Жаҳон | 17:04
15703
7 дақиқада ўқилади

Хоминаийнинг ўғли унинг ўрнини эгаллаши мумкин. У ҳақида нималар маълум?

Мужтабо Хоминаийга яқин бўлган сиёсатчилардан бири уни илғор фикрли одам деб атаган. Таҳлилчилар фикрича эса унинг танланиши консерватив сиёсат давом эттирилишини англатади.

Фото: Morteza Nikoubazl/NurPhoto via Getty Images

Аввалига қароргоҳи Лондонда жойлашган Iran International сунъий йўлдош телеканали, кейин эса New York Times газетаси манбага асосланиб, Мужтабо Хоминаий Эрон ислом республикасининг олий раҳбари лавозимига асосий номзод экани ҳақида хабар тарқатди – у урушнинг илк кунида ҳалок бўлган оятуллоҳ Али Хоминаийнинг ўғли ҳисобланади. Уни олдин ҳам бир неча бор отасининг ўрнини эгаллаш учун асосий номзд сифатида кўрсатишганди.

New York Times маълумотига кўра, Эроннинг янги олий раҳбарини сайлаш учун масъул бўлган Экспертлар кенгаши бу қарор ҳақида чоршанба куни тонгдаёқ эълон қилишга тайёр эди, аммо бу хабар кичик Хоминаийни АҚШ ва Исроил зарбаларининг янги нишонига айлантириши мумкинлиги борасидаги хавотирлар туфайли уни янги раҳбар сифатида эълон қилиш кейинроққа қолдирилган.

Мужтаба Хоминаий 2000-йиллардаёқ отасининг эҳтимолий вориси сифатида кўриларди. Ўшанда ОАВ уни олий раҳбарга энг яқин кишилардан бири деб атаган.

Мужтабо Хоминаий ким ўзи?

Мужтабо Хоминаий – оятуллоҳ Али Хоминаийнинг иккинчи ўғли бўлиб, 1969 йилда Машҳадда туғилган. 1979 йилги инқилобдан кейин бутун оила Теҳронга кўчиб ўтган, Али Хоминаий ўшанда мудофаа вазири ўринбосари лавозимини олганди.

1987 йилда Мужтабо Хоминаий мактабни тамомлайди. Шундан кейин армияда хизмат қилади, хизматнинг охирги икки йили Ироқ билан урушга тўғри келади. Айнан ўша даврда Мужтаба Хоминаий Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси билан яқинлашгани айтилади.

1989 йилда – ислом инқилоби етакчиси оятуллоҳ Руҳуллоҳ Ҳумайнийнинг вафотидан кейин Али Хоминаий Эроннинг янги диний раҳнамоси этиб сайланади. Мужтабо бу орада диний таълим олади ва таълимни давом эттириш учун 1999 йилда шиалар учун мусулмон илоҳиётининг асосий марказларидан бўлган Қум шаҳрига боради.

Қумда Мужтабога консерватив ва ултраконсерватив диний арбоблар дарс беради. Кейинчалик унинг ўзи ҳам мадрасада дарс бера бошлайди, аммо барибир оятуллоҳ диний мақомига эриша олмайди.

Мужтабо 2000-йилларда Ғулом-Али Ҳаддод Одилнинг қизига уйланади – 2004 йилдан 2008 йилга қадар Эрон парламенти спикери бўлган. WikiLeaks маълумотларига кўра, 2007 йилда оилада биринчи фарзанд – ўғил туғилган.

Мужтабонинг рафиқаси ва ўғли ҳам урушнинг илк кунида – 28 феврал куни ҳалок бўлишди – улар ҳам зарба вақтида Али Хоминаийнинг ёнида бўлишган. Reuters агентлиги манбаларга таяниб ёзишича, Мужтабонинг ўзи эса шу куни Теҳронда эмасди.

Мужтабо Хоминаий ҳеч қачон ҳукуматда расмий лавозимларни эгалламаган, аммо 2005 ва 2009 йилги президентлик сайловлари чоғида унинг номи сиёсий янгиликларда мунтазам равишда тилга олинган.

Намойишлар бостирилиши

Икки сайловда ҳам президентлик лавозими консерватор сиёсатчи Маҳмуд Аҳмадинажодга насиб этади – у Мужтабо Хоминаийнинг яқин иттифоқчиси эди ва кўпчилик Аҳмадинажоднинг ғалабасида ҳал қилувчи ролни айнан олий раҳнамонинг ўғли бажарган деб ҳисоблайди.

2009 йилги сайловлардан кейин бошланган кенг кўламли намойишлар шафқатсизларча бостирилиши ҳам кичик Хоминаий билан боғланади. Guardian нашри ёзишича, айнан у Ислом инқилоби муҳофизлари корпусига алоқадор бўлган ва намойишларни бостиришда асосий ишни бажарган Басиж ҳарбийлашган тузилмасига амалда айнан у раҳбарлик қилган.

Ўшанда намойишлар чоғида ўнлаб кишилар ҳалок бўлган: Эрон ҳукумати сайловлар натижалари эълон қилинганидан кейинги дастлабки олти ҳафта ичида 30 нафар намойишчи ҳалок бўлганини тан олган, аммо журналистлар ва ҳуқуқ фаоллари қурбонлар сони анча кўпроқ бўлганини айтишган.

Молиявий империя ва санкциялар

2019 йилда Мужтабо Хоминаийга АҚШ томонидан санкциялар қўлланган.

Шунга қарамай, у улкан молиявий империя қуришга муваффақ бўлган: бу Форс кўрфазидаги кемачиликдан тортиб, Буюк Британиядаги ҳашаматли кўчмас мулкларни ҳам ўз ичига олади.

Бу активлар расман Хоминаийга эмас, балки эронлик тадбиркор Али Ансорийга тегишли ҳисобланади. Ансорийнинг ўзи Хоминаий билан алоқаларини рад этган.

«Мужтабо – Эрондаги ва хориждаги турли ташкилотларда катта улушга ёки де-факто назоратга эга», – деганди 2025 йил январида Bloomberg билан суҳбатда Вашингтон Яқин Шарқ сиёсати институти катта илмий ходими Фарзин Надими.

Консерватор ёки реформатор?

Мужтабо Хоминаийга яқин ҳисобланган сиёсатчи Абдулризо Давари бир неча марта агар оятуллоҳнинг ўғли диний раҳбарлик лавозимига ворис этиб сайланадиган бўлса, у Саудия валиаҳди Муҳаммад ибн Салмон каби фигурага айланиши мумкинлигини айтган.

«У жуда илғор фикрлайдиган шахс бўлиб, қатъий линия тарафдорларини бир четга суриб қўяди», – деганди Давари урушдан бироз олдинроқ NYT билан суҳбатда.

Таҳлилчилар эса, аксинча, Хоминаийнинг танланиши консерватив сиёсат давом эттирилишини англатади, деб ҳисоблайди.

«Узоқ вақтдан буён у ворис бўлиши тахмин қилинаётганди, аммо сўнгги икки йилда у кўздан ғойиб бўлди. Агар уни сайлашса, бу энди барча нарсани Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг энг қатъий қаноти бошқаришини англатади», – деган NYT учун изоҳида Жонс Ҳопкинс университети вакили Вали Наср.

«Мужтабо – ҳозир энг оқилона танлов, чунки у хавфсизлик кучлари ва ҳарбийлар ишини бошқариш ва мувофиқлаштириш билан яхши таниш», – деган NYT’га Теҳрондаги таҳлилчи Меҳди Раҳмати.

Ворисийлик масаласи

Кичик Хоминаийга қарши аргументлардан бири – ҳокимиятни мерос қилиб қолдириш прецеденти юзага келишидир. Эрон раҳбарияти учун 1979 йилги инқилобдан кейин ислом республикаси қатъиян воз кечган шоҳлар бошқаруви билан кераксиз ассоциацияни юзага келтиради.

Ислом инқилоби етакчиси Руҳуллоҳ Ҳумайнийнинг ўғли Аҳмад эҳтимолий номзодлар қаторида кўрилганди, аммо якунда олий раҳнамо лавозимини Али Хоминаий эгаллайди.

Аҳмад Ҳумайний 1995 йилда юрак хуружидан вафот этган. Айримлар унинг ўлимини шубҳали деб атаган, хусусан, у ўлдирилгани тахмин қилинган.

Аҳмаднинг ўғли Ҳасан Ҳумайний ҳам Али Хоминаийнинг ўлимидан кейин олий раҳбар лавозими учун эҳтимолий номзодлар қаторида саналаётганди. У Мужтабо Хоминаийга қараганда мўътадилроқ экани айтилади.

Али Хоминаий ҳаётлигида, 2024 йилда, Экспертлар кенгаши эҳтимолий ворисни муҳокама қилиш учун йиғилганида, олий раҳбарнинг ўзи ўғлининг номзоди кўриб чиқилмаётганини айтганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид