Жаҳон | 14:55
1590
3 дақиқада ўқилади

Германия ТИВ раҳбари Эронда ҳарбий ечимга ишонмаяпти

Йоханн Вадефул Форс кўрфази мамлакатлари иштирокида музокаралар ўтказишга чақирди. Германия ташқи ишлар вазири фикрича, Яқин Шарқдаги можаронинг ҳарбий йўл билан ҳал этилиши “реал эмас”.

Фото: Sebastian Gollnow/dpa

Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул Эрон билан урушни ҳарбий воситалар орқали тўхтатиш мумкинлигига шубҳа билдирди. “Мен бу можарода ҳарбий ечим бўлади, деб ўйламайман”, — деди у 17 март, сешанба куни Берлинда ҳар йили ўтказиладиган анжуманда. Ушбу анжуманни Германиянинг Die Zeit, Handelsblatt, Tagesspiegel ва WirtschaftsWoche нашрлари ҳамкорликда ташкил этади.

Вазирнинг фикрича, бундай ечим “реал эмас”. Вадефул, шунингдек, ҳозирча Эронда режим алмашиши эҳтимолини ҳам кўрмаётганини айтди. “Мен бундай бўлади, деб ишонмайман”, — деди у. Сиёсатчи Форс кўрфази мамлакатлари ҳам қатнашадиган музокараларга чақирди. Германия ТИВ раҳбари таъкидлашича, маълум бир паллада Эрон билан “аниқ музокаралар олиб бориш”ни бошлаш зарур.

Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Барро анжуманда сўзга чиқиб, Эрондаги уруш оқибатида янги миграция тўлқинлари юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирди. “Бизга хавфсизлик, барқарорлик ва бошқа кўп нарсаларни таъминлайдиган режа керак”, — деди у. Икки сиёсатчи ҳам Европа барқарорлигининг аҳамиятини таъкидлади. Вадефулнинг айтишича, Европа илк бор “айнан ўз чегаралари ёнида икки уруш”га дуч келмоқда. “Биз танламаган урушларга тортилиб кетишимизга йўл қўймаймиз”, — деди Барро.

Шу куни эртароқ Берлинда Греция ташқи ишлар вазири Йоргос Герапетритис билан қўшма матбуот анжуманида сўзлаган Германия ТИВ раҳбари Россияни Яқин Шарқдаги ҳозирги инқироздан фойда кўраётган “спекулянт” деб атади. Унинг сўзларига кўра, нефт ва газ нархлари ошиши туфайли Москва манфаат кўрмоқда ва ўз ҳарбий хазинасини тўлдирмоқда.

Вадефул таъкидлашича, “Россия Украинага қарши урушни аввалгидек куч билан давом эттириш ниятида эканига ҳеч қандай шубҳа қолдирмаяпти”, шунинг учун Европа Иттифоқи ва Германия Россияга қарши энергетика санкцияларини қўллаб-қувватлаши, қўшимча чоралар орқали Россия даромадларини қисқартиришга интилиши керак. “Ҳар қандай ҳолатда ҳам, ҳозир санкцияларни юмшатиш нотўғри қадам бўлар эди”, — дея қўшимча қилди Вадефул.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид