Жаҳон | 13:41
990
3 дақиқада ўқилади

Бокуда франциялик шахс жосуслик айби билан 10 йилга ҳукм қилинди

Озарбойжон ҳокимияти 2015 йилдан буён мамлакатда яшаб келган франциялик тадбиркорни Тоғли Қорабоғ можароси вақтида армия ҳақида маълумот тўплашда айблади. Уларнинг маълумотига кўра, Мартин Райан бу мақсадда дипломатлар билан учрашиб турган.

Фото: AFP/Getty Images

Бокудаги суд франциялик тадбиркор Мартин Райанни 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди. 16 март, душанба куни у «жосуслик» иши бўйича айбдор деб топилди, деб хабар бермоқда AFP ва Reuters. У Бокунинг Туркия ва Покистон билан ҳарбий ҳамкорлиги ҳақида махфий маълумотларни тўплаганликда айбланмоқда.

Райаннинг эҳтимолий шериги сифатида кўрилган Озарбойжон фуқароси Азад Мамедли эса «давлатга хиёнат» айби билан 12 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Суд муҳокамаси 2025 йил январидан буён давом этаётган эди. Ҳар икки айбланувчи ҳам ўз айбини тан олмади.

Mercorama компаниясининг бош директори Мартин Райан 2023 йил декабрида қўлга олинган. Иш материалларида айтилишича, у Франция дипломатлари билан учрашиб турган, аммо улар амалда махсус хизмат ходимлари бўлгани иддао қилинган, шунингдек у уларни Мамедли билан таништирган.

Райаннинг айтишича, у 2015 йилда Озарбойжонга келган ва шундан буён Франция дипломатик миссиясининг айрим ходимлари билан танишган. Тадбиркорнинг суддаги баёнотларига таяниб ёзилишича, улар турли мавзуларни муҳокама қилган бўлса-да, у ҳеч қачон элчихона ходимларидан пул олмаган ва молиявий манфаатни кўзламаган. Oxu нашри маълумотига кўра, Райан Тоғли Қорабоғ можароси даврида Озарбойжон армиясининг қуролланиши ва шахсий таркиб билан таъминланиши ҳақида маълумот тўплаганликда айбланган.

AFP қайд этишича, тадбиркорнинг қўлга олиниши Париж ва Боку ўртасида жиддий дипломатик таранглик ҳукм сураётган бир пайтда юз берган. Озарбойжон президенти Илҳом Алиев 2023 йилда Францияни Арманистонга француз қуролларини етказиб бериш орқали Кавказда янги урушни қўзғатишда айблаган эди. Парижда эса Боку Ереванга таҳдид солаётгани айтилган.

Шу муносабат билан Озарбойжон француз дипломатларини мамлакатдан чиқариб юборди, ортидан Париж ҳам худди шундай чора кўрди. Франция Ташқи ишлар вазирлиги Райаннинг ҳибсга олинишини «ўзбошимчалик» деб атади ва уни озод қилишга чақирди, аммо бу уринишлар самара бермади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид