Иқтисодиёт | 17:11
2832
14 дақиқада ўқилади

2008 йилги глобал молиявий инқироз: сабаблар ва оқибатлар

Аср бошлари. Инфляция жуда паст, глобал иқтисодиёт муттасил равишда ўсиб борарди. Молиячилардан тортиб ҳукумат вакилларигача олтин давр келганига ишонар, Ғарб жамиятида "Инқирозлар даври тугади, биз иқтисодиётни бошқаришни тўлиқ ўрганиб олдик", деган ишонч ҳукм сурарди. Бироқ, 2008 йилда бу чиройли иллюзия шиддатли равишда чилпарчин бўлди.

Кутилмаганда ҳалокатли турғунлик бошланиб, тик турган молиявий империя пойдевори пуфакдан ясалгани аён бўлди. Уолл-стритдаги "хатарли спекуляциялар" ҳамда бир гуруҳ очкўз брокерларнинг қалтис ўйини бутун сайёрани ҳалокат ботқоғига тортди.

Хўш, триллионлаб долларларни ҳавога учирган, миллионлаб одамларни уйсиз, ишсиз қолдирган 2008 йилги инқироз қандай келиб чиққанди? Сабаблар нима?

Ҳаммаси қандай бошланди?

2008 йилги глобал молиявий инқироз АҚШда бошланди. Унинг асосий шарт-шароитлари ҳам айнан шу ерда йиллар давомида шаклланиб келган эди. Иқтисодчилар инқирозга олиб келган сабаблар ҳақида ҳали ҳам баҳслашишади, бироқ энг кўп эътироф этиладиган бир нечта асосий омилларни ажратиб кўрсатиш мумкин.

Кредит ставкаларининг пасайтирилиши. 2000-йилларнинг бошида АҚШда “дотком пуфаги” оқибатларини юмшатиш учун фоиз ставкалари кескин равишда пасайтирила бошланди. Федерал захиранинг асосий ставкаси 2000 йил май ойида 6,5 фоизни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2001 йилнинг декабрига бориб 1,75 фоизгача туширилди. Паст ставкалар сабаб банклар арзон кредитларга эга бўлди. Натижада улар истеъмол кредитлари ва ипотекаларни кўпроқ бера бошлади, ҳатто ишончсиз қарз олувчиларга ҳам қарз ажратилди. Бу эса ипотека кредитлари ҳажмининг кескин ошишига ва кўчмас мулк бозорида пуфак пайдо бўлишига олиб келди.

Бу қуйидагича рўй берди: пул арзонлиги шароитида банклар кредитлар учун талабларни анча юмшатди: қарз олувчиларнинг кредит тарихига, даромадига ва иш турига қўйиладиган шартлар камайтирилди, бошланғич бадал ҳам кичрайтирилди. Натижада кўчмас мулкка талаб кескин ошди ва уй нархлари жуда тез қимматлашди. Қисқа муддатда хавф остидаги ипотека кредитларининг улуши 2,5 фоиздан 15 фоизгача ошди.

Шунингдек, ўзгарувчан фоиз ставкали ипотека кредитлари пайдо бўлди. Бу моделда дастлабки 2-3 йил давомида фоиз ставкаси жуда паст бўлган. Одамлар "ҳозир тўловим кам-ку, кейинчалик даромадим ошса ёпиб юбораман ёки уйнинг нархи ошса, уни сотиб фойда кўраман", деган ўй билан катта миқдорда қарз ола бошлади. Бироқ, имтиёзли давр тугагач, фоиз ставкалари бозорга қараб кескин кўтарилган ва ойлик тўловлар одамларнинг даромадидан ҳам ошиб кетган. Дастлаб фақат фоизлар ёки жуда кичик миқдор тўланган, асосий қарз эса муддат охирига қолдирилган. Бу психологик тузоқ эди: одамлар бугунги арзон тўловга учиб, келажакдаги улкан мажбуриятни ҳисобга олмай қўяди.

Ўз навбатида, банклар ҳам эҳтимолий хатарни жуда ҳам паст баҳолай бошлади: қарз олувчи тўловни тўхтатса ҳам, банк гаровдаги уй ёки квартирани очиқ бозорда қимматроқ нархда сотиб юбориши мумкин. Нархлар кундан кунга ошиб бораётган шароитда қарзнинг ҳам ўсиб бориши катта хавф сифатида кўрилмаётган эди.

Ипотека облигациялари. Банклар энди ипотека кредитларини бирлаштириб, уларни облигациялар (MBC) кўринишида бошқа молиявий ташкилотлар ва инвесторларга сота бошлади. Бундай облигацияларни сотиб олган инвесторлар кредитлар бўйича тўланадиган фоиз ва асосий қарздан улуш олиш ҳуқуқига эга бўларди. Ипотека облигациялари дунё бўйлаб жуда ишончли актив сифатида сотилади. Уларга нафақат бой инвесторларнинг маблағлари, балки оддий ишчи ва хизматчиларнинг пенсия жамғармалари, одамларнинг ҳаёти ва мулкини суғурта қилувчи ташкилотларнинг захира маблағлари ҳам йўналтирила бошланди. Банклар мижозларнинг депозит пулларини кўпроқ фойда кўриш мақсадида ушбу облигацияларга тикади. Натижада, пуфак ёрилганда, уй-жой бозорига умуман алоқаси бўлмаган ва кредит олмаган ўқитувчи, ҳамшира ёки кичик тадбиркор ҳам ўз пенсия жамғармасидан ёки банкдаги омонатидан айрилди.

Содда қилиб айтганда, банклар субстандарт кредитларни ишончли кредитлар билан бир саватга солиб, "юқори сифатли" облигация сифатида қадоқлашади. Рейтинг агентликлари ҳам уларга энг юқори баҳони беришган. Инвесторлар нима сотиб олаётганини тўлиқ тушунишмаган, лекин улар "жуда фойдали" нарсага пул тикканига ишонишарди.

Қонунчиликдаги ўзгаришлар. Банклар эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун маълум миқдорда ўз капиталига эга бўлиши шарт. Аммо 2004 йилда АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияси бу талабларни юмшатади. Оддий тилда айтганда, бу қарор банкларга “чўнтагида бор пулидан бир неча баробар кўп қарз бериш” имконини беради. Хусусан, илгари банклар ўзининг 1 доллар ўз пулига 12 доллар қарз бера олган бўлса, энди бу чегара 1 долларга 33 доллар нисбатгача кенгаяди. Бу – банкларга улкан фойда келтирди, лекин уларни жуда заиф ҳам қилиб қўйди: бозор бор-йўғи 3 фоизга пасайса ҳам, банк бутун капиталини йўқотиши мумкин бўлиб қолди.

Вазиятнинг кескинлашиши

2004 йил июнидан 2006 йил июнигача бўлган икки йил давомида Федерал резерв асосий фоиз ставкасини 1,25 фоиздан 5,25 фоизгача оширди. Бу даврга келиб талабнинг юқорилиги фонида уй нархлари ҳам ниҳоятда қимматлашганди. Юзага келган пуфак янада шишиши учун эса уй баҳоси тинимсиз ўсиши керак бўларди. Аммо, кўчмас мулк одамларга арзон кредитлар билан ҳам қимматлик қила бошлади ва 2006 йилга келиб, бозорда талаб камайди; нархлар узоқ йиллик ўсишдан кейин биринчи марта арзонлаша бошлади.

Шунингдек, 2004–2006 йилларда паст фоиз билан олинган ўзгарувчан ставкали кредитларнинг имтиёзли даври тугади. Масалан, кимдир ойига 1000 доллар тўлаётган бўлса, бу миқдор 2000 долларга айланди. Одамлар ипотекага олинган уйи қарз миқдоридан кўра арзонроқ бўлиб қолганини кўра бошлашди. Бозорда 300 минг доллар ипотекаси бор хонадонлар 200 минг долларга ҳам баҳоланмай қўйди.

Шу тариқа, америкаликлар “салбий капитал”га эга бўлиб қолганини тушуна бошлади. Уйни сотиб қарзни ёпиш имконсиз ҳолатга келди. Натижада мижозлар калитни банкка топшириб, уйдан чиқиб кета бошлашди. Бу – “оммавий дефолт” тўлқини бошланишига сабаб бўлди.

Тез орада, банклар томонидан чиройли “қадоқланган” ипотека облигациялари ўз қийматини йўқота бошлади. Чунки бу облигацияларнинг асоси – одамлар тўлайдиган ойлик кредитлар эди. Инвесторлар бу қоғозларни сота бошлашди, лекин харидор топилмасди. Молия тизими фалажланди. Банклар бир-бирига пул бермай қўйди, чунки қайси банкнинг портфелида қанча “заҳарли” қоғоз борлигини ҳеч ким аниқ билмасди.

2008 йил 15 сентябрда АҚШ тарихидаги энг йирик банкротлик юз берди: мамлакатдаги йирик инвестиция банки Lehman Brothers инқирозга учрагани ҳақида маълум қилди. Иқтисодчилар айнан шу воқеани глобал инқирознинг кескин босқичи бошланиши деб ҳисоблайди, чунки у бутун банк тизими бўйлаб домино эффектини келтириб чиқарди.

Инқирознинг глобал миқёсда ёйилиши

Инқироз шиддат билан АҚШ чегарасидан ташқарига чиқиб кетди. Европа ва Осиёнинг йирик банклари ҳам АҚШнинг ипотека облигацияларидан кўп миқдорда сотиб олишганди. Пуфак ёрилгач, бу банкларнинг активлари ҳам бир зумда қадрсизланди. Масалан, Исландия банк тизими бир неча кун ичида бутунлай қулади.

Қўшма Штатлар – дунёдаги энг йирик истеъмол бозоридир. Америкаликлар пул сарфлашни тўхтатгач, Хитой, Германия ва Япония каби экспортга таянадиган давлатларнинг товарларига талаб кескин тушиб кетди. Заводлар ёпилди, нефт ва бошқа хомашё нархлари арзонлашди. Ишонч каналига дарз кетди. АҚШдан ташқаридаги банклар ҳам нафақат мижозларга, балки бир-бирларига ҳам пул қарз бермай қўйишди. Бу “ликвидлик инқирози” сифатида баҳоланди. Пул оқимининг тўхташи эса, бутун дунё бўйлаб бизнес фаоллигини музлатиб қўйди.

Глобал оқибатлар

Инқироз ўчоғи бўлган АҚШда миллионлаб одамлар уйсиз ва ишсиз қолди. Лондон глобал молиявий марказ бўлгани сабабли турғунлик Британия банк тизимига ҳам кучли зарба берди: ҳукумат бир нечта йирик банкларни миллийлаштиришга мажбур бўлди. Грецияда бошланган инқироз бутун бошли евро ҳудудининг парчаланиш хавфини юзага келтирди. Испанияда қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги вазиятнинг ёмонлашуви 25 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида ишсизликни 50 фоизгача ошириб юборди. Нефт нархининг қулаши ва хорижий капиталнинг чиқиб кетиши ортидан 2009 йилда Россия иқтисодиёти қарийб 8 фоизга қисқарди.

АҚШ ва Европада истеъмолнинг кескин тушиб кетиши экспортга асосланган Хитой иқтисодиёти учун ҳақиқий шок бўлди. Минглаб фабрикалар ёпилди. Қишлоқлардан шаҳарларга келиб ишлаётган қарийб 20 миллиондан ортиқ ички мигрантлар ишсиз қолди. Экспорт қулади. Шундай шароитда расмий Пекин инқирозга қарши тарихий дея баҳоланадиган чора-тадбирлар режасини эълон қилди: 4 триллион юанлик (ўша даврдаги курс бўйича тақрибан 586 миллиард доллар ёки мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 12,5 фоизи) иқтисодий рағбатлантириш пакети қабул қилинди. Бу улкан маблағ темирйўллар, аэропортлар ва кўчмас мулк каби ички инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришга сарфланди. Натижада Хитой глобал рецессия даврида ҳам ўзининг иқтисодий ўсишини сақлаб қолди.

Япониянинг банк тизими субстандарт кредитлар хавфидан четда, анча консерватив ва хавфсиз ҳолатда бўлса-да, инқироз реал иқтисодиётга қақшатқич зарба берди. Япон иқтисодиёти Toyota, Sony, Honda каби гигантлар орқали автомобил ва юқори технологиялар экспортига жуда қарам эди. Глобал миқёсда талаб пасайиб кетиши билан, Япония экспорти ярим йилда қарийб 40 фоизга қисқарди. Toyota 70 йил ичида биринчи марта операцион зарар кўрганини эълон қилди. 2009 йилда мамлакат ЯИМ 5,4 фоизга қисқарди.

Жанубий Кореяга келсак, бу мамлакатга инқироз миллий валютанинг қадрсизланиб кетиши орқали таъсир қилди. Хорижий инвесторлар глобал хавф-хатарлар туфайли ўз капиталларини Корея бозоридан шошилинч олиб чиқа бошлаши ортидан вон долларга нисбатан деярли 40 фоизга қадрсизланиб кетади. Форс кўрфази давлатларига инқироз икки фронтдан зарба берди: хомашё нархлари арзонлашди ва кўчмас мулк бозори қулади. Шундай бўлса-да, араб давлатларининг олдиндан йиғиб қўйган йирик суверен фондлари уларга инқирозни нисбатан барқарор ўтказиш имконини берди.

Глобал инқироз Ўзбекистонга ҳам таъсир қилганми?

Ўзбекистоннинг банк-молия тизими халқаро молия бозорларига кучли интеграция бўлмагани ва ёпиқ сиёсат юритилгани сабабли, мамлакатда Ғарб давлатларидагидек тўғридан тўғри банкротликлар кузатилмайди. Бироқ иқтисодий турғунликнинг иккиламчи таъсири сезилади. Россия ва Қозоғистонда кузатилган молиявий муаммолар йирик қурилиш ва ишлаб чиқариш лойиҳаларининг тўхташига олиб келди. Оқибатда минглаб ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари иш жойини йўқотди ёки ойликлари қисқартирилди. Бу эса ҳудудлардаги оилаларнинг харид қобилияти пасайишига олиб келди.

Бундан ташқари, глобал саноатдаги узилишлар сабабли Ўзбекистоннинг асосий экспорт товарлари бўлган пахта толаси, мис, қора металлар ва газга талаб пасаяди, нархлар арзонлашиб кетади. Бу эса валюта тушумларини чеклаб қўяди. Аммо, энг қизиқ жиҳат бошқа: айнан инқироз ҳукм сурган йилларда Жаҳон банкига тақдим қилинган маълумотларда Ўзбекистон ўз тарихидаги энг юқори иқтисодий ўсиш кўрсаткичларини қайд этган: 2008 йилда 9 фоиз, 2009 йилда 8,1 фоиз. Статистик кўрсаткичларнинг “чизилиши” одатий ҳолга айланган ўша даврларда ҳақиқий иқтисодий вазиятнинг қандай бўлгани номаълум.

Умумий йўқотишлар

2008 йилги молиявий инқироз натижасида йўқотилган маблағлар триллионлаб долларни ташкил этади. Инқирознинг таъсири жуда кенг ва узоқ давом этгани сабабли, унинг умумий қийматини аниқ ҳисоблаш қийин. АҚШда инқироз расман 18 ой – 2007 йил декабридан 2009 йил июнигача давом этди. Глобал рецессия эса айрим мамлакатларда 2011 йилгача чўзилди.

2009 йилда Халқаро валюта жамғармаси жаҳон молиявий тизими активларнинг қадрсизланиши ва қайтариб бўлмайдиган қарзлар сабаб 4 триллион доллардан ортиқ зарар кўрганини эълон қилган. Ўша йил якунлари бўйича глобал ишлаб чиқариш ҳажми 2,9 фоизга камайган. Бу – Иккинчи жаҳон урушидан бери жаҳон иқтисодиётида биринчи марта салбий ўсиш кузатилган ҳолат бўлди.

2012 йил апрел ойида АҚШ Молия вазирлиги йўқотишлар бўйича тахминий ҳисоб-китобларни эълон қилади. Унга кўра, Қўшма Штатларда уй хўжаликларининг умумий бойлиги 19,2 триллион долларга камайган. Бу – асосан ипотека кредитлари бўйича дефолтлар туфайли уй-жойларнинг йўқотилиши ва инқироздан кейин юзага келган оммавий ишсизлик билан боғлиқ. 2009 йил октябрида ишсизлик 10 фоизгача кўтарилган эди. Қолаверса, АҚШ фонд бозоридаги йўқотишлар ҳам жуда катта бўлди: 2008 йилда акциядорлар бойлиги 6,9 триллион долларга камайди. Dow Jones индекси 2007 йилдаги энг юқори даражасига нисбатан 2 баробарга қулади.

Умуман олганда, 2008 йилги молиявий инқироз дунё иқтисодиётига жиддий сабоқ берди. Энг муҳим хулоса шундан иборат бўлдики, молиявий тизимдаги ҳаддан ташқари риск ва назоратнинг етарли эмаслиги глобал фалокатга олиб келиши мумкин. Инқироздан кейин кўплаб давлатлар банк тизимини қатъийроқ тартибга солишни бошлади. Банкларга капитал захиралари бўйича янги талаблар жорий қилинди, рискларни назорат қилиш механизмлари кучайтирилди.

Бугунги кунда ҳам иқтисодчилар 2008 йилги инқирозни замонавий капитализм тарихидаги бурилиш нуқтаси деб ҳисоблайди. Чунки бу воқеа глобал молия тизимининг нақадар ўзаро боғлиқлиги ва заифлигини яққол кўрсатиб берганди.

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид