Жаҳон | 14:21
1548
5 дақиқада ўқилади

Исроил Ғазо сектори ва Ғарбий соҳилда 16 нафар фаластинликни ўлдирди

Якшанба куни Исроил кучлари Ғарбий соҳилда бир оиланинг 4 аъзоси – ота-она ва уларнинг ёш болаларини отиб ташлади. Ғазо секторидаги алоҳида ҳаво ҳужумларида эса 12 нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Reutersʼнинг ёзишича, бу Фаластин ҳудудларида сўнгги ҳафталарда қайд этилган энг кўп қурбонлардан бири бўлди.

Фото: Reuters

15 март куни Исроил ҳаво ҳужуми уюштириб, Ғазо секторининг марказий қисмидаги Завайда шаҳри кираверишида полиция автомобилига зарба берди. Оқибатда юқори мартабали полиция мулозими ва яна саккиз нафар офицер ҳалок бўлди. Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, камида 14 киши, асосан йўловчилар яраланган.

Фото: Reuters

Якшанба куни эрта тонгда эса Исроилнинг бошқа ҳаво ҳужумида Ғазо секторининг марказий қисми – Нусайратнинг ғарбий ҳудудига зарба берилган. Оқибатда уч киши: эркак, унинг ҳомиладор рафиқаси ва уларнинг ўғли ҳалок бўлган.

Фото: Reuters

Исроил ҳарбийлари бир кун аввал Ҳамас аъзолари ўз қўшинларига қарата ўт очган ҳодисага жавобан якшанба куни Ғазода зарба берганини маълум қилди. Улар бу зарба – полиция офицерлари ўлимига олиб келганими ёки Нусайратдаги оиланинг ўлимига сабаб бўлган ҳужумми, аниқлик киритмади.

Ғарбий соҳилда эса Исроил кучлари бир оиланинг 4 аъзоси – ота, она ва уларнинг икки фарзандини автомобилда кетаётган вақтида отиб ўлдирди.

Фаластин расмийларига кўра, Ғарбий соҳилнинг Таммун қишлоғида 37 ёшли Али Холид Бани Одеҳ, унинг 35 ёшли рафиқаси Ваад ва уларнинг беш ҳамда етти ёшли икки ўғли бошидан ўқ еб ҳалок бўлган.

Фото: Reuters

Автомобилда бўлган ва ўз оиласи ўлимига гувоҳ бўлган 8 ва 11 ёшли икки нафар катта ёшли болалар эса ўқ парчаларидан олинган енгил жароҳатлар билан тирик қолган.

Фаластин Қизил ярим ой жамияти ўз баёнотида Исроил кучлари дастлаб тиббиёт ходимларининг автомобил ичидаги ярадорларга етиб боришига тўсқинлик қилганини ва уларга ҳудудни тарк этишни буюрганини маълум қилди.

Омон қолган икки ўғилдан бири — 12 ёшли Холид шифохонада Reuters агентлигига «машина ўққа тутилишидан олдин онасининг йиғлаётганини ва отасининг дуо қилаётганини эшитганини» айтди. «Биз тўғридан тўғри ўққа тутилганимизда манбасини билмадик. Акам Мустафо ва мендан ташқари машинадагиларнинг ҳаммаси ҳалок бўлди», деди бола. У аскарлар уни машинадан судраб чиқариб калтаклаганини ҳам қўшимча қилган.

Исроил ҳужумидан омон қолган икки ўғил / Фото: AP

Исроил ҳарбийлари ва чегара полицияси ўша вақтда шаҳарчада қўшма операция ўтказаётганини билдирди. Уларнинг даъво қилишича, автомобил Исроил кучлари томон тезликни ошириб келган.

«Операция давомида бир автомобил кучлар томон тезликни оширди, улар буни ўз хавфсизлигига бевосита таҳдид деб қабул қилди ва ўт очиш билан жавоб қайтарди. Натижада автомобил ичида бўлган тўрт нафар фаластинлик ҳалок бўлди», – дейилади ҳарбийлар баёнотида. Хабарда айтилишича, ҳодиса тафсилотлари ўрганилмоқда.

Шу билан дам олиш кунида Ғарбий соҳил ва Ғазода Исроил ҳужумларининг аниқланган қурбонлари сони 16 нафарга етди. Бундан ташқари, Фаластин идоралари душанбага ўтар кечаси Исроил кўчманчиларининг ҳужуми оқибатида яна бир фаластинлик ўлдирилганини маълум қилди.

Зўравонликлар тўхтамаяпти

Ғазода 2025 йил октябр ойида Исроил-Ҳамас ўт очишни тўхтатиш бўйича АҚШ бошчилигида келишувга эришганди. Шунга қарамай, Фаластин бўйлаб мунтазам равишда зўравонликлар содир бўлмоқда.

Аҳоли, шифокорлар ва таҳлилчилар фикрига кўра, 28 февралда АҚШ ва Исроил Эронга ҳужум бошлаганидан кейинги кунларда Ғазодаги Исроил ҳужумлари камайган. Аммо сўнгги кунларда улар яна кўпая бошлаган: Эронда уруш бошланганидан бери Исроил ўқларидан камида 36 фаластинлик ҳалок бўлган.

Фото: Reuters

Ҳудуд соғлиқни сақлаш вазирлиги октябр ойидаги сулҳдан бери камида 670 киши Исроил ўқларидан ҳалок бўлганини айтмоқда. Исроил эса шу давр мобайнида Ғазода тўрт нафар аскари ўлдирилганини билдирди.

BBC нашрининг БМТ маълумотларига таяниб ёзишича, Ғарбий соҳилда ҳам Ғазодаги урушдан кейин зўравонлик ҳолатлари кескин ошган. Хусусан, БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси ҳисоботига кўра, 2023 йил 7 октябрдан 2026 йил 8 мартгача бўлган даврда босиб олинган Ғарбий соҳилда 1064 нафар фаластинлик ўлдирилган, уларнинг камида 231 нафари болалардир.

Бундан ташқари, 28 февралда АҚШ, Исроил ва Эрон ўртасида уруш бошланганидан бери ишғол остидаги Ғарбий соҳилнинг катта қисмида ҳаракатланиш бўйича қатъий чекловлар сақланиб қолмоқда. 

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид