Тошкентда қад ростлаган муҳташам бино – Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 23 июлдаги қарорига асосан ташкил қилинган. Ўша йилда бошланган қурилиш ишлари қарийб 9 йилдан сўнг – 2026 йилга келиб якунланди. Сўнгги ойларда марказ нуфузли хорижий делегациялар учун очилди.

Kun.uz Ислом цивилизацияси марказида бўлиб, унинг фаолияти билан танишди. Ушбу мақоламизда марказ қурилиши ҳақида фактлар, унинг ичида сақланаётган қадимий артефактлар ва жамоатчилик учун тайёрлаб қўйилган ажойиботларни кўрсатамиз.

Кириш ва ерости қисми

Бугунга келиб Марказдаги сўнгги жизоҳлаш ишлари якунланмоқда: Ислом цивилизацияси маркази кенг жамоатчилик учун шу йил март апрель ойларида очилиши кутилмоқда.

Марказ расмийларининг айтишича, айни вақтда музейга кириш тартиби ишлаб чиқилмоқда ва ҳукуматга таклиф киритилади. Катта эҳтимол билан музейга кириш пулли бўлади. Лекин, унинг суммаси аниқ эмас. Шунингдек, келувчиларга хизмат кўрсатувчи бир неча тоифадаги гидлар хизмати, планшет ва қулоқчинлар орқали саёҳат қилиш имкони ҳам яратилади.

Маълум қилинишича, марказ биносининг минус 1-қаватида (подвал) болалар учун махсус платформа, реставрация ва электрон нусха олиш лабораторияси, музей экспонатларини сақлаш фондлари, замонавий кафетерий, музей вестибюллари мавжуд. Пастки қисмда таъмирлаш ишлари давом этаётгани учун расмларга олишнинг имкони бўлмади.

Маҳобатли бино ва 4 дарвоза

Ислом цивилизацияси маркази машҳур Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудидаги 10 гектарлик майдонда барпо этилган. Бинонинг ўзи эса 1,8 гектар майдонда жойлашган, фойдаланиш ҳудуди 42 минг кв.метрни ташкил этади. Бино узунлиги 161 метр, эни 118 метрни ташкил этиб, уч қават ва ерости қисмидан иборат. Марказидаги гумбаз баландлиги 65 метрни ташкил этади.

Фото: Президент матбуот хизмати