Ўзбекистон | 18:48 / 09.03.2026
5838
4 дақиқада ўқилади

Ислом цивилизацияси марказининг «юраги» – Қуръон залидан фоторепортаж

Энг йирик гумбаз остидаги Қуръони карим залида Усмон мусҳафи ва тарихимизга дахлдор 114 та турли мусҳаф нусхалари бор. Ушбу маҳобатли зал 50 тоннали йирик қандил ва миллиондан ортиқ сваровски тошлари билан безатилган.

Фото: Kun.uz

Тошкентда қад ростлаган маҳобатли Ислом цивилизацияси маркази қарийб 9 йил давомида қуриб битказилди. Бугунга келиб марказдаги сўнгги жиҳозлаш ишлари якунланмоқда: Ислом цивилизацияси маркази кенг жамоатчилик учун жорий йил Рамазон ҳайити арафасида очилиши кутилмоқда.

Жорий йил бошида тақдим қилган фоторепортажимизда Ислом цивилизацияси марказининг асосий қисмлари – 4 даврни қамраб олган жуда катта музей ва ундаги экспонатлари, шунингдек, марказ ҳақида умумий маълумотлар бергандик.

Бугун Ислом цивилизацияси марказининг «юраги» – Қуръон зали билан таништириб ўтамиз. Аслида Қуръон зали – бинонинг қоқ маркази, энг баланд гумбаз остида жойлашган. Лекин марказга ташриф буюрувчилар бу залга – турли давр музейларидан сўнг, саёҳатининг охирида ташриф буюради.

Қуръон зали муҳити ташриф буюрувчиларни ўн тўрт аср давомида узлуксиз давом этган маънавий ва интеллектуал мерос ҳақида тафаккур қилишга ундайди.

Қуръони карим залида Ислом оламининг маънавий дурдонаси саналмиш, VII асрда қўлда кўчирилган Усмон мусҳафи жойлаштирилган. У катта гумбаз остида жойлашган саккизбурчак шакл билан ўралган.

Усмон мусҳафининг қисқача тарихи: Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан кейинги учинчи халифа, Усмон ибн Аффоннинг фармони билан Муқаддас Қуръони карим оятлари олти нусхада кўчирилган. Бу мусҳафлар Ислом дунёсининг йирик шаҳарларига юборилган. Тошкентда сақланаётган ушбу мусҳаф айнан Усмон розияллоҳу анҳу ўзи билан олиб юрган ва мутолаа қилган Қуръон экани айтилади.

Маълумотларга кўра, ушбу мусҳаф XIV аср охирида Амир Темур томонидан Самарқандга олиб келинган. Самарқандда беш аср сақланган китоб 1868 йилда рус босқинчилари томонидан Санкт-Петербургга олиб кетилган. Мусҳаф 1923 йилда Туркистон мусулмонлари илтимосига кўра Тошкентга қайтарилган. 1989 йилдан кейин мусҳаф Ўзбекистон мусулмонлари идораси назоратида сақланган.

Диний идорада сақланган мусҳаф

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ушбу нодир қўлёзма 2025 йил 13 ноябр куни Ислом цивилизацияси марказининг Қуръон залига олиб ўтилди.

Қуръони карим зали деворларида мусҳаф оятлари туширилган 8 та ипак гилам 4 та равоқда намойиш этилган.

65 метр баландликдаги гумбаз остида 50 тоннали йирик қандил ўрнатилган. У бир миллиондан ортиқ сваровски тошлари билан безатилган.

Марказ ходимларининг айтишича, залда 24 соат давомида тўхтовсиз ўзбекистонлик қорилар томонидан қироат қилинган Қуръон оятлари янграб туради.

Шунингдек, ушбу залга дунё фондларида сақланаётган, Ўзбекистонга дахлдор 114 Қуръон лойиҳасига киритилган қўлёзмалар кўрсатилган.

Хусусан, қўлёзма атрофида Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар, Ўзбекхон, Темурийлар ва бошқа тарихий сулолалар даврида битилган муқаддас китоб нусхалари ва уларнинг эски ўзбек ёзувидаги таржималари қўйилган.

Масалан, Катта Лангар мусҳафи ҳам жуда қадимий — саккизинчи асрда кўчирилган. У президент ташаббуси билан қайта таъмирланиб, унинг факсимил нашри амалга оширилган. Бу Қуръони каримнинг 81 саҳифаси Санкт-Петербургда, 17 таси Ўзбекистонда сақланади.

Бундан ташқари, олтин ҳарфларда кўчирилган «Ўзбекхон Қуръони» қўлёзмасининг нусхаси ҳам бор. Бу қўлёзма хотимасида биринчи марта ўзбек сўзи ишлатилган. Асл нусхаси Туркияда сақланади.

Фаррух Абсаттаров – Kun.uz мухбири

Расмлар муаллифи: Муҳаммаджон Ғаниев.

 

 

 

 

Мавзуга доир: 4 давр музейи, минглаб ноёб экспонатлар, кутубхона ва Қуръон зали – Ислом цивилизацияси марказида нималар бор?

Фаррух Абсаттаров
Муаллиф Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид