Ўзбекистон | 10:21
2025
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда яқин уч кун ҳаво сифати ёмонлашиши мумкин

Бугундан бошлаб мамлакат ҳудудига совуқ антициклон кириб келиши муносабати билан атмосфера ҳавоси сифати ёмонлашиши кутилмоқда.

Фото: Kun.uz

Мутахассислар маълумотига кўра, ҳаво айланишининг сустлиги ва ҳарорат инверсияси шаклланиши эҳтимоли туфайли ифлослантирувчи моддалар атмосферанинг ерга яқин қатламида тўпланиб бориши мумкин.

Айни пайтда ҳудудда ҳарорат инверсияси шаклланишига олиб келувчи метеорологик шароитлар кузатилмоқда. Бу кечаси +5…+7°C ва кундузи +16…+18°C бўлган кескин ҳарорат фарқи билан боғлиқ. Тошкент шаҳри нам ва нисбатан салқин ҳаво массаси таъсирида қолмоқда.

Эрталабки соатларда туман, юқори намлик ва деярли шамолсиз об-ҳаво кузатилиб, бу ҳаво алмашинувининг жуда секин кечишига сабаб бўлмоқда. Натижада чиқиндилар шаҳар ҳудудида сақланиб қолади.

Атмосферада шаҳарга хос бўлган одатий ифлослантирувчи моддалар тўпланиши мумкин. Уларнинг асосий манбалари автотранспорт, иситиш тизимлари, ёқилғини ёқиш ҳамда саноат чиқиндиларидир. Бундай шароитда ифлослантирувчи моддаларнинг тарқалиши суст кечади ва ҳавода чанг ҳамда майда дисперсли заррачалар концентрациясининг ортиши кузатилиши мумкин.

Мутахассислар фикрича, бундай вазият яқин уч кун давомида сақланиб туриши мумкин. 10 мартга бориб совуқ антициклон мамлакат ҳудудини тўлиқ қамраб олади. Ҳаво ҳарорати барқарорлашиши, шамол тезлигининг ошиши ҳамда ёғингарчилик кузатилиши натижасида атмосфера ҳавосидаги ифлослантирувчи моддалар тарқалиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид