Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Суперлига. «Нефтчи»ни тўхтатиб бўлмаяпти ва Миржалол Қосимовдан ҳаётий ўгит
Ўзбекистон Суперлигасида 3-тур ўйинлари ўтказилди. «Нефтчи» йирик ҳисобдаги ғалабалар сериясини давом эттирди. «Навбаҳор» бу асрда биринчи марта Тошкентда «Пахтакор»ни енгди. «Динамо» Самарқандда «Насаф»га қарши ўйинларда 18 йилдан бери давом этаётган нохуш анъанани бузолмади. Миржалол Қосимов ОКМК клубининг муваффақиятсиз стартини интернетда дарҳол машҳур бўлиб кетган фалсафий жумлалар билан изоҳлади.
Фото: Нефтчи ПФК
10-12 март кунлари футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасида 3-тур ўйинлари ўтказилди.
НЕФТЧИ 3:0 АНДИЖОН
Голлар: Алишер Одилов, 42 (1:0), Жамшид Искандаров, 50 (2:0), Анваржон Ғофуров, 56 (3:0)
Амалдаги чемпион «Нефтчи» ғалабали қадамини давом эттирди ва бу сафар «Андижон»ни йирик ҳисобда енгди. Бош мураббий Исломбек Исмоилов шогирдлари чемпионат стартида ҳар бир ўйинни 3:0 ҳисобида якунламоқда.
Самвел Бабаян қўл остидаги «Андижон» дастлабки ғалабадан сўнг, қаторасига икки марта ютқазди. Бундан ташқари, Бабаян мураббий сифатида илк маротаба «Нефтчи»га ютқазди. Андижонликлар устози ўйиндан кейин ҳафсаласи пир бўлганини яширмади. «Бу мағлубият мен учун янада аламли, чунки «Нефтчи» таркибида тарих ёзаётган кўплаб футболчиларни ўзим тарбиялаганман», деди у.
ПАХТАКОР 0:2 НАВБАҲОР
Голлар: Катулонди Кати, 47 (0:1), Русланбек Жиянов, 65 пен (0:2)
Тошкентдаги қорли майдонда «Пахтакор» ва «Навбаҳор» тўқнаш келди. Кескин курашларга бой ўйин тақдирини иккинчи бўлимдаги голлар ҳал қилди ва наманганликлар ғалабани илиб кетди. «Пахтакор» чемпионат стартидаги иккита ғалабадан кейин мағлубият аламини татиб кўрди.
«Навбаҳор» бу асрда илк маротаба «Пахтакор»ни Тошкентда енгди. Наманганликлар бош мураббийи Темур Кападзе «Пахтакор»ни мағлуб этиш ёқимли эканини таъкидлади. «Ўйин бўйича рақибдан кучли эдик, «Пахтакор»га қарши баҳс – ҳар бир клуб учун мотивация» деб қўшимча қилди у.
«Пахтакор» устози Камолиддин Тожиев мағлубиятдан ҳайрон эканини айтди. «Йигитларни танимай қолдим. Тўғрисини айтсам, нима юз берганини тушунмадим», деди у.
МАШЪАЛ 0:2 ҚИЗИЛҚУМ
Голлар: Жамбули Жигаури, 39 (0:1), Шоҳруз Норхонов, 90+1 (0:2)
«Машъал» чемпионатнинг аутсайдерига айланди. «Қизилқум»га ютқазган муборакликлар 3 та мағлубият билан жадвал тубига ўрнашди. Бундан ташқари, ҳали бирор марта рақиб дарвозасини ишғол этолмади. «Қизилқум» эса илк ўйиндаги мағлубиятдан кейин қаторасига икки марта ғалаба қозонди.
«Машъал» бош мураббийи Игор Суров бетоблиги туфайли бу ўйинда иштирок этмади. Унинг ўрнини эгаллаган Отабек Нарзуллаев жамоанинг муваффақиятсиз стартини тайёргарлик яхши бўлмагани билан изоҳлади. «Қишки йиғинни ўзимизда ўтказдик, Туркияга бормадик, назорат ўйинларини эса асосан Про-Лига клубларига қарши ўтказдик. Менимча, бу ҳам ўз таъсирини кўрсатди», деди у.
БУХОРО 1:1 ХОРАЗМ
Голлар: Владимир Родич, 36 (1:0), Азизжон Аҳроров, 49 (1:1)
Чемпионатни кутилмаган иккита ғалаба билан дадил бошлаган «Бухоро» бу турда қоқилди. Бош мураббий Александр Хомяков шогирдлари ҳисобни очган бўлса-да, иккинчи тайм бошида гол ўтказиб юборди. Қолган дақиқаларда «Хоразм» ишончли ҳаракат қилиб, дурангни ушлаб қолишга эришди.
ЛОКОМОТИВ 0:0 ҚЎҚОН-1912
Про-Лигадан қайтган «Локомотив» қаторасига иккита мағлубиятдан сўнг, кутилмаганда «Қўқон-1912» қаршилигини синдиролмади. Темирйўлчилар 9 йилдан буён ўз майдонида бунга эришолмаяпти. Қўқонликлар илк очкосини қўлга киритди, аммо ҳамон жадвал тубида бормоқда.
СУРХОН 0:0 БУНЁДКОР
Термизда ўтган баҳсда ҳар икки жамоада яхши вазиятлар бўлди, аммо ҳисоб очилмади. «Сурхон» илк очкосини қўлга киритди.
«Бунёдкор» бош мураббийи Илёс Зейтуллаев молиявий қийинчиликларга шама қилди. «Сўнгги янгиликлардан кейин футболчиларни руҳлантириш қийин, бироқ шунга қарамай, улар майдонга тушиб, бор кучини ўйинга бағишламоқда. Футболчилар тўрт ойдан бери маош олмаяпти, биз оиламизни боқишимиз керак, деб мурожаат қилмоқда. Ўйлайманки, «Бунёдкор»даги вазиятга эътибор қаратишади», деди у.
ДИНАМО 1:1 НАСАФ
Голлар: Анваржон Ҳожимирзаев, 44 (1:0), Шароф Муҳиддинов, 90+2 (1:1)
Самарқандда турнинг марказий ўйини бўлиб ўтди. «Динамо» биринчи бўлим охирида ҳисобни очди, аммо ғалабани ушлаб қололмади. Сўнгги дақиқалардаги гол «Насаф»ни мағлубиятдан асраб қолди. «Динамо» 18 йилдан буён ўз майдонида «Насаф»ни мағлуб этолмаяпти.
Ўйиндан кейин «Динамо» бош мураббийи Вадим Абрамов футболчилар 4 ойдан бери маош олмаётганини айтди. «Насаф» бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ҳам молиявий қийинчиликлар борлигини тан олди, аммо Қашқадарёнинг имкониятлари жуда кенглиги, вилоят раҳбари футболга умуман бефарқ эмаслиги, шу боис бу борада кўнгли тўқлигини таъкидлади.
ОКМК 2:2 СЎҒДИЁНА
Голлар: Люпчо Дориев, 45 (0:1), Сиаваш Ҳақназарий, 54 (1:1), Аброр Каримов, 74 (2:1), Отабек Жўрақўзиев, 90+1 (2:2)
Кутилмаганда чемпионатни икки мағлубият билан бошлаган ва жадвал тубига тушиб қолган жамоаларнинг ўйини қизиқарли кечди. ОКМК ғалабага яқинроқ эди, аммо ўйин охирида гол ўтказиб юборди ва 3 очкони қўлдан чиқарди.
ОКМК бош мураббийи Миржалол Қосимов чемпионат стартидаги қийинчиликларга фалсафий ёндашишини маълум қилди. «Биз ҳам қаердадир хато қилгандирмиз, беайб - Парвардигор. Ҳаммасига сабр қилиш керак. Машинада кетаётиб, олдиндаги «Дамас» ойнасидаги ёзувга кўшим тушиб қолди, лотинчада ёзилган экан: «Бир гап бўлар, қайси бирига сиқилай». Хуллас, шунақа гаплар», деди у.
3-тур ўйинларидан кейин Суперлига жадвали

Суперлига тўпурарлари

Футбол, Суперлига
Мавзуга оид
12:26 / 07.03.2026
Суперлига. «Нефтчи»нинг зўр старти ва жадвал тубига тушган «Сўғдиёна»
23:12 / 27.02.2026
Мундиал йилидаги мавсум: ким фаворит?
20:37 / 27.02.2026
Суперлигадаги легионерларнинг 95 фоизи маҳаллий футболчилардан кам маош олади – Диёр Имомхўжаев
23:19 / 11.02.2026