Жамият | 10:50
2311
2 дақиқада ўқилади

9 ёшли қизга жинсий зўравонлик қилган ўгай ота 14 йил 5 ойга қамалди

Kun.uz 9 ёшли қиз йиллар давомида ўгай отаси томонидан жинсий зўравонликка учрагани ҳақида материал эълон қилган эди. Жабрланувчининг онаси таҳририятга мурожаатида қизига терговда босим бўлгани, «укаларинг кўчада қолади» деган гаплар билан қўрқитилганини айтган. Ўгай ота «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ходими бўлган.

Фото: Depositphotos

Суд ҳукмига кўра, воқеа содир бўлган пайтда «Инсон» ижтимоий хизматлар марказида ишлаган А.А. Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми «в», «г» бандлари ҳамда 119-моддаси 4-қисми (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. Унга 14 йил 5 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шунингдек, маҳкум давлат идораларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилди. У жазони умумий тартибли колонияда ўтайди.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz'га мурожаат қилган жабрланувчининг онаси қизи нафақат йиллар давомида жинсий зўравонлик қурбони бўлганини, балки тергов жараёнида ҳам унга руҳий босим ўтказилганини иддао қилган эди. Терговда қизалоққа «укаларинг кўчада қолади» деган мазмунда гаплар айтилган. Она бу ҳолат боланинг руҳий аҳволига салбий таъсир кўрсатганини билдирган ва иш юзасидан холис тергов ўтказилишини сўраган эди.

Ишнинг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган жиҳатлардан бири – судланган шахс «Инсон» ижтимоий хизматлар марказида фаолият юритган. «Инсон» марказлари аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, жумладан, болалар, аёллар, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатувчи давлат ташкилоти ҳисобланади.

Олий суд ахборот хизматига кўра, биринчи инстанция суди ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатларда Тошкент вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция тартибида шикоят бериш ҳуқуқига эга.

Гулмира Тошниёзова
Тайёрлаган Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид