Ўзбекистон | 11:36 / 03.03.2026
2187
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ҳаво сифати: ёмғирдан кейин PM2,5 қайта ошиши мумкин

Ёғингарчиликлар одатда ҳаводаги чанг ва майда дисперс заррачаларни камайтириши кутилса-да, кузатувлар ёмғирдан кейин PM2,5 концентрацияси қайта ошиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Фото: Kun.uz 

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кутилаётган ёғингарчиликлар атмосфера ҳавосидаги ифлослантирувчи моддалар миқдорини камайтириши мумкинлиги таъкидланган эди. Чунки ёмғир одатда ҳаводаги чанг ва майда дисперс заррачаларни (PM2,5 ва PM10) ювиб туширишга хизмат қилади.

Бироқ Ўзгидромет кузатув станциялари маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда атмосфера ҳавосида майда дисперс заррачалар концентрациясида сезиларли пасайиш қайд этилмаяпти.

Мутахассислар таъкидлашича, туман даврида ва ёмғирдан сўнг PM2,5 концентрациясининг ошиши кенг тарқалган ҳолат ҳисобланади. Ёмғир визуал жиҳатдан ҳавони “тозаловчи” омил сифатида қабул қилинса-да, атмосферадаги физик-кимёвий жараёнлар анча мураккаб кечади.

Туман шунчаки намлик эмас, балки майда сув томчилари мажмуаси бўлиб, уларда чанг ва қоракул заррачалари тўпланиши, шунингдек иккиламчи аэрозоллар шаклланиши мумкин. Бундай шароитда:

  • шамол суст бўлади;
  • ҳаво айланиши чекланади;
  • ҳарорат инверсияси кузатилади.

Натижада ифлослантирувчи моддалар атмосферанинг ерга яқин қатламида ушланиб қолади ва PM2,5 концентрацияси ошиши мумкин.

Кучли ёғингарчилик пайтида йирик томчилар ифлослантирувчи моддаларни самаралироқ ювиб тушириши ва кўрсаткичлар вақтинча пасайиши мумкин. Бироқ ёмғирдан кейин юқори намлик шароитида заррачалар гигроскопик хусусият туфайли катталашади ва ўлчов асбоблари томонидан фаолроқ қайд этилади. Шунингдек, намлик буғланиши иккиламчи аэрозоллар ҳосил бўлишини кучайтириши мумкин.

Қайд этилишича, вазият доимий мониторинг остида. Маълумотлар аниқлаштирилгандан сўнг қўшимча ахборот тақдим этилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид