Жаҳон | 15:21
3077
3 дақиқада ўқилади

Ироқдаги Эрон курд мухолифати штабига дрон зарба берди

Reuters агентлиги манбаларга таяниб 4 март, чоршанба куни хабар беришича, учувчисиз аппарат (дрон) Ироқ Курдистонидаги Декала шаҳрида жойлашган эронлик курд исёнчиларининг қароргоҳига зарба берган, икки киши яраланган. Журналистлар қайд этишича, ҳужум вақтида ташкилот ҳудудидаги қурол-аслаҳа омбори ҳам зарар кўрган.

Фото: Matthew Goddard/ BBC

Шу билан бирга AFP агентлиги исёнчиларнинг ўзига таяниб, Ироқ шимолида муҳожирликда фаолият юритаётган эрон-курд “Курдистон Озодлик партияси” позицияларига ракета учирилиши оқибатида бир киши ҳалок бўлганини ёзади. AFP таъкидлашича, ушбу ҳудудда эронлик курд исёнчи гуруҳларнинг бир нечтасининг лагерлари ва базалари жойлашган.

Эрон Ироқ шимолида кенг мухториятга эга Курдистон раҳбариятини Ислом Республикасига ҳужумларга алоқадор исёнчиларга паноҳ бериб келаётганликда анчадан бери айблаб келади. Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) илгари ҳам уларнинг базаларига бир неча бор зарба берган.

Янги ҳужум АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши фонида рўй берди. Reuters маълумотига кўра, сўнгги кунларда эронлик курд отрядлари АҚШ билан мамлакатнинг ғарбий қисмидаги Эрон куч тузилмаларига эҳтимолий ҳужум масаласида маслаҳатлашган.

Агентлик манбаларига кўра, Эрон–Ироқ чегарасида жойлашган эронлик курд коалицияси АҚШ ва Исроил Эрондаги нишонларга зарба бераётган пайтда мамлакат армиясини заифлаштириш умидида шундай операцияга тайёргарлик кўрмоқда. Reuters манбалари даъво қилишича, ҳужум орқали Эрон олий раҳбари Али Хоминаий ўлдирилганидан сўнг режимга қарши чиққан эронликлар исёни учун шароит яратиш режалаштирилган.

Уларнинг айтишича, исёнчилар АҚШдан ҳарбий кўмакни, жумладан қурол етказиб беришни ҳам сўраган. Бироқ операцияни ўтказиш бўйича якуний қарор ва эҳтимолий муддатлар ҳали қабул қилинмаганини агентлик қайд этади.

Исроил ва АҚШ 28 феврал куни эрталаб Эрон ҳудудига зарба беришни бошлади. АҚШ президенти Доналд Трамп Ислом Республикасининг ядровий дастурини йўқ қилиш нияти борлигини билдирди. У Эрон армиясини қурол ташлашга, мамлакат аҳолисини эса “тақдирини ўз қўлига олишга” чақирди.

Эрон давлат ОАВ 4 март куни хабар беришича, зарбалар натижасида мамлакатда камида 1045 киши ҳалок бўлган. Эрон жавобан Исроилга ва Форс кўрфазининг бир нечта давлатларига зарба берди, у ерларда ҳам ҳалок бўлганлар бор. Теҳрон араб давлатлари билан уришмаётганини, балки минтақадаги АҚШ ҳарбий базаларига зарба бераётганини таъкидламоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид