Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
БМТда Украинадан Россияга болаларни депортация қилиш жиноят деб аталди
Украинадан олиб кетилган болалар ҳақидаги маълумотларни яшириш, уларнинг фуқаролигини келишилмаган тарзда ўзгартириш ва уларни Россия оилаларига бериш — инсониятга қарши жиноят белгилари ҳисобланади, деган хулосага келди БМТнинг Украина бўйича комиссияси.
Россия Украина болаларини ноқонуний равишда депортация қилиш ва уларни уруш тугагач Украинага қайтаришга тайёрлаш ўрнига, Россияда муддатсиз қолдириш учун шароит яратиш орқали инсониятга қарши жиноятларни тизимли равишда содир этмоқда. Шундай хулосага БМТнинг мустақил халқаро комиссияси Россиянинг Украинага бостириб кириши пайтида мамлакатда халқаро ҳуқуқни бузгани ҳақидаги навбатдаги ҳисоботида келди. Ҳисобот 9 март, душанба куни эълон қилинди.
Шу билан бирга, Россия ҳокимияти олиб кетилган болаларнинг қаердалиги ҳақида уларнинг ота-оналарига ёки қонуний васийларига атайлаб маълумот бермаяпти, болаларнинг ўзи эса мажбурлов шароитида ушлаб турилиб, уларнинг ватанга қайтишига тўсқинлик қилинмоқда. Ҳисобот муаллифлари таъкидлашича, “болаларнинг қайтишига ёрдам берувчи тизимни яратиш ўрнига, ҳокимият уларни Россия оилаларида ёки муассасаларида узоқ муддат жойлаштиришга интилган”.
Бундан ташқари, Россия ҳокимияти Украинадан олиб кетилган болаларни қайтаришни асоссиз равишда кечиктирмоқда, бу эса ҳужжатга кўра ҳарбий жиноятга тенглаштирилади. BBC рус хизмати таъкидлашича, БМТ илк бор Украинадан болаларни Россия томонидан депортация қилишни инсониятга қарши жиноят деб атади. Аввалроқ комиссия бу таърифни Россиянинг Украинадаги бошқа ҳаракатларига нисбатан бир неча бор қўллаган эди.
БМТнинг халқаро комиссияси Россияга ва у эгаллаб олган Украина ҳудудларига камида 1205 нафар украиналик бола ноқонуний депортация қилинганини тасдиқловчи далилларни тўплашга муваффақ бўлди.
Комиссия томонидан ўрганилган ҳолатлар орасида болаларнинг 80 фоизини ҳалигача Украинага қайтаришнинг иложи бўлмаган. Ҳисоботда қайд этилишича, қайтаришга эришилган болалар ҳам ушбу жараён давомида Россия томонидан турли тўсиқлар, кечикишлар ва уларнинг хавфсизлигига таҳдидларга дуч келган. Бундан ташқари, ватанга қайтганидан сўнг улар Россияда бошидан кечирган жароҳатли руҳий тажрибалар ҳақида сўзлаб берган.
БМТ комиссияси таъкидлашича, жанг ҳаракатлари ҳудудидан болаларни эвакуация қилишнинг ўзи жиноят ҳисобланмайди, аммо бу вақтинчалик чора бўлиши керак. Бундай ҳаракатни амалга ошираётган томон эса болаларни имкони борича тезроқ ўз ватанига қайтариши шарт.
БМТ комиссияси ҳисоботида Украинадан болаларни ноқонуний депортация қилишнинг фақат исботланган ҳолатлари келтирилган. Аслида эса бундай ҳолатлар кўпроқ, аммо аниқ рақамларни келтиришнинг имкони йўқ — жумладан, Россия олиб кетилган болалар ҳақидаги маълумотларни яшираётгани сабабли ҳам.
Киев эса, ўз навбатида, Россия Украинадан камида 20 000 нафар вояга етмаган болани ўғирлаб кетганини маълум қилмоқда. Бироқ бу рақамга ҳатто айрим украин ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам шубҳа билан қарамоқда. 2023 йилда “Важные истории” нашри Россия етим болалар тизимига камида 2,5 минг нафар украиналик бола киритилгани ҳақида ёзган эди.
Украина ҳукумати ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар бошиданоқ Россиянинг бундай сиёсатини ҳарбий жиноят, ҳатто украин халқининг геноцидининг бир кўриниши сифатида баҳолаб келган. 2023 йил баҳорида Халқаро жиноий суди(ХЖС) ҳам бу баҳога қисман қўшилди — унинг дастлабки иш юритув палатаcи РФ президенти Владимир Путин ва болалар ҳуқуқлари бўйича омбудсман Мария Лвова-Беловани Донбассдан болаларни депортация қилиш орқали уруш қонунларини бузганликда гумон қилиб, ҳибсга олиш ордерини берган эди.
Мавзуга оид
10:00
Германия Украина учун яна 300 миллион евро ажратади
10:25 / 09.06.2026
Киев ва Вашингтон Украинадаги урушни тугатиш масаласини муҳокама қилди
08:45 / 09.06.2026
Украина Россияни БМТдан чиқиш ҳақида ўйлаб кўришга чақирди
22:09 / 08.06.2026