Жаҳон | 23:30 / 20.03.2026
1754
2 дақиқада ўқилади

Хоминаий АҚШ ва Исроилнинг хатосини айтди

Мужтабо Хоминаийнинг таъкидлашича, Туркия ва Ўмонга қилинган ҳужумлар Исроилнинг Эрон ва унинг қўшнилари орасида низо келтириб чиқариш учун қилинган ҳийласидир. 

Фото: Reuters

АҚШ ва Исроил Эрон давлат тузуми қулайди деб ўйлаб хато қилди, деди Эрон олий раҳбари Мужтабо Хоминаий Наврўз байрами муносабати билан эълон қилинган баёнотида.

Унинг сўзларига кўра, Эрон бир йил ичида учта урушни бошидан ўтказди: 2025 йил июнидаги кейинчалик АҚШ ҳам қўшилган Исроил билан низо, 2026 йил январдаги норозилик намойишлари ҳамда ҳозирги низо.

"Душман хатога йўл қўйди ва халқ бир-икки кундан сўнг ислом тузумини ағдаришни хоҳлайди деб ўйлаб адашди", - деди Хоминаий ўтган ёзида бўлиб ўтган низо ҳақида. 

Унинг айтишича, АҚШ ва Исроил Эрон халқи “иқтисодий муаммолар сабабли душман йўриғига юради” деган фикрда декабр-январ ойларида “давлат тўнтариши”ни амалга оширишга урингани иккинчи уруш ҳисобланади. 

Ҳозир эса АҚШ ва Исроил билан учинчи уруш кетмоқда, дея қўшимча қилди у.

"Аммо эронликлар мамлакат каби кенг мудофаа чизиғини яратишди ва душманга зарба беришди", - деди Хоминаий. 

Унинг таъкидлашича, Туркия ва Ўмонга қилинган ҳужумлар Исроилнинг ҳийласидир.

"Биз билан яхши муносабатларда бўлган Туркия ва Ўмондаги айрим объектларга қилинган ҳужумлар Эрон қуролли кучлари ёки “Қаршилик ўқи”нинг бошқа кучлари томонидан амалга оширилмаган. Бу ислом республикаси ва унинг қўшнилари орасига рахна солиш учун иғвогарлик тактикасини қўллайдиган сионист душманлар фойдаланадиган ҳийладир", деди у.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид