Ўзбекистон | 18:22 / 08.03.2026
3580
2 дақиқада ўқилади

Бахтиёр Саидов Эрдўған билан учрашди

Саидов шунингдек, Туркия ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан ҳамда Озарбойжон ташқи ишлар вазири Жейҳун Байрамов билан ҳам билан учрашувлар ўтказган.

Фото: ТИВ

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан учрашди. Бу ҳақда у ўз Telegram каналида маълум қилди.

Саидов Туркия президенти томонидан қабул қилинганини билдириб, учрашув давомида Шавкат Мирзиёевнинг самимий саломларини етказганини қайд этди.

“Раҳбарларимиз ўртасида ўрнатилган шаклланган биродарлик ришталари ҳар бир соҳада яқин ҳамкорлик қилиш учун энг мустаҳкам пойдевор яратмоқда”, деб ёзди у.

Бахтиёр Саидов шунингдек, Туркия ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан ҳамда Озарбойжон ташқи ишлар вазири Жейҳун Байрамов билан ҳам билан учрашувлар ўтказган. Ўзаро мулоқотлар давомида томонлар Яқин Шарқдаги вазият ва унинг минтақавий оқибатлари юзасидан фикр алмашган.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Истанбулда Туркий давлатлар ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида иштирок этди.

Йиғилишда минтақавий ва глобал хавфсизликка ортиб бораётган таҳдидлар ҳамда туркий давлатлар ўртасида бирдамлик ва мувофиқлаштиришни мустаҳкамлашнинг муҳимлиги муҳокама қилинган.

Ўзбекистон Ташкилот доирасида амалий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, барқарорлик ва ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ҳамда изчил ривожланишга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлашини билдирган.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид