Жаҳон | 20:37 / 10.03.2026
5639
2 дақиқада ўқилади

WSJ: маслаҳатчилар Трампни Эрон билан урушни тезроқ тугатишга чақирмоқда

Улар уруш чўзилиши ва нархлар ошиши президент рейтингига салбий таъсир кўрсатишидан хавотирда.

Фото: WSJ

Доналд Трампнинг маслаҳатчилари уни Эрон билан урушдан чиқиш режасини ишлаб чиқишга чақирмоқда – The Wall Street Journal нашри ёзишича, улар уруш чўзилиши АҚШ президенти учун салбий сиёсий оқибатлар келтириб чиқаришидан хавотирда.

Маслаҳатчилар фикрича, АҚШ Эронда аллақачон барча мақсадларига эришганини кўрсатиш керак, дейди нашрга вазиятдан хабардор манбалар. Уларнинг сўзларига кўра, ҳозирча Трампнинг консерватив электорати Эрон билан урушни қўллаб-қувватламоқда, бироқ можаро чўзилиб кетадиган бўлса, бундай қўллов даражаси пасайиб кетиши мумкин.

Нашр суҳбатдошлари қайд этишича, америкаликларнинг аксарияти урушга қарши эканини кўрсатувчи ижтимоий сўровлар натижалари Трампга тақдим қилинган.

Бундан ташқари, маслаҳатчилар Яқин Шарқдаги уруш туфайли ёқилғи нархлари кўтарилиши ҳам Трампнинг рейтингига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан хавотирда.

АҚШ президенти маъмуриятидагилар эса америкаликлар Трампнинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлашига шубҳа йўқлигини айтишмоқда. «Америкаликларнинг мутлақ кўпчилиги Эрон режими томонидан яратилган таҳдидни тўхтатиш ва террорчиларнинг ўлдирилишини қўллаб-қувватлайди ва бу – президент Трамп эришмоқчи бўлган нарсадир», – дея Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Левиттнинг сўзларини келтиради WSJ.

АҚШ ва Исроил 28 февралдан буён Эрон бўйлаб зарбалар бериб келмоқда. Эрон эса бунга жавобан АҚШнинг Форс кўрфазидаги иттифоқчиларини ўққа тутмоқда. Теҳрон нефт ва суюлтирилган газ транзити амалга ошириладиган Ҳўрмуз бўғозини ҳам ёпиб қўйганини маълум қилган. АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан уруши фонида жаҳон бозорида нефт нархи кескин ошди ва бир баррел учун нарх 100 долларга етди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид