Жаҳон | 22:53 / 12.03.2026
1324
2 дақиқада ўқилади

Трамп АҚШ нефт нархининг ошишидан фойда кўришини айтди

Биз дунёдаги энг йирик нефт ишлаб чиқарувчисимиз, деди Оқ уй раҳбари.

Фото: AP

АҚШ нефт нархининг ошишидан фойда олиши мумкин, чунки у нефтнинг дунёдаги энг йирик ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади, деди АҚШ президенти Доналд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида.

«Қўшма Штатлар дунёдаги энг йирик нефт ишлаб чиқарувчиси ва бу шубҳасиз, шунинг учун нефт нархи ошганда, биз катта пул ишлаб топамиз», деб ёзди у.

Trading Economics маълумотларига кўра, АҚШ хом нефт қазиб олиш бўйича етакчи ҳисобланади. Иккинчи ва учинчи ўринларни Саудия Арабистони ва Россия, кейинги ўринларни Канада, Хитой ва Ироқ эгаллаган.

Яқин Шарқдаги можаронинг кучайиши минтақадан нефт етказиб беришдаги узилишларга ва ёқилғи нархининг, жумладан, Европа ва Осиёда ҳам ошишига олиб келди. Жаҳон денгиз нефт экспортининг қарийб бешдан бир қисми ўтадиган Ҳўрмуз бўғозида кема қатнови деярли тўхтаб қолган.

Шу фонда бир қатор ишлаб чиқарувчилар қазиб олишни қисқартирди, баъзи компаниялар эса форс-мажор эълон қилди. Трампнинг минтақадаги ҳарбий операция тез орада якунланиши мумкинлиги ва АҚШ Ҳўрмуз бўғозидаги вазиятни назоратга олиши ҳақидаги баёнотлари ортидан нефт нархи деярли 120 долларгача кўтарилиб, кейинчалик бир баррел учун 90 доллардан пастга тушди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид