Жамият | 12:17
4909
6 дақиқада ўқилади

Аёл жигарининг ярмини эрига берди

Оғир касаллик туфайли ҳаёт-мамот ёқасига келиб қолган турмуш ўртоғини сақлаб қолиш учун аёл жигарининг бир қисмини беришга қарор қилди. Навоий вилоятида илк бор ўтказилган бу мураккаб операциягача оила йиллар давомида дард, хавотир ва умид билан яшади. Оиласи учун аёл нималар қила олиши мумкинлиги ҳақидаги ҳаётий ҳикоя.

Наргиза Рўзиеванинг айтишича, 2022 йилда турмуш ўртоғига жигар циррози ташхиси қўйилган. Унда гепатит асоратлари кузатилган. Аввалига оила бу хабардан довдираб қолмади, касалликка қарши курашишга ҳаракат қилди. Даволанишлар олиб борилди, текширувлар ўтказилди.

Бироқ вақт ўтгани сари касаллик асоратлари кучайиб борди. Бу ҳолат баъзан Шерзод Жўраевни тушкунликка ҳам тушириб қўйган.

“Бу синов, ҳали ҳаммаси ўтиб кетади. Биз бу касалликни енгамиз. Ҳаётга қаранг, одамларга қаранг, яқинларингиз, фарзандларингиз бор. Курашиш учун жуда кўп сабаблар бор, деб турмуш ўртоғимга тасалли бериб турардим”, - дейди Наргиза Рўзиева.

Оила бир неча марта Навоий ва Тошкентда текширувлардан ўтди. Шифокорлар жигар трансплантацияси, яъни жигар кўчириб ўтказиш амалиёти зарурлигини билдирди. Бунинг учун эса донор керак эди.

“Биринчи бўлиб ўзим жигаримни бераман дедим. Сингиллари ҳам донор бўлишга тайёрлигини айтди. Бир нечта текширувлардан кейин менинг натижаларим мос келди. Турмуш ўртоғимга жигаримни беришим мумкин экан. Буни эшитганимда жуда хурсанд бўлдим.

Аллоҳга шукур қиламан. Бу берган неъматлари олдида кичик бир синов. Насиб қилса, иккимиз ҳам бу синовдан ўтамиз”, - деган у операцияга киришдан олдин.

Операция Навоий вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида – вилоятда биринчи марта ўтказилди.

Навоий вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бош жарроҳи, тиббиёт фанлари номзоди Ўткир Хушвақтовнинг айтишича, операция Миллий тиббиёт маркази мутахассислари билан ҳамкорликда амалга оширилган.

Унинг таъкидлашича, бундай амалиётларнинг ҳудудларда йўлга қўйилиши юқори технологияли тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш имконини беради. Шунингдек, маҳаллий мутахассислар ҳам бундай мураккаб операцияларни бажариш бўйича тажриба орттиради.

Жигар трансплантацияси жуда мураккаб жарроҳлик амалиёти ҳисобланади. Операция вақтида бир вақтнинг ўзида ҳам донор, ҳам бемор операция қилинади. Бу эса шифокорлар жамоасидан катта масъулият ва кўплаб мутахассисларнинг ҳамкорлигини талаб қилади.

Маълум бўлишича, ушбу операцияга уч ой давомида тайёргарлик кўрилган. Шерзод Жўраевга турмуш ўртоғининг жигарини кўчириб ўтказиш амалиёти қарийб 12 соат давом этган ва муваффақиятли якунланган.

Маълумотларга кўра, 2025 йилнинг ўзида Миллий тиббиёт марказида 150 та жигар трансплантацияси амалга оширилган. Навоий вилояти эса бундай мураккаб операция ўтказилган олтинчи ҳудудга айланди.

Шифокорлар жамоаси қарийб ярим кун давомида операция хонасида ишлашди.

Операциядан кейин Шерзод Жўраев учун энг катта енгиллик – гапира олиш имкони бўлди.

“Аёлим донорлик қиламан деган пайтда аввало ўзим қаршилик қилганман. Болаларимизни ўйладим. Агар иккимиз ҳам операциядан соғлом чиқмасак, уларнинг тақдири нима бўлади, деб хавотирландим.

Аммо аёлим қароридан қайтмади. Касалликка қарши бирга курашамиз, деб ёнимда турди.

Наркоздан чиққанимдан кейин биринчи излаганим у бўлди. Уни кўрдим, ёнимдаги кроватда ётар экан. Иккимиз ҳам операциядан яхши чиқдик. Шундай аёлни бергани учун шукур қиламан”, - дейди у.

Операциядан кейин Наргиза Рўзиева ўзини яхши ҳис қилаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу қарорни қабул қилиш осон бўлмаган, аммо у турмуш ўртоғини ёлғиз қолдиришни тасаввур ҳам қила олмаган.

“Аввало Аллоҳга шукур қиламан. Кейин яқинларимиз, фарзандларимиз ва дуо қилиб турган одамларнинг қўллаб-қувватлаши бизга куч берди. Албатта, қўрқув бўлди, йиғлаган пайтларим ҳам бўлди. Лекин барибир қалбимда ишонч бор эди – биз бу синовдан ўтамиз деб ишонардим.

Турмуш ўртоғим аввал донорликка қарши бўлди. Болаларимиз ҳақида ўйлади, менинг соғлиғимдан хавотир олди. Қатъий турдим, агар шу ҳолатга мен тушганимда сиз ҳам ўзингизни аямаган бўлардингиз. Чунки оилада бир-бирини асраш – энг катта бурч, дедим.

Операциядан кейин кўзимни очганимда биринчи сўраганим турмуш ўртоғим бўлди. Унинг тириклиги, соғломлиги мен учун ҳаммасидан муҳим эди.

Мен бу ишни қаҳрамонлик деб ҳисобламайман. Бу – оила учун қилинган оддий бурч. Агар оилада муҳаббат ва ишонч бўлса, инсон ҳар қандай синовдан ўта олади. Айниқса, оилани сақлаб қолиш учун аёл киши синовларга бардош бериши, қийинчиликларга тайёр туриши лозим.

Биз гўё ҳаётга қайтадан келгандек бўлдик. Энди янада кучлироқ яшаймиз, фарзандларимиз билан бахтли ҳаёт кечиришни истаймиз”, - дейди Наргиза Рўзиева.

Бу воқеа инсон қалбидаги муҳаббат ва садоқат баъзан тиббиётнинг энг мураккаб амалиётларига ҳам куч бағишлашини яна бир бор кўрсатди. Навоийдаги бу операция нафақат бир оиланинг ҳаётини сақлаб қолди, балки ҳудудларда ҳам юқори технологияли тиббий амалиётларни амалга ошириш мумкинлигини кўрсатди.

Исомиддин Пулатов
Муаллиф Исомиддин Пулатов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид