Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жиззахда кластер фермерларни “ютиб юборяпти” - ҳисоб ҳозирча 195:0
Жиззахда кластер фермер хўжалигидан бир миллиард сўмдан ортиқ қарздор бўлиб қолди. Фермер айни пайтда ҳар томонлама босим остида қолган - солиқ ҳеч нарсани эшитишни истамаяпти, лизингга олинган техникалар қўлдан кетган, 80 гектарга экилган ғаллага бир марта ҳам ўғит берилмади. Айни баҳор мавсумида далада бўлиши керак бўлган деҳқон шу кунларда бир литр ёқилғига зор бўлиб турибди. 195 та ижро иши доирасида 62 миллиард сўм қарзи бор “JIZZAX INDUSTRIAL TO‘QIMA” кластерини ким қўллаяпти?
Фото: Жиззах вилояти ҳокимлиги
Шароф Рашидов туманидаги “Хумоюн Уралов” фермер хўжалиги раҳбари Аҳрор Шермонов “JIZZAX INDUSTRIAL TO‘QIMA” масъулияти чекланган жамиятидан ҳақини ололмай оғир молиявий ҳолатга тушиб қолганини айтмоқда. Фермернинг таъкидлашича, у етиштирган пахта хомашёси учун миллиардлаб сўм маблағ ҳалигача тўланмаган. Бу ҳолат эса фақат бир фермер эмас, балки тумандаги яна ўнлаб хўжаликларга таъсир қилган бўлиши мумкин.
Аҳрор Шермоновнинг айтишича, “Хумоюн Уралов” фермер хўжалигида пахта етиштириш бўйича кластер “JIZZAX INDUSTRIAL TO‘QIMA” МЧЖ билан шартнома тузилгунига қадар ҳаммаси яхши эди.
2023 йилги пахта шартномаси бўйича кластер 490 миллион сўм қарздор бўлиб қолган. Кейинчалик унинг бир қисми минерал ўғитлар билан ҳисоб-китоб қилинган ва ҳозирда 375 миллион сўм қарз қолган. 2025 йилги пахта ҳосили бўйича кластер яна 975 миллион сўмни тўламаган. Шу тариқа фермернинг ҳисоб-китобига кўра, умумий қарздорлик 1 миллиард 350 миллион сўмга етган.
195:0 - ҳозирча кластер “олдинда”
Мазкур масала юзасидан фермер Жиззах туманлараро иқтисодий судига даъво киритган. Суд қарорига кўра, кластердан фермер фойдасига 786 млн сўм асосий қарз, 30 миллион сўм пеня ҳамда почта харажатлари ундирилиши белгиланган. Суд қарори қонуний кучга кирган ва ижро учун Мажбурий ижро бюросига юборилган.
Мажбурий ижро бюроси Жиззах вилояти бошқармасининг Kun.uz’га маълум қилишича, ижро жараёни доирасида корхонанинг банк ҳисоб рақамларига банд солинган, мулклари хатланган ва активлари аукцион савдоларига чиқарилган. Сотувдан тушган маблағлар “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 78-80-моддаларига мувофиқ тақсимланмоқда.
Ушбу кластерга нисбатан 195 та ижро ҳужжати мавжуд, умумий қарздорлиги 62,6 миллиард сўм.
Шароф Рашидов тумани ҳокимлигига кўра, 2025 йилгача туманда жами бешта кластер фаолият юритган. Улардан бири пахта-ғалла, учтаси пахтачилик, бири эса пиллачиликка ихтисослашган. 2026 йилда эса иккита пахтачилик кластери фермерлар билан ҳисоб-китоблари якунланмагани сабабли кластерлар реестрига киритилмаган. Шулардан бири “JIZZAX INDUSTRIAL TO‘QIMA” МЧЖ.
Фермер бу йил ҳам миллионлаб зарар кўриши мумкин
Фермернинг айтишича, кластердан маблағ олинмаганига қарамай, солиқ тизимида автоматик тарзда даромад ҳисобланиб, қарздорлик юзага келган. Ҳозирда солиқ органлари томонидан тахминан 200 миллион сўм қарздорлик қайд этилган. Фермер бу маблағни кластердан пул келгандан кейин тўлашини билдирган бўлса-да, солиқ буни инобатга олмаётганини айтмоқда.
Молиявий қийинчиликлар фермернинг техникаларига ҳам хавф солмоқда. У 2023 йилда “UZMASHLIZING” МЧЖ орқали Беларус-1221 русумли трактор харид қилган. Қарздорлик ўз вақтида қопланмагани сабабли техника қайтариб олинган. 2024 йилда олинган пахта териш комбайни бўйича қарз эса пенялари билан 700 миллион сўмга етган. Фермернинг айтишича, лизинг компанияси фермер хўжалигини банкротликка бериш масаласини кўриб чиқиши мумкинлигини билдирган.
Фермерга кўра, ҳозирги кунда 50 гектар ерга пахта экиш учун зарур тайёргарлик ишлари тўлиқ бошланмаган. Техника етишмайди, ёқилғи ва минерал ўғитлар харид қилиш имконияти ҳам чекланган. Шунингдек, кузда экилган 80 гектар ғалла майдонига бу йил бир марта ҳам минерал ўғит берилмаган.
Фермер кластер раҳбарияти билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш ҳар доим қийин бўлганини айтмоқда. Унинг сўзларига кўра, компания раҳбарлари тез-тез алмашган ва масъул шахсларни топиш мушкул бўлган. Фермер суд ижрочиларидан кластер балансидаги мол-мулкни ундиришни сўраганида, компания балансида активлар деярли йўқлиги айтилган.
Фермернинг таъкидлашича, кластер билан ҳамкорлик шартномаси туман ҳокимлиги тавсияси асосида тузилган. Унинг айтишича, 2025 йилда шартнома тузиш пайтида кластер 2023 йилги қарзларни ҳам қоплаб беришини айтган.
Фермерни хафа қилса бўлаверади(ми?)
Мазкур ҳолат бир нечта муҳим саволларни кун тартибига олиб чиқмоқда. Қандай қилиб қарздорлиги 62,6 миллиард сўмга етган компания билан ўнлаб фермерлар шартнома тузган? 195 та ижро ҳужжати мавжуд бўлган корхона билан ҳамкорликда ишлаган фермерлар ўз маблағларини қай тартибда ундириб олиши мумкин? Аукцион орқали сотилаётган мулклар бу қарзларни қоплашга етадими, деган савол фермерларни, ҳақдорларни ташвишга солмоқда.
Аслида кластер тизими фермерларга қанот бўлишига умид қилинган, бюрократик тўсиқларсиз, тенгма-тенг ишлаши учун бошланган ислоҳот натижаси ҳисобланади. Бироқ сўнгги йилларда кузатяпмизки, фермернинг “бурнини қонатадиганлар” айнан кластерлар бўлмоқда. Миллионлаб, миллиардлаб маблағини йўқотган фермер суд эшигида сарсон, МИБнинг, солиқнинг қовоғига қарашга мажбур бўляпти. Бу каби муаммоларнинг тизимли тарзда авж олиб кетмаслиги учун жиддий чоралар кўрилмас, фермернинг меҳнати кафолатланмас экан, қишлоқ хўжалиги жиддий зарар кўришда давом этаверади.
Эслатиб ўтамиз, бир муддат аввал Ургут туманидаги «UKRACH FAYZ» МЧЖ ҳам фермерларнинг ҳақини бермай келаётгани хабар қилинганди. Фермер ҳозирга қадар қарздорлик тўлаб берилмаганини Kun.uz’га маълум қилди. Ушбу кластер 16 та фермер хўжалигидан жами 2,17 миллиард сўм қарздор бўлганди.
Мавзуга оид
18:06 / 17.03.2026
Жиззах ва Андижонда ЙПХ ходимлари қўлга олинди
17:47 / 17.03.2026
Жиззахдаги хусусий боғчада бассейнга чўкиб ўлган бола иши бўйича ҳукм ўқилди
20:37 / 16.03.2026
Жиззахда «оперативник» фириб устида қўлга олинди
21:12 / 15.03.2026