Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Вадефул: Эрондаги хаос ҳеч кимнинг манфаатига хизмат қилмаслиги керак
Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул Исроилга ташрифи чоғида Эронга қарши урушнинг Европа учун оқибатларидан Германия хавотирда эканини билдирди.
Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул Эрон билан можаро кескинлашган шароитда Исроилни қўллаб-қувватлашини билдирди, аммо АҚШ ва Исроил бошлаб юборган ҳарбий ҳаракатлар Яқин Шарқда хаос келтириб чиқармаслиги кераклигидан огоҳлантирди. Вадефулнинг таъкидлашича, бундай оқибатлар Европага ҳам таъсир қилади. У бу ҳақда 10 март, сешанба куни Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар билан биргаликда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
“Ҳеч ким хаос, фуқаролар уруши ёки Эроннинг парчаланишидан манфаатдор бўлиши мумкин эмас, — дея Вадефулнинг сўзларини келтиради dpa агентлиги. — Бунинг оқибатлари жуда катта бўлади ва биз буни Европада ҳам ҳис қиламиз”. Германия вазири можарога қарамай, Эроннинг ҳудудий яхлитлиги сақланиши шартлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, Вадефул Эроннинг жавоб зарбаларидан жабр кўрган Исроилни қўллаб-қувватлади. Немис вазирининг айтишича, Теҳронда ҳануз яҳудий давлатини йўқ қилишни мақсад қилган режим ҳокимиятда турибди. Вадефул сўзларига кўра, Эроннинг ҳарбий ядровий ва баллистик дастурлари ишончли тарзда тугатилгани тасдиқланиши керак, шунингдек Теҳрон Яқин Шарқдаги прокси-гуруҳларни қўллаб-қувватлашни тўхтатиши лозим.
“Бизга минтақа давлатлари ва халқлари хавфсизлигини кафолатлайдиган минтақавий тинчлик тартиби керак, айниқса муҳим савдо йўллари бўлган денгиз йўллари хавфсизлиги таъминланиши зарур”, — деди Вадефул.
Вадефул АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан уруши бошланганидан бери Исроилга ташриф буюрган биринчи европалик ташқи ишлар вазири бўлди. Хавфсизлик нуқтаи назаридан бу ташриф олдиндан эълон қилинмаган эди.
Исроилдан сўнг Йоханн Вадефул Саудия Арабистонига жўнаб кетди — у Ар-Риёдда Саудия ташқи ишлар вазири Файсал бин Фарҳон билан учрашди. Dpa ёзишича, немис расмийси подшоҳлик ҳукумати Исроил ва АҚШнинг Эронга ҳужумларини тўхтатиш ҳамда жанговар ҳаракатлар тугаганидан кейинги давр бўйича қандай истиқболларни кўраётгани билан қизиққан.
ОАВ маълумотларига кўра, Вадефул феврал охирида бошланган жанговар ҳаракатлардан жабр кўрган Яқин Шарқ давлатлари бўйлаб сафарини давом эттиради, аммо Германия вазирининг сафар режаси ошкор этилмаяпти.
Исроил ва АҚШ 28 феврал куни эрталаб Эрон ҳудудидаги объектларга оммавий зарбалар бериб, мамлакатга ҳужум қилди. Жангларнинг биринчи кунида Эрон олий раҳбари Али Хоминаий ҳамда қатор юқори лавозимли амалдорлар ва кучишлатар тузилмалар вакиллари ҳалок бўлди. Ҳалок бўлган Али ўрнига унинг 56 ёшли ўғли Мужтабо Хоминаий келди.
Эрон бунга жавобан Исроил ҳудудига ва Яқин Шарқдаги АҚШ ҳарбий базаларига зарбалар бера бошлади. Жанг ҳаракатлари минтақанинг аксарият мамлакатларига таъсир қилди, дронлар ва ракеталарнинг фуқаровий объектларга ҳам бир неча бор тегиши қайд этилди.
Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши уруши бутун дунё учун сезиларли оқибатлардан бири ёнилғи нархларининг кескин ўзгариши бўлди. Бунга Ҳўрмуз бўғози орқали кемалар ҳаракати тўхтаб қолгани сабаб бўлди — мазкур бўғоз Яқин Шарқ мамлакатларидан нефт етказиб беришдаги энг муҳим транзит йўллардан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, Эронга ҳужум қилган давлатлар маҳаллий режимни фақат “ичкаридан” — эронлик фуқаролар кўмагида ағдариш мумкинлигини тан олмоқда.
Мавзуга оид
09:32 / 20.06.2026
Бокуда саккиз нафар Россия фуқароси қамоқ жазосига ҳукм қилинди
09:17 / 20.06.2026
ОАВ: Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасида сулҳ тузилди
09:02 / 20.06.2026
Нетаняҳу Трампга босим ўтказиши мумкин — АҚШ разведкаси
08:55 / 20.06.2026