Жаҳон | 15:19 / 06.03.2026
2932
2 дақиқада ўқилади

Буюк Британия Паралимпиада очилишини бойкот қилади

Россиялик ва беларуслик спортчилар Италиядаги Паралимпиадага ўз миллий байроқлари остида қатнашишига рухсат берилгани сабабли, Буюк Британия Украина ва бошқа давлатлар қаторида ўйинларнинг очилиш маросимини бойкот қилади.

Фото: Getty images

Буюк Британия расмийлари ва терма жамоаси Россия ва Беларус спортчилари мусобақада миллий байроқлари остида қатнашишига қарши норозилик сифатида Италияда бўлиб ўтадиган Паралимпия ўйинларининг очилиш ва ёпилиш маросимларида иштирок этишдан бош тортди. «Биз Россия ва Беларус Украинага қарши босқин тўлиқ кўламда давом этаётган бир пайтда халқаро спортда вакиллик қилмаслиги кераклигини аниқ билдирдик», — деди 5 март, пайшанба куни, Италиянинг Верона шаҳридаги очилиш маросимидан 24 соат олдин Буюк Британия бош вазири Кир Стармернинг ҳукумати аппарати вакили.

Бундан олдин худди шу сабаб билан Паралимпиада очилишини бойкот қилиш режаси ҳақида Украина, Германия, Полша, Чехия, Нидерландия, Канада, Финландия, Эстония ва Латвия терма жамоалари ҳам маълум қилган эди. Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибиха ҳам Россия ва Беларус спортчилари сабаб Паралимпия ўйинлари очилишини бойкот қилишга чақирган.

Италиядаги Паралимпия ўйинларида олти нафар россиялик ва тўрт нафар беларуслик спортчи иштирок этади. 2025 йил сентябрида Халқаро паралимпия қўмитаси (IPC) Украина уруши бошланганидан кейин тўхтатиб қўйилган Россия ва Беларус паралимпия қўмиталари аъзолигини тиклади.

Расман шу туфайли россияликлар ва беларуслар Италиядаги Олимпиадада ҳам миллий байроқлар остида қатнашиш имкониятига эга бўлган эди. Аммо якуний рухсат тегишли спорт турлари бўйича халқаро федерацияларга боғлиқ эди.

Декабр ойида Спорт арбитраж суди (CAS) Халқаро чанғи спорти ва сноуборд федерацияси (FIS)нинг россиялик ва беларуслик спортчиларни халқаро мусобақаларга қўймаслик ҳақидаги қарорига қарши берилган апелляцияларни қисман қаноатлантирди. Натижада спортчи-паралимпиячилар нейтрал мақомсиз ва миллий рамзлар билан FIS мусобақаларида қатнашиш ҳуқуқини олди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид