Ўзбекистон | 19:41 / 12.03.2026
1685
3 дақиқада ўқилади

Дўконли бекатларнинг деярли ҳаммасида ноқонуний қурилиш бор – ЙҲТМ

Тошкентдаги автобус бекатларида ноқонуний дўконлар бузилмоқда. Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази бўлим бошлиғи Оллаёр Норбўтаевнинг маълум қилишича, ҳозирча 380 та бекат кўриб чиқилган, шунинг 120 тасида савдо объекти борлиги, 60 таси ноқонуний ташкил этилгани аниқланган. Бузиш ишлари суд қарори асосида кетаётгани, тадбиркорларга янги туризм кўчаларидан жой берилиши айтилди.

Фото: Kun.uz

12 март куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги биносида ҳокимлик, пойтахт транспорт бош бошқармаси, Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази (ЙҲТМ) вакиллари ва бошқа расмийлар иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Унда пойтахтдаги автобус бекатларида ишлаб келаётган дўконлар юзасидан ҳам маълумот берилди.

ЙҲТМ бўлим бошлиғи Оллоёр Норбўтаевнинг айтишича, “Долзарб 90 кун” доирасида Тошкентдаги 472 км йўлни ўрганиш ишлари бошланган. Дастлабки 30 кун учун 100 км қисми ажратиб олинган. Маълум бўлишича, ҳозиргача ўрганилган 380 та автобус бекатидан 120 таси дўконли бўлиб, шундан 60 таси эса ноқонуний ҳисобланади.

Айни вақт бундай савдо объектлари бузиб ташланмоқда. Оллоёр Норбўтаев бузиш жараёнлари қанчалик қонуний эканига оид саволга жавоб берди.

Қайси жой бузилган бўлса, суднинг қарори билан бузилган. Тўппа-тўғри, тадбиркор куйиб қолиши керак эмас. Ҳозирда туман ҳокимиятларига топшириқ берилган: ҳар бир туманда туризм кўчалари ташкил қилиняпти. Ўша дўконли бекатларнинг эгаларига туризм кўчаларидан жой беришади”, – деди у.

Қўшимча қилинишича, бекатларда ноқонуний қурилган дўконлар бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўрганишлар кетяпти.

Ҳар бир бекат кўтарилади: қандай ишлаган, неча метр квадрат бўлиши керак, неча квадрат бўлган, ноқонуний, қонуний – ҳар бири бўйича иш кетмоқда. Бу ўрганиш натижалари бўйича яна рақамлар бўйича ўзимизнинг каналимизда ҳам, Тошкент шаҳар ҳокимияти каналида ҳам ҳар бири бўйича маълумот бериб ўтамиз”, – деди Норбўтаев.

Марказ вакили берган маълумотга кўра, “Тошкент шаҳрида 750 тага яқин дўконли бекат бўлса, ҳаммасида ноқонуний қурилиш бор”. Ҳаммаси кенгайтириб олган.

Агар бир дона бекатни мисол қилиб тушунтириб айтаман. Мана, Буюк ипак йўли метроси олдида масалан 200 метр квадратли дўкон бор. Унинг ҳужжати 10 метр квадратга экан. Энди шу масалани тегишли ташкилотлар ўрганмоқда: ким рухсат берган, қанақа бўлган, нима бўлган, у қанча солиқ тўлаган. Ҳар бир ташкилот ўзининг йўналиши бўйича ўрганишлар олиб бормоқда. Ўрганиш натижаларини яна эълон қилиб бериб борамиз”, – деди у.

Маълумотларга кўра, 120 та бекатдаги дўконлар 1995 ва 2005 йиллар оралиғида қурилган.

Дилшода Шомирзаева
Муаллиф Дилшода Шомирзаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид