Таълим | 10:22
23706
2 дақиқада ўқилади

Навоийда бир мактабнинг 23 ўқувчиси муддатидан олдин талаба бўлди

Навоий шаҳридаги 11-мактабнинг 23 ўқувчиси 4-5 тадан миллий сертификатга эга чиқиб, олийгоҳга кириш учун муддатидан аввал юқори балл тўплади. Уларнинг 2 нафари 10-синф ўқувчиси.

Навоий шаҳридаги 11-аниқ фанлар чуқур ўқитиладиган ихтисослашган мактаб ўқувчилари муддатидан олдин талаба бўлишда юқори натижа қайд этди. Бу ҳақда Навоий вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, ушбу мактабнинг 23 нафар ўқувчиси мактаб партасидаёқ талабаликни нақд қилган. Уларнинг 2 нафари 10-, қолгани 11-синф ўқувчилари.

155 нафар битирувчимиз бор. Ҳозирча 23 ўқувчимиз муддатидан аввал талаба бўлди. Ўқув йили якунига қадар улар сафини 40 нафарга етказишни мақсад қилганмиз. Ушбу ўқувчиларимиз 4-5 тадан миллий сертификатларни қўлга киритишди”, дейди мактаб директори Гулнора Жуманиёзова Kun.uz журналисти билан суҳбатда.

Мактаб тақдим қилган маълумотга кўра, талабаликни нақд қилган 23 ўқувчининг 20 нафари максимал баллни (189 балл), биттаси 188, иккитаси эса 186 балл тўплаган. Бу бир мактаб ўқувчиларининг муддатидан аввал талаба бўлиш кўрсаткичи бўйича Навоий вилоятида кузатилган энг юқори натижалардан бири ҳисобланади.

Маълумот учун, миллий сертификат – умумтаълим фанлари бўйича талабгорнинг билимини аниқлаб бериш учун мўлжалланган синов ҳисобланади. Унда турли фанлардан сертификат имтиҳонлари ўтказилади. Тест синови натижаси бўйича энг юқори баллнинг камида 60 фоизини тўплаган шахсларга 3 йил муддатга амал қилувчи сертификат тақдим этилади.

Тегишли тартибга кўра, умумтаълим фанларидан А+, А даражали миллий сертификатга эга бўлган абитуриентга бу фандан максимал балл, B+, B, C+, C даражали миллий сертификатларга эга бўлган абитуриентга эса тегишли мажбурий фанлар бўйича белгиланган энг юқори балл берилади.

Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид