Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Атлетико» 5 та, «Бавария» 6 та гол урди. ЕЧЛда кун ўйинлари
«Тоттенҳэм» ўйин стартидаёқ кетма-кет хатолари туфайли дарвозабонни алмаштириб ташлади, «Барселона» сўнгги дақиқада мағлубиятдан қутулиб қолди, «Ливерпул» ютқазди.
Фото: Gettyimages/Denis Doyle
Сешанба оқшомида Чемпионлар лигасида 1/8 финалнинг дастлабки учрашувлари ўтказилди. Икки ўйинда йирик ҳисоблар қайд этилди, яна иккитасида фаворитлар ғалаба қозона олмади.
«Ливерпул»нинг Истанбулга сафари яна муваффақиятсиз кечди
«Галатасарой» – «Ливерпул» 1:0
Гол: Лемина, 7 (1:0)
«Галатасарой»: Угуржан Чақир, Санчес, Абдулкарим Бардакчи, Якобс, Синго, Торрейра (Эрен Элмали, 90+3), Лемина (Шоллои, 77), Сара (Боэ, 87), Ланг (Юнус Оқкун, 77), Бариш Йилмаз (Гундўған, 90+3), Осимҳен
«Ливерпул»: Мамардашвили, ван Дейк, Конате, Керкез (Робертсон, 60), Гомес, Макаллистер, Гравенберҳ, Собослаи, Вирц (Гакпо, 73), Салоҳ (Фримпонг, 60), Экитике
Огоҳлантиришлар: Санчес, 90 – Керкез, 33. ван Дейк, 55. Гравенберҳ, 88. Собослаи, 90
2025 йил сентябрида «Ливерпул» ЕЧЛ умумий гуруҳ босқичи доирасида ҳам Истанбулда «Галатасарой»га қарши ўйнаган ва ютқазганди (0:1). Ярим йилга яқин вақт ўтиб инглизлар клуби яна Туркияда меҳмон бўлди – бу сафар клублар 1/8 финалда тўқнашди. Ва таблода яна шу рақам акс этди. Мезбонлар еттинчи дақиқадаёқ ҳисобни очишди. Виктор Осимҳен тўпни олис устун томон етказди, у ерда қўриқчисиз қолган Марио Лемина осонлик билан дарвоза тўрини ишғол этди. Бўлимнинг қолган қисмида икки жамоада ҳам яхши вазиятлар бўлди, аммо ҳисоб ўзгаришсиз қолди.
Танаффусдан кейин жамоалар биттадан гол уришди, аммо бу голлар инобатга олинмади. Ибраима Конатенинг хатосидан кейин Осимҳен мезбонларнинг иккинчи голини урганди, аммо ҳужум давомида Бариш Алпер Йилмаз «ўйиндан ташқари ҳолатда» қолгани маълум бўлди. Кейинроқ бош ҳакам «Ливерпул»нинг голини ҳам бекор қилди, видеотакрор ҳужум вақтида тўп қўл билан ўйналганини кўрсатди. Кейинроқ Экитике яккама-якка вазиятдан фойдалана олмади ва мезбонлар ғалабали ҳисобни сақлаб қолишди. Бу натижа икки жамоада ҳам чоракфиналга чиқиш учун имкон қолдирмоқда. Аммо «Галатасарой»га «Энфилд»даги жавоб ўйини осон бўлмаслиги тайин.
Мадридда драма – учта гол ўтказиб юборган дарвозабон 17-дақиқадаёқ алмаштирилди
«Атлетико» – «Тоттенҳэм» 5:2
Голлар: Лиоренте, 6 (1:0). Гризманн, 14 (2:0). Алварес, 15 (3:0). Ле Норман, 22 (4:0). Порро, 26 (4:1). Алварес, 55 (5:1). Соланке, 76 (5:2)
«Атлетико»: Облак, Ганцко, Ле Норман, Руджери, Пубил, Кардозо, Лиоренте (Барриос, 69), Лукман (Сёрлот, 69), Симеоне, Гризманн (Коке, 81), Алварес (Гонсалес, 73)
«Тоттенҳэм»: Кински (Викарио, 17), Ромеро, ван де Вен, Дансо, Грэй, Сарр, Спенс (Симонс, 83), Порро, Тел (Галлаҳер, 46), Коло Муани (Соланке, 46), Ришарлисон (Палиня, 68)
Огоҳлантиришлар: Спенс, 4. Ришарлисон, 60. Грэй, 62. Дансо, 80. Ромеро, 85
Гулелмо Викарио – анчадан буён «Тоттенҳэм»нинг асосий дарвозабони ҳисобланади. Аммо лондонликларнинг янги бош мураббийи Игор Тюдор кутилмаган юриш амалга оширишга қарор қилди. У Мадриддаги сафар ўйинида Викариони захирада қолдирди ва Антонин Кинскини бошланғич таркибга киритди. Бу эса жуда хато қарор бўлиб чиқди. Чехиялик дарвозабон 2025 йил октябридан буён ўйнамаганди – ўшанда у Англиия лигаси 1/8 финалида «Нюкасл»га қарши ўйинда майдонга тушганди.
Мадридда эса меҳмонлар 15-дақиқагача 3 та гол ўтказиб юборишди. Шундан икки гол – Кинскининг яққол хатолари туфайли урилди. Аввалига ҳимоядан чиқишда 22 ёшли дарвозабон тойиб кетди ва тўпни рақибга топширди.

«Атлетико» бундай совғадан фойдаланди – Алварес Маркос Лиорентени зарбдор позицияга чиқарди, у эса қуйи бурчакни аниқ нишонга олди.
Бироз ўтиб жамоа етакчиларидан бири Микки ван де Вен ҳам оддий вазиятда газонга йиқилди ва Антуан Гризманн осонлик билан иккинчи голни уриш имконига эга бўлди.

Катта футболда сўнгги мавсумини ўтказаётган француз ҳужумчиси барчасини аниқ ижро этди – у зарба беришдан олдин бироз пауза ушлади ва тўпни дарвозабоннинг оёғи ёнидан ўтказди. Меҳмонлар шунчаки оёғида тура олмагани учун икки гол ўтказиб юборишди. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмасди.
Кўп ўтмай Антонин хатосини такрорлади. У рақиб футболчиси Хулиан Алваресни бўш дарвоза қаршисига чиқариб юборди – аргентиналик ҳужумчи тўпни шунчаки дарвоза тўрига юмалатиб юборди.

Тюдор шундан кейингина хатосини англаб етди ва Кинскини ўйиндан олиб, Викариони дарвозага қайтарди.

Оғир зарбага учраган чехиялик дарвозабон кўзда ёш билан кийим алмаштириш хонасига йўл олди.

Мезбонлар учун эса бу оқшом дарвозада ким туришининг аҳамияти йўқ эди. Беш дақиқа ўтиб Робен Ле Норман тўртинчи голни урди. Аммо меҳмонлар тезда жавоб қайтаришди. Қанот ҳимоячиси Педро Порро ҳужумчи позициясига чиқиб бориб, Ян Облак дарвозасини ишғол этди, шундан кейин «Тоттенҳэм» ташаббусни қўлга олди ва бир неча вазиятларга эга бўлди.
Қувноқ ўйин иккинчи бўлимда ҳам давом этди. Аввалига Алварес дублни расмийлаштирди, кейин эса Облак ҳам «қовун туширди». Меҳмонлар вазиятдан фойдаланди – Доминик Соланке ҳисобдаги фарқни бироз қисқартирди.
Ўйин охирида меҳмонлар учун яна бир кўнгилсиз ҳолат юз берди – «Тоттенҳэм»нинг икки футболчиси – Кристиан Ромеро ва Палиня тўқнашиб кетди. Португалиялик футболчи анчагача газондан кўтарила олмади ва унинг бошини боғлаб қўйишга тўғри келди. Ромеро ўйинни давом эттирди, аммо ҳакам ҳуштаги чалинишидан бироз олдинроқ барибир майдонни тарк этишга мажбур бўлди.
«Бавария» ўйинида теннисча ҳисоб
«Аталанта» – «Бавария» 1:6
Голлар: Станишич, 12 (0:1). Олисе, 22 (0:2). Гнабри, 25 (0:3). Жексон, 52 (0:4). Олисе, 64 (0:5). Мусиала, 67 (0:6). Пашалич, 90+3 (1:6)
«Аталанта»: Карнесекки, Хин, Колашинац (Аханор, 55), Бернаскони, Дзаппакоста (Белланова, 67), Пашалич, де Рон, Залевски (Муса, 55), Сулемана (Самаржич, 73), Скамакка (Жимсити, 46), Крстович
«Бавария»: Урбиг, Упамекано, Та, Лаймер (Дэйвис, 46, Бишоф, 71), Станишич (Рафаэл Геррейру, 86), Киммиҳ, Павлович (Горецка, 68), Гнабри (Мусиала, 46), Диас, Олисе, Жексон
Огоҳлантиришлар: Муса, 83 – Лаймер, 39. Олисе, 77. Киммиҳ, 84
«Аталанта» навбатдаги босқичда ҳам немис клубига рўпара бўлди. Ўтиш босқичида бергамоликлар «Боруссия»га қарши Дортмундда кечган биринчи ўйинда 0:2 ҳисобида ютқазган, аммо ўз уйида камбэк амалга оширганди. Аммо ҳозирги «Бавария» – турнир ғолиблиги учун асосий фаворитлардан бири. Биринчи ўйиндаёқ ушбу жуфтлик тақдирига ойдинлик киритилди – мюнхенликлар клубини чоракфиналга чиққани билан табриклаш мумкин.
«Бавария»нинг асосий дарвозабони Мануэл Нойер ва асосий ҳужумчиси Ҳарри Кейн бу ўйинда иштирок эта олмади, аммо жамоага уларнинг йўқлиги умуман сезилмади. Биринчи бўлимдаёқ 0:3 ҳисоби – «Аталанта» учун жиддий зарба бўлди. Мавсумнинг биринчи қисмида стандарт вазиятлар энг ожиз нуқтаси сифатида қаралган «Бавария» бу камчиликни тузатиш устида ишламоқда ва Бергамодаги ўйинда айнан бурчак зарбаси орқали ҳисобни очди: 12-дақиқада Йосип Станишич Серж Гнабрининг қанотдан узатмасини голга айлантирди. Танаффусгача Майкл Олисе ва Гнабри ҳам биттадан гол уришди, иккинчи бўлим бошида эса Николас Жексон ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйди, кейинроқ Олисе танаффусда ўйинга қўшилган Алфонсо Дэйвиснинг узатмасидан кейин дублни расмийлаштирди, захирадан майдонга тушган бошқа бир футболчи Мусиала эса олтинчи голга муаллифлик қилди.
Шу билан бирга, бу йирик ғалаба немислар жамоаси мухлисларига унчалик татимади: аввалига жароҳатидан эндигина тузалиб сафга қайтган Дэйвис яна жиддий жароҳат олиб, майдонни кўзда ёш билан тарк этди. Ўйин охирида эса аввалига Мусиала, кейин эса жароҳатдаги Нойер ўрнига дарвозани қўриқлаётган Урбиг ҳам меҳмонларнинг ягона жавоб голи урилган вазиятда жароҳат олди.
«Барса»га пеналти ёрдам берди
«Нюкасл Юнайтед» – «Барселона»
Голлар: Барнс, 86 (1:0). Ямал, 90+6 – пеналти (1:1)
«Нюкасл Юнайтед»: Рамсдейл, Тиау, Бёрн, Ҳолл, Триппиер (Ливраменто, 67), Тонали, Жоэлинтон, Рэмси, Барнс (Уиллок, 90), Эланга (Гордон, 67), Осула (Мёрфи, 67)
«Барселона»: Гарсия, Кубарси, Мартин, Жоау Канселу, Араухо (Эспарт, 88), Педри (Олмо, 70), Бернал (Касадо, 73), Фермин Лопес (Торрес, 88), Рафиня, Ямал, Левандовски (Рэшфорд, 70)
Огоҳлантиришлар: Тонали, 34. Уиллок, 90 – Жоау Канселу, 68
«Нюкасл» гуруҳ босқичидаги ўйинда бўлгани каби бу сафар ҳам кучли прессинг уюштирди, аммо вазиятларидан фойдалана олмади. Иккинчи бўлимда ҳам манзара ўзгармади: мезбонлар фаолроқ ҳаракат қилишди ва кўпроқ вазиятлар яратишди. Бу зарбалар статистикасида ҳам акс этди – 11:4.
75-дақиқада инглизлар ниҳоят дарвозани ишғол этишди, аммо «Сент-Жеймс Парк» стадионида йиғилган мухлисларнинг қувончи узоққа чўзилмади: Ҳарви Барнснинг зарбасидан кейин тўп устундан қайтди ва Жоэлинтон дарвозани ишғол этди, аммо у зарба ижро этилаётган чоғда офсайдда қолгани маълум бўлди. «Нюкасл» 86-дақиқада барибир ўз мақсадига эришди. Бу сафар Ҳарви Барнснинг зарбасидан кейин тўп рикошет бўлиб, дарвоза тўрига бориб тушди.
«Нюкасл» ғалабага жуда яқин эди, аммо ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда Малик Тиау жарима майдони ичида Дани Олмонинг оёғини босиб олди.

Ламин Ямал эса бу вазият учун белгиланган пеналтини аниқ ижро этди. «Нюкасл» ғалабага ҳақли ўйнаган бўлса-да, «Барса» сафардан муҳим дуранг билан қайтадиган бўлди.
Мавзуга оид
16:41 / 10.03.2026
ЕЧЛда плей-офф жуфтликлари. Кимда қандай имконият?
11:36 / 08.03.2026
«Сити» кейинги босқичга ўтди, Ямалда рекорд. Ҳафта ўйинлари
11:29 / 05.03.2026
«Сити» очко йўқотди, «Арсенал» яна узоқлашмоқда. Кун ўйинлари
11:45 / 04.03.2026