Иқтисодиёт | 14:31
818
2 дақиқада ўқилади

Статистика: иқтисодиёти энг тез ўсган ҳудудлар рўйхати

Миллий статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, 2025 йил якунлари бўйича Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ўсиш суръатларини намоён этган. Хусусан, мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажми жорий нархларда 1 849,7 трлн сўмни ташкил этиб, 2024 йилга нисбатан 7,7 фоизга ошган.

Ҳудудлар кесимида ялпи ҳудудий маҳсулот (ЯҲМ) кўрсаткичлари таҳлил қилинганда, Тошкент шаҳри иқтисодий ўсиш суръати бўйича етакчилик қилган. Пойтахтда ЯҲМ ҳажми 367 222,3 млрд сўмга етган бўлиб, ўсиш суръати 11,3 фоизни ташкил этган.

Иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари бўйича иккинчи ўринни Сирдарё вилояти эгаллади. Ушбу ҳудудда ялпи ҳудудий маҳсулот 35 794,4 млрд сўмни ташкил этиб, йиллик ўсиш 9,8 фоизга тенг бўлган. Кейинги ўринларда эса Наманган ва Жиззах вилоятлари қайд этилди — ҳар икки ҳудудда ҳам иқтисодий ўсиш суръати 8,2 фоизни ташкил қилган.

Шунингдек, Самарқанд вилоятида ЯҲМ 121 489,5 млрд сўм (+8,0 фоиз), Фарғона вилоятида 111 305,3 млрд сўм (+8,1 фоиз), Хоразм вилоятида 62 987,5 млрд сўм (+7,9 фоиз) ва Навоий вилоятида 167 964,6 млрд сўм (+7,7 фоиз)га етган.

Тошкент вилоятида ялпи ҳудудий маҳсулот 180 177,4 млрд сўмни ташкил этиб, иқтисодий ўсиш 7,2 фоизни ташкил этган. Бухоро вилоятида ҳам худди шундай кўрсаткич қайд этилган — 86 608,1 млрд сўм (+7,2 фоиз). Қорақалпоғистон Республикасида эса ЯҲМ 54 076,9 млрд сўмни ташкил этиб, ўсиш 7,2 фоиз бўлган.

Андижон вилоятида ялпи ҳудудий маҳсулот 107 717,6 млрд сўм (+6,8 фоиз), Қашқадарё вилоятида 98 783,4 млрд сўм (+6,8 фоиз) ва Сурхондарё вилоятида 66 186,5 млрд сўм (+6,6 фоиз)га етган.

Ҳудудларда иқтисодий ўсиш суръатлари саноат, хизматлар соҳаси, қишлоқ хўжалиги, инвестиция лойиҳалари ва инфратузилма ривожи билан узвий боғлиқ. Айрим ҳудудларда янги саноат корхоналари ишга туширилиши, ишлаб чиқариш ҳажмининг кенгайиши ва хизматлар бозорининг ривожланиши иқтисодий ўсиш суръатларини янада жадаллаштирган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид