Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроил Ливанга янги зарбалар берди, ҳалок бўлганлар бор
ЦАҲАЛ Байрут маркази, жанубий туманлари, шунингдек, “Ҳизбуллоҳ” инфратузилмаси жойлашган шаҳар атрофига ҳужум қилди. Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ливан университети ва пляжга берилган зарбалар оқибатида ҳалок бўлганлар борлигини маълум қилди.
Фото: AP
Исроил мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) Ливандаги операцияларни кенгайтириш режалари ҳақидаги баёнотдан сўнг Байрут маркази, жанубий туманлари ва шаҳар атрофига зарбалар берди. Хусусан, 12 март, пайшанба куни Ливан университети кампуси, шунингдек, “Ҳизбуллоҳ” билан боғлиқ молиявий компания офиси нишонга олинган, деб хабар берди AFP агентлиги.
Ливан давлат ахборот агентлиги NNA маълумотига кўра, ўқув юрти кампусига дрон зарбаси берилиши оқибатида икки нафар ходим ҳалок бўлган. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги, шунингдек, Байрут жанубида жойлашган Арамун шаҳрида беш киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Вазирликка кўра, улар орасида бир нафар бола ҳам бор. Бундан ташқари, вазирлик Байрутдаги Рамлет ал-Байда пляжига эрталабки ҳужум оқибатида ҳалок бўлганлар сони 12 нафарга етганини, яна 28 киши яраланганини билдирди.
Умуман олганда эса, Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 12 март куни бутун мамлакат бўйлаб ўққа тутишлар натижасида 56 киши ҳалок бўлган, яна 188 киши яраланган. Вазирлик баёнотида айтилишича, 2 мартдан буён Ливанга қилинган ҳужумлар бошланганидан бери ҳалок бўлганлар умумий сони 687 нафарга етган, улар орасида 98 нафар бола ва 52 нафар аёл бор, қарийб 1800 киши яраланган.
Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац бир кун олдин “Ҳизбуллоҳ” унинг мамлакатига “оммавий ҳужум” қилганини эслатди. “Мен Ливан президентини огоҳлантирдим: агар Ливан ҳукумати ўз ҳудудини назорат қилиш ва ‘Ҳизбуллоҳ’ томонидан Исроилнинг шимолий аҳоли пунктларига таҳдидларнинг олдини олишни билмаса, у ҳолда биз ҳудудни эгаллаймиз ва буни ўзимиз қиламиз”, — дея Кацнинг ЦАҲАЛ раҳбарияти билан учрашувда айтган сўзларини The Times of Israel нашри келтиради.
Мудофаа идораси раҳбари, шунингдек, мамлакат бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан биргаликда ЦАҲАЛга “шимолий ҳудудларда тинчлик ва хавфсизликни тиклаш учун Ливандаги фаолиятни кенгайтиришга тайёргарлик кўриш” топшириғини берганини айтди. Бундан ташқари, ЦАҲАЛ вакиллари Ливаннинг жанубий аҳоли пунктлари аҳолисини “Ҳизбуллоҳ”га қарши кутилган ҳарбий ҳаракатлар ҳақида огоҳлантириб, уларни уйларини тарк этишга чақирди.
12 март кунги зарбаларга изоҳ берар экан, ЦАҲАЛ “Ҳизбуллоҳ” билан бирга ҳаракат қилаётган Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) дивизиясининг қўмондони ва қўмондон ўринбосари ўлдирилганини маълум қилди. Исроил армияси маълумотига кўра, март ойи бошидан буён Ливанда 350 нафар жангчи ўлдирилган.
АҚШ ва Исроил 28 февралдан буён Эронга ҳаво зарбалари бериб келмоқда. Бу ҳужумлар оқибатида Ислом Республикасининг олий раҳбари Али Хоминаий ва Эрон раҳбариятининг бошқа аъзолари ўлдирилган. Бунга жавобан Эрон Исроилга, Форс кўрфази минтақасидаги айрим мамлакатларга ва минтақадаги Америка ҳарбий объектларига зарбалар бермоқда.
“Ҳизбуллоҳ” 2 март куни Эрон томонида туриб урушга қўшилиб, Исроилга ракета ва дронлар билан ҳужум қилганидан сўнг, ЦАҲАЛ ҳам Ливан жанубига ва Байрутнинг жанубий атрофларига, гуруҳ инфратузилмаси жойлашган ҳудудларга зарбалар берди.
Мавзуга оид
12:40
Мужтаба Хоминаий: Эрон ташқи босимга таслим бўлмайди
22:30 / 12.03.2026
“Исроил бошқалар қўли билан урушни кенгайтирмоқчи” – сиёсатшунослар
11:44 / 12.03.2026
Ҳўрмуз бўғози ҳудудида учта фуқаролик кемасига ҳужум қилинди
10:42 / 12.03.2026