Жаҳон | 20:26 / 07.03.2026
5905
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Эронни нефт даромадларидан маҳрум қилмоқчи

АҚШ Яқин Шарқдаги можаро кескинлашиши фонида Эрон нефт секторига босимни кучайтирмоқда.

Фото: Vahid Salemi / AP

Вашингтондагилар Эрон нефтини «Теҳрон қўлидан тортиб олиш» ниятида эканлигини айтди, бу эса мамлакатни уни сотишдан келадиган даромаддан маҳрум қилади.

Бу ҳақда Американинг энергетика устунлиги бўйича миллий кенгаши директори Жаррод Эйген Fox News эфирида гапирди.

Журналистлар ундан Яқин Шарқдаги можаронинг нефт нархига таъсирини баҳолашни сўради.

«Охир-оқибат Ҳўрмуз бўғозидаги муаммолардан хавотир олмасак ҳам бўлади, чунки биз [Эрон раҳбарияти] қўлидан барча нефтни тортиб оламиз», деди Эйген.

Шу ҳафта Эрон дунёдаги асосий нефт таъминоти йўналишларидан бири бўлган Ҳўрмуз бўғози амалда ёпилганини эълон қилди. Тақиқ барча кемаларга, жумладан, тижорат кемалари ва нефт танкерларига таъсир қилди. Стратегик йўлакда трафик деярли тўхтаган, кемаларнинг бир қисми ракета зарбаларига учрамоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, нефт оқимларини назорат қилиш учун кураш минтақадаги геосиёсий қарама-қаршиликнинг асосий элементларидан бирига айланди. Форс кўрфазидан нефт экспортидаги ҳар қандай узилиш жаҳон энергетика бозорлари ва ёқилғи нархларига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид