Жаҳон | 20:02 / 17.03.2026
6051
2 дақиқада ўқилади

Эроннинг янги олий раҳбари АҚШ билан музокаралар таклифини рад этди

Мужтаба Хоминаий АҚШ ва Исроил тиз чўкмагунча, мағлубиятни тан олмагунча ва товон тўлашга рози бўлмагунча, тинчлик учун қулай вақт бўлмаслигини айтгани таъкидланмоқда.

Фото: The New York Times

Эроннинг янги олий раҳбари Мужтаба Хоминаий икки воситачи орқали юборилган АҚШ билан тинчлик музокаралари бўйича таклифни қабул қилишдан бош тортди. Бу ҳақда анонимлик шарти билан Эрон раҳбариятининг юқори мартабали вакили маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, мамлакат олий раҳбарияти йиғилишида Мужтаба Хоминаий «АҚШ ва Исроил тиз чўкмагунча, мағлубиятни тан олмагунча ва товон тўлашга рози бўлмагунча, тинчлик учун қулай вақт бўлмаслигини» айтган.

Йиғилишда Эроннинг янги олий раҳбари шахсан иштирок этганига аниқлик киритилмаган. Аввалроқ, манбалар 28 феврал куни АҚШ ва Исроил томонидан Эронга берилган зарбалар оқибатида яраланган Мужтаба Москвада даволанаётганини маълум қилганди. Россия ҳукумати бу маълумотга изоҳ беришдан бош тортди.

Axios ва Drop Site News нашрлари Эрон ва АҚШ бевосита алоқаларни тиклагани ҳақида хабар берди. Axios версиясига кўра, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткоффга урушни тўхтатиш ҳақида хабар юборган. Ўз навбатида, Drop Site News нашри Эрон манбаларига таяниб, Уиткофф алоқа ўрнатишга уринганини таъкидлади. Ароқчи ижтимоий тармоқда Уиткофф билан алоқада эмаслигини ёзди.

16 март куни президент Доналд Трамп Эрон АҚШ билан алоқага чиққанини, бироқ бунда иштирок этаётган эронлик амалдорлар келишув тузиш ваколатига эга ёки эга эмаслиги аниқ бўлмаганини айтди. Шу билан бирга, Трамп Эрон билан музокараларга умуман қарши эмаслигини айтди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид