Ўзбекистон | 07:08
5955
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Эрон халқига инсонпарварлик ёрдами юборди

Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотлари ва тиббий буюмлардан иборат инсонпарварлик ёрдамини Туркманистон орқали Эронга етказиб берди. Эрон расмийлари мазкур ташаббус икки давлат ўртасидаги дўстлик ва ўзаро қўллаб-қувватлашнинг ёрқин ифодаси эканини таъкидлаган.

Фото: ТИВ матбуот хизмати

16 март куни Ўзбекистон томонидан Эрон халқига инсонпарварлик ёрдами юборилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Вазирликка кўра, инсонпарварлик ёрдами — ун, гуруч, шакар, макарон маҳсулотлари, кунгабоқар ёғи, консервалар каби озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, дори воситалари ва тиббий буюмлардан иборат. Бир нечта юк машиналарида ёрдам аллақачон Эрон томонига етказилди.

Инсонпарварлик юкларини қабул қилиб олишда Эроннинг Дарегаз шаҳри ҳокими Мужтабо Базмара, Эрон Ташқи ишлар вазирлигининг Хуросон Разовий вилоятидаги идораси раҳбари, вазир маслаҳатчиси Али Масумифар ҳамда Эроннинг Туркманистондаги элчиси Али Мужтаба иштирок этди.

ТИВ юкларнинг миқдори ва Ўзбекистон томонидан кимлар қатнашганига аниқлик киритмаган. Расмларда собиқ сенатор, Ўзбекистоннинг Туркманистондаги элчиси Равшанбек Алимов Эрон расмийларига юкларни топшираётгани кўринади.

«Тадбир давомида расмийлар Эрон халқига кўрсатилган инсонпарварлик ёрдами ва юксак эътибор учун Ўзбекистон президентга самимий миннатдорлик билдирди. Улар мазкур ташаббусни икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш анъаналарининг ёрқин ифодаси эканини таъкидлади», дейилади ТИВ баёнотида.

Маълумот учун, 28 февраль куни АҚШ ва Исроил Эронга қарши ҳужум бошлади. Эрон жавоб тариқасида Исроилга ҳамда АҚШнинг араб давлатларидаги базаларига ракета ва дронлар учирмоқда. Учинчи ҳафтасига ўтган уруш қурбонлари 2 минг кишидан ортди, уларнинг асосий қисми Эрон ва Ливанда. Бундан ташқари, уруш Яқин Шарқда беқарорлик ва глобал бозорларда ёқилғи нархларининг ошишига олиб келди.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид