Жаҳон | 12:16 / 19.03.2026
2356
3 дақиқада ўқилади

Вадефул Эрон билан уруш туфайли глобал инқироздан хавотирда

Германия ташқи ишлар вазири Эронга қарши ҳарбий операция бу мамлакатда тартибли режим алмашинувига олиб келмайди, деб ҳисоблайди. Йоханн Вадефул фикрича, сиёсий ечим излашда Европа ҳам ўз ролини ўйнаши керак.

Фото: Maryam Majd/Getty Images

Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул Эронга қарши урушнинг янада кенгайиши ва унинг глобал оқибатлари хавфи ҳақида огоҳлантирди. Христиан-демократ сиёсатчи 18 март, чоршанба куни Берлинда француз ҳамкасби Жан-Ноэл Барро билан учрашувда шундай деди: уруш “нафақат ушбу минтақани, балки бутун дунёни ҳам жуда чуқур инқирозга гирифтор қилиши мумкин бўлган ҳақиқий кескинлашиш салоҳиятига эга”.

Вадефулнинг сўзларига кўра, ҳатто минтақадан ўғитлар етказиб беришнинг тўхташи ҳам Африканинг катта қисмида “озиқ-овқат инқирози”ни келтириб чиқариши мумкин. Унинг таъкидлашича, бу ҳолат “азоб чекадиган одамлар сабабли ва, албатта, бунинг натижасида юзага келиши мумкин бўлган қочқинлар оқими сабабли” ташвиш уйғотиши лозим.

“Бу биз учун жуда катта аҳамиятга эга. Буларнинг барчасини вазиятга масъулият билан баҳо бериш доирасида ҳисобга олиш керак”, деб таъкидлади Вадефул. Барро Вадефул билан учрашувдан олдин Германия канцлери Фридрих Мерц иштирокида ўтган Германия вазирлар маҳкамаси йиғилишида қатнашган. Бундай ўзаро алмашув Ахенда тузилган герман-француз шартномасига мувофиқ йилда тўрт марта ўтказилиши назарда тутилган.

Вадефул таъкидлашича, “бундай ҳарбий зарба Эронда тартибли режим алмашинувига олиб келади” деб кутиш керак эмас. Унинг эслатишича, на Ироқда, на Ливияда ҳарбий аралашув эркин, демократик ва ҳуқуқий давлатга тартибли ўтишга олиб келган.

Германия вазирининг сўзларига кўра, у Эронда инсонпарвар бошқарувга ўтишни кўришни афзал билар эди — шу муносабат билан Германия Эрон мухолифати билан ҳам музокаралар олиб бораётганини айтди. “Аммо уруш вақтида бундай ўтиш мамлакат ичида тез содир бўла олмайди. Мен бу мақсадга ташқи ҳарбий йўл билан эришиш мумкинлигига шунчаки ишонмайман,” деди Вадефул.

Германия ташқи ишлар вазири фикрича, АҚШ ва Исроил билан биргаликда “улар ўз олдига қўйган ҳарбий мақсадларга эришиладиган нуқтани топишга” уриниш керак. У шундай деди: “Шундан кейин кескинликни пасайтириш, жангларни тўхтатиш, шунингдек Ҳўрмуз бўғози ва Форс кўрфази давлатлари хавфсизлигини таъминлаш керак бўлади. Менимча, Европа бу жараёнда ўз ролини ўйнаши керак”.

Ўз навбатида, Барро ҳарбий қарама-қаршиликни тўхтатишга чақирди, бунинг учун эса “Эрон режими ён беришга ва ўз позициясини тубдан ўзгартиришга мажбур”лигини айтди. Унинг фикрича, бу Эроннинг минтақада тинч-тотув яшашини таъминлайдиган ва Эрон халқига ўз келажагини ўзи белгилаш имконини берадиган сиёсий ечим топишга йўл очади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид