть айнан шу бўғоз орқали ташилади. Эронликлар: «Агар биз нефтимизни сота олмасак, унда ҳеч ким сота олмайди», демоқда. Лекин тескариси ҳам тўғри - агар ҳеч ким нефть сота олмаса, Эрон ҳам сота олмайди. «Улар иқтисодий фойданинг бундай йўқотилишига чексиз бардош бера олмайди», деб таъкидлади Жон Миллер.

Шундай қилиб, Ҳўрмуз бўғозини тўсиб қўйиш бу урушда Эрон учун ҳам, унинг рақиблари учун ҳам фойдали эмас. Бироқ, парадоксал равишда, бу бўғознинг очилишини тезлаштириши даргумон. Можаро қанчалик узоқ давом этса, АҚШ ва Эрон уни «ўз фойдасига ҳал қилиш учун кучлироқ энергия дастакларини қўллаши» эҳтимоли шунчалик юқори бўлади, деди Financial Times газетасига Вашингтондаги Стратегик ва халқаро тадқиқотлар марказининг энергетика хавфсизлиги бўйича таҳлилчиси Клейтон Сигл.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид