Туризм | 15:06
388
1 дақиқада ўқилади

Бир йилда туризм соҳасидаги ташкилотлар сони 21 фоизга кўпайди

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил 1 феврал ҳолатига Ўзбекистонда туроператорлар, турагентлар ҳамда туризм соҳасида хизмат кўрсатувчи бошқа ташкилотлар сони 3 143 тани ташкил этган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 551 тага ёки 21,3 фоизга ошган.

Фото: Adobe Stock

Статистикага кўра, мамлакатда туризм соҳасида фаолият юритаётган ташкилотлар сони сўнгги йилларда барқарор ўсиш суръатини намоён этмоқда. Жумладан, 2022 йил 1 феврал ҳолатига бу кўрсаткич 1 841 тани ташкил этган бўлса, 2023 йилда 2 374 тага етган. 2024 йилда 2 539 та, 2025 йилда эса 2 592 та ташкилот фаолият юритган.

2026 йилга келиб мазкур кўрсаткич 3 143 тага етгани мамлакатда туризм хизматларига бўлган талаб ортиб бораётганини ҳамда соҳада янги компаниялар сони кўпайиб бораётганини кўрсатади.

Сўнгги йилларда туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган давлат дастурлари, визавий тартибларнинг соддалаштирилиши, ички ва ташқи туризмни қўллаб-қувватлаш чоралари ҳамда янги инфратузилма объектларининг барпо этилиши соҳада фаолият юритаётган компаниялар сонининг кўпайишига хизмат қилмоқда.

Шунингдек, туроператор ва турагентлар сонининг ортиши мамлакатга келаётган хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш, ички туризмни рағбатлантириш ва туризм хизматлари бозорида рақобат муҳитини кучайтиришда муҳим омил ҳисобланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид