Ўзбекистон | 22:21 / 12.03.2026
1594
5 дақиқада ўқилади

“Ечим – тезликни тушириш” — ҳоким ўринбосари Тошкентда ЙТҲлар кўплиги ҳақида

Пойтахт ҳокимлигидаги матбуот анжуманида шаҳар кўчалари ўртасида яна пайдо бўла бошлаган панжаралар мавзуси кўтарилди. Ҳоким ўринбосари Абдураҳмон Бахтиевнинг айтишича, панжара ўрнатишни йўллардаги ўлимлар кўплиги сабабли ЙҲХББ тавсия қилган. Лекин халқаро тажрибага қарасак, шаҳарларда пиёдалар ўлимига қарши энг асосий ечим – тезликни тушириш, деди у.

Ҳоким ўринбосари Абдураҳмон Бахтиев

Яқинда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек кўчаси ўртасига панжара ўрнатилиб, бир ҳафта ўтиб олиб ташланди. 7 йил аввал воз кечилган лойиҳа яна қайтарилгани муҳокамаларга сабаб бўлганди. 12 март куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази ўтказган матбуот анжуманида панжара ўрнатиш қайси илмий асос билан қайтарилаётгани, унга нега пул ажратилгани ҳақидаги саволларга изоҳ берилди.

ЙҲТМ бўлим бошлиғи Оллаёр Норбўтаевнинг қайд этишича, шаҳар ичидаги йўлларда панжара ўрнатиш давлат стандартларида бор.

Ҳозир мана, қўйилган бўлса, экспериментал турибди. Мана, марказ ташкил қилинди. Марказ охирги ўша қўйилган кўча, умуман барча кўчаларда охирги 5–10 йил мобайнида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари, яъни йўловчиларга, пиёдаларга қулайлик яратиш бўйича ҳар бир нуқтада ўрганиш ишлари олиб боряпти.

Ҳар бир нуқтада, масалан, сизга айтишим мумкин, ўрганиш ишлари амалга оширилиб, экспериментал харитада туради ва битта панжара эмас, у ерда светофор алмашади, йўл белгилари қўйилади, янги пиёдалар ўтиш жойлари ташкил этилади, янги тротуарлар ташкил қилинади. Бу йўл ҳаракатини ташкил этишнинг юздан бир бўлаги”, – дейди у.

Пойтахт ҳокими ўринбосари Абдураҳмон Бахтиев ҳар бир кўчадаги вазиятни ўрганиш ҳокимликнинг Рақамли ривожланиш департаменти тузиб чиққан ЙТҲлар харитаси асосида кетаётганини маълум қилди. Жараён ҳали охирига етмаган.

Ҳар биттасини қараб чиқиб ётибмиз. Айрим ҳолларда ростдан ҳам йўлларда панжаралар ўрнатилиши нотўғри бўлиши мумкин. Ҳозир якуний хулосамиз йўқ, лекин биз ўзимиз учун приоритет белгилаб олдик: қайси ҳолатларда панжаралар қўйилиши керак, қайси ҳолатларда панжаралар қўйилиши керак эмас.

Шу халқаро тажрибани ҳам ўргандик. Жуда кўп ҳолларда пиёдаларга устуворлик бериш масаласи қўйилган. Энг асосий битта калит омилни айтаман: панжаралар ташаббуси нимадан келиб чиққан? Йўлларда ўлимлар сони кўпайгани сабабли “ГАИ” ходимлари томонидан тавсия қилинган, "панжара қўяйлик", деган. Лекин халқаро тажрибада пиёдалар ўлимлари билан қанақа курашишади деган саволларга ҳам жавобларимиз бор, ўргандик.

Асосий ечим – бу тезликни тушириш. Иккинчи масала – бу йўлларимизни инженер жиҳатдан қайта кўриб чиқиш. Нима дейди, “тезликни сунъий пасайтириш” деса бўлади. Шунақа ҳолат яратиш керакки, йўлда машинада кетаётган пайтингизда, дейлик, 70–80 км/соат тезликда юрмасдан, ўзингиз 50–40 км/соатда юрасиз. Шунга нисбатан пиёда чиқиб қолса ҳам, сиз бемалол улгурасиз тормозни босиб, шу пиёданинг ҳаётини сақлаб қолишга”, – деди Бахтиев.

Унинг қўшимча қилишича, панжаранинг ўзи билан самарага эришиш эҳтимоли паст.

Шу панжара билан бирга қўшимча комплекс чораларини қабул қилишимиз керак. Айрим ҳолатларда пиёдалар ўтиш йўлакларини тўғрилашимиз керак. Пиёдалар [амалда] қаердан юраётганини анализ қилиб, айнан ўша жойга пиёдалар ўтиш жойи қилишимиз керак. “Оқимни хотиржамлаштириш чоралари” деган нарса бор, уларни қўллашимиз керак. Шу жумладан, яна панжараларнинг ўрнига алтернатив ҳолатларни, ўсимликлар сифатида буталарни қўллаш имкониятимиз ҳам бор. Ҳар хил йўналишда иш қилиш имкониятимиз бор”, – дейди ҳоким ўринбосари.

Қайд этилишича, ЙҲХББнинг панжаралар ўрнатиш таклифи депутатлар билан 1-2 йил давомида муҳокама қилинган, якунда унинг реализацияси учун пул ажратилган.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрида йўллар ўртасидаги бетон тўсиқлар ва темир панжараларнинг аксарияти 2018 йилда олиб ташланган эди. Ўшанда ЙҲХБ ҳам, ҳокимлик ҳам бу тўсиқлар пиёдалар ва йўловчиларга хавф туғдираётганини тан олган эди.

Аммо орадан 7 йил ўтгач, негадир панжаралар қайтариладиган бўлди. Пойтахт ҳокими Шавкат Умрзоқов 2025 йил май ва июл ойларида имзолаган қарорлар билан кўчалар ўртасини панжара билан тўсишга 8,4 млрд сўм ажратган эди. Ўшанда шаҳарнинг айрим кўчалари ўртасида майда катакли, яшил рангли панжаралар пайдо бўлган эди.

Очиқ манбаларга кўра, 2025 йил 3 декабр куни бу борада тендер ўтказилган ва унда 6 млрд сўмлик таклиф билан “Қарши Строй Центр” МЧЖ ғолиб деб топилган.

Дилшода Шомирзаева
Муаллиф Дилшода Шомирзаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид