Ўзбекистон | 10:13 / 21.03.2026
1456
2 дақиқада ўқилади

Президент: Наврўзнинг тинчлик ва ҳамкорлик ғоялари бугун янада долзарб

Президент Шавкат Мирзиёев Наврўз тантаналарида сўзлаб, минг йиллар давомида халқлар ўртасида маънавий кўприк бўлиб келаётган ушбу байрамнинг тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик ғоялари бугунги нотинч замонда янада долзарб аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари таъкидлаганидек, Наврўз асрлар давомида турли халқ ва миллатларни яқинлаштириб келган, инсонларни эзгулик, бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат руҳида бирлаштирган улуғ байрамдир.

Президентнинг қайд этишича, бугун юртда яшаётган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари Наврўзни бир оиладек, шод-у хуррамлик билан нишонламоқда. Бу эса мамлакатдаги аҳиллик ва тотувлик муҳитининг яна бир ёрқин ифодаси бўлмоқда.

Шавкат Мирзиёев ана шундай ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат Янги Ўзбекистонни биргаликда барпо этишнинг энг ишончли кафолати эканини урғулади.

“Биз жамиятимизда миллатлар ва динлараро ҳамжиҳатликни бундан буён ҳам мустаҳкамлаш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз. Бу борада қўшни ва қардош мамлакатлар билан бирга ягона Марказий Осиё овози бўлиб, минтақамизнинг тинчлик, биродарлик ва ҳамкорлик макони сифатидаги нуфузини оширишга устувор аҳамият қаратамиз”, деди президент.

Давлат раҳбари тантанали тадбирда иштирок этаётган хорижий давлатлар элчилари, халқаро ташкилотлар вакилларини ҳам Халқаро Наврўз куни билан самимий қутлаб, улар орқали барча дўст халқларга эзгу тилакларини йўллади.

Қайд этилганидек, Наврўзнинг тинчликпарвар ва бирлаштирувчи ғоялари бугун нафақат мамлакат, балки бутун минтақа ва халқаро ҳамжамият учун ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид