Жамият | 18:58 / 13.03.2026
11206
3 дақиқада ўқилади

Ангренда 14 ёшли қизни зўрлаган 4 киши озодликдан маҳрум қилинди

2025 йил ёзида Ангрен шаҳрида жинсий зўравонлик қурбони бўлган 14 ёшли қиз иши бўйича суд ҳукми эълон қилинди. Ишда 20–23 ёш оралиғидаги тўрт киши айбдор деб топилди ва 7 йилдан 12 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Фото: Болалар омбудсмани

Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида содир этилган жинсий зўравонлик иши биринчи инстанция судида кўриб чиқилиб, ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.

Мазкур жиноий иш ЖИБ Ангрен шаҳар судида ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилган.

Суд ҳукмига кўра, 2006 йилда туғилган С.Қ., 2004 йилда туғилган З.У., 2004 йилда туғилган Д.Ў. ва 2003 йилда туғилган А.У. вояга етмаган С.Я.га нисбатан жинсий зўравонлик қилган. Улар Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 3-қисми «а» банди, 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 3-қисми «а» банди, 28,118-моддаси 3-қисми «а» банди ва 28,119-моддаси 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларини содир этганликда айбли деб топилган. 

Суд ҳукми билан С.Қ.га (у жиноят содир этилган вақтда вояга етмаган бўлган) Жиноят кодексининг 85-моддасига асосан 10 йил, З.У.га 12 йил, Д.Ў.га 10,5 йил ҳамда А.У.га 7,5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент вилоят судининг апелляция/кассация инстанциясига шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинган. 

Ангренда 14 ёшли қиз мунтазам равишда жинсий зўравонликка учраб келгани 2025 йил июл ойида маълум бўлганди. Ўшанда ижтимоий тармоқларда «педофиллар оч қолган қизга лаваш, сомса ва бошқа егуликлар олиб бериб, уни алдаб зўрлаб юргани» ҳақида тасдиқланмаган хабар тарқалган эди.

Қиз оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Ангрен болалар шифохонасида тегишли амалиётни ўтказиш учун етарли мутахассис бўлмагани сабабли қизни Тошкентга юбориш зарурлиги айтилган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинган. Шундан кейин ҳолат Болалар омбудсмани назоратига олинганди.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид