Жаҳон | 08:53
9946
4 дақиқада ўқилади

Эрон Мужтабо Хоминаийни янги олий раҳбар деб эълон қилди

Эрон экспертлар кенгаши ислом республикасининг олий раҳбари лавозимига ўлдирилган Али Хоминаийнинг ўғли — Мужтабо Хоминаий сайланганини тасдиқлади.

Фото: Tasnim

Эроннинг раҳбар органи — экспертлар кенгаши ўлдирилган Али Хоминаийнинг ўғли Мужтабо Хоминаийни мамлакатнинг янги олий раҳбари деб эълон қилди. Бу ҳақда давлат органининг баёнотида айтилган бўлиб, у маҳаллий вақт билан 9 март, душанба куни ярим тундан кўп ўтмай эълон қилинган.

Экспертлар кенгаши ислом республикасининг янги олий раҳбарини тайинлаш ҳақида қарор қабул қилгани ҳақидаги маълумотлар оммавий ахборот воситаларида кенгашнинг бир неча аъзосига таяниб 8 март эрталаб пайдо бўлган эди. Бу хабар Али Хоминаий АҚШ ва Исроил томонидан ҳарбий операция чоғида ўлдирилганидан бир ҳафта ўтиб тарқалган, аммо унинг айнан ким вориси бўлиши айтилмаган эди.

Бир неча кун аввал, 3 март куни, 56 ёшли Мужтабо Хоминаий Эроннинг янги олий раҳбари этиб тайинлангани ҳақида DW'нинг мамлакат ичидаги, исмини ошкор қилишни истамаган манбалари хабар берган эди.

Исроил мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) 8 март куни ўзининг X ижтимоий тармоғидаги микроблогида Али Хоминаийнинг вориси бўлган ҳар қандай шахсни таъқиб қилиш ваъдасини яна бир бор такрорлади.

АҚШ президенти Доналд Трамп шу куни шундай деди: агар Теҳрон аввал Оқ уйнинг розилигини олмаса, Эроннинг янги олий раҳбари “узоқ раҳбарлик қилмайди”.

ABC News Трампнинг қуйидаги сўзларини келтиради: “Агар у бизнинг розилигимизни олмаса, у узоқ турмайди. Биз ҳар 10 йилда бу масалага яна қайтишга мажбур бўлмаслигимизга ишонч ҳосил қилишни истаймиз. Мен беш йилдан кейин бу масалага яна қайтиб, худди шу ишни қилишга мажбур бўлишимизни ёки, бундан ҳам ёмони, уларга (Эрон ҳокимиятига — таҳр.) ядровий қуролга эга бўлишга имкон беришимизни истамайман”.

Бундан аввал Трамп Эронда ҳокимиятга Мужтабо Хоминаий келишига қарши эканини ва мамлакатнинг янги раҳбарини танлашда шахсан иштирок этиш ниятида эканини айтган эди.

У 5 март куни Axios нашрига берган интервюсида шундай деган: “Улар вақтни беҳуда сарфлаяпти. Хоминаийнинг ўғли — арзимас кимса. Мен тайинлашда иштирок этишим керак, худди Венесуэлада Делси билан бўлганидек (Николас Мадуро ағдарилгандан кейин Венесуэланинг муваққат президенти вазифасини бажарувчи Делси Родригес — таҳр.)”.

Ислом республикасини 1989 йилдан бери бошқариб келган Али Хоминаий 28 феврал куни Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши уруши бошида ўлдирилган.

Мамлакатнинг олий раҳбари Эронда экспертлар кенгаши аъзолари томонидан тайинланади. Ислом ҳуқуқи соҳасида мутахассис деб ҳисобланадиган 88 кишидан иборат ушбу давлат органи Эрон фуқаролари томонидан ҳар саккиз йилда бир марта сайланади.

28 феврал куни АҚШ ва Исроил Эрон ҳудудига зарбалар бера бошлади.

Ислом республикаси бунга жавобан дронлар ва ракеталар билан Исроилга ҳамда Яқин Шарқда Вашингтоннинг иттифоқчилари бўлган мамлакатларга ҳужум қилди.

Теҳрон баёнотига кўра, Эрон зарбаларининг нишонлари — ушбу мамлакатлардаги Америка ҳарбий базалари бўлган.

АҚШ ва Исроилнинг ҳарбий операцияси натижасида Эроннинг олий раҳбари Али Хоминаийдан ташқари, ислом республикасининг яна бир қатор юқори лавозимли амалдорлари ҳам ўлдирилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид