Жаҳон | 12:22
997
3 дақиқада ўқилади

Ливан ва Эронда ҳужумлар қурбонлари сони қарийб 1600 нафарга етди

Ливанда Исроил ҳужумлари натижасида камида 1130 киши яраланган, Эронда эса 10 000 дан ортиқ тинч аҳоли жароҳат олган, дея ушбу мамлакатлар соғлиқни сақлаш вазирликлари таъкидламоқда. Теҳронда тарихий ёдгорликларга ҳам шикаст етган.

Фото: Bilal Jawich/Xinhua/IMAGO

АҚШ ва Исроилнинг Ливандаги уруши саккиз кун давом этар экан, Исроил ҳужумлари натижасида камида 394 киши ҳалок бўлган, улар орасида 83 нафар бола ҳам бор. Бу ҳақда 8 март, якшанба куни Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди. Унинг маълумотига кўра, камида 1130 киши яраланган.

Исроил мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) 8 мартга ўтар кечаси Ливан пойтахти — Байрутда аниқ нишонга олинган ҳаво зарбаси берилганини маълум қилди. Исроил томонининг билдиришича, ҳужумнинг нишони Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК)нинг хорижий операциялар билан шуғулланувчи “Ал-Қудс” бўлинмаси қўмондонлари бўлган.

Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Ҳусайн Керманпур эса ўзининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Ислом Республикасида 1200 дан ортиқ қурбон борлигини, 10 000 дан зиёд тинч аҳоли яраланганини даъво қилди.

Керманпурнинг сўзларига кўра, ҳалок бўлганлар орасида 12 ёшгача бўлган 200 нафар бола ва тахминан 200 нафар аёл бор. Унинг таъкидлашича, тахминан 1400 нафар аёл яраланган.

Керманпурнинг айтишича, 25 та шифохона инфратузилмасига зарар етган, шулардан 9 таси ишламаяпти. Шунингдек, 18 та шифохонагача бўлган шошилинч ёрдам маркази, иккита туман тиббиёт маркази, 17 та комплекс тиббий хизмат кўрсатиш маркази, иккита қишлоқ тиббиёт пункти зарар кўрган, 14 та тез ёрдам автомашинаси ҳам шикастланган.

Унинг сўзларига кўра, Теҳрондаги тарихий ёдгорликлар ҳам зарар кўрган, нефтни қайта ишлаш заводига қилинган ҳужум эса минтақа экологиясига жиддий хавф солмоқда. Айни пайтда Ливан ва Эрон соғлиқни сақлаш вазирликлари келтирган рақамларни мустақил манбалар орқали текшириш имкони йўқ.

28 февралдан бери Америка Қўшма Штатлари ва Исроил Эронга ҳаво зарбалари бермоқда. Бунинг натижасида Ислом Республикасининг олий раҳбари Али Хоминаий ва Эрон раҳбариятининг бошқа аъзолари ўлдирилган.

Бунга жавобан Эрон Исроилга, Форс кўрфазидаги айрим мамлакатларга ва минтақадаги Америка ҳарбий объектларига зарбалар бермоқда.

“Ҳизбуллоҳ” Эрон томонида урушга қўшилиб, Исроилга ракета ва дронлар билан ҳужум қилганидан кейин, ЦАҲАЛ Ливан жанубига ва Байрут жанубий чекка ҳудудларига ҳам зарбалар берди. У ерларда гуруҳ инфратузилмаси жойлашган. “Ҳизбуллоҳ”нинг қўмондонлик марказлари, ракета қурилмалари ва қурол омборларига юзлаб ҳаво зарбалари йўлланган.

Исроил томони маълумотига кўра, Ливан жануби ва Байрут жанубий чекка ҳудудларидан эвакуация қилиш ҳақида буйруқ берилганидан сўнг, 500 минг нафаргача одам шимол томонга кўчган бўлиши мумкин.

Ливан бош вазири Навоф Салом мамлакат ҳукумати “Ҳизбуллоҳ”нинг ҳарбий фаолиятини тақиқлаганини, гуруҳ жангчилари эса қуролсизланиши кераклигини билдирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид