Ўзбекистон | 16:22
10063
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликлар АҚШга ишга юборилиши мумкин. Ўртача ойлик – 3500 доллар

Миграция агентлиги ва USA Farm Labor ташкилоти ўртасида келишув имзоланди. Ўзбекистонликлар H-2А дастури доирасида АҚШдаги қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиниши мумкин. Иш муддати 9-10 ой, ўртача маош 3500 долларни ташкил этади.

Фото: Миграция агентлиги

Ўзбекистонликларни АҚШга мавсумий ишларга юбориш бўйича келишувга эришилди, дея хабар берди Миграция агентлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, USA Farm Labor 22 йилдан бери H-2А дастури доирасида АҚШдаги қишлоқ хўжалиги соҳасидаги мавсумий ишларга хорижий ишчиларни жалб қилиш билан шуғулланади. Ҳозирда Шимолий Америка ҳудудида 1400 дан ортиқ фермер хўжаликлари ва ранчолар билан ҳамкорлик шартномасига эга. 

Миграция агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаев ва USA Farm Labor ташкилоти раҳбари Мануэл Фиск ўртасида онлайн тарзда ўтган мулоқотда ўзбекистонлик номзодларни илк бор АҚШдаги мавсумий ишларга жалб этиш тартиблари муҳокама қилинди. Бунда:

  • Иш муддати: 9–10 ой;
  • Ўртача ойлик: 3 500 доллар;
  • Турар жой: иш берувчи ҳисобидан;
  • Малакали мутахассисларга устуворлик берилади.

«Учрашув якунида ўзаро келишув имзоланди ҳамда ҳамкорликнинг кейинги босқичларини энг тез муддатларда амалга оширишга келишиб олинди», дейилади агентлик хабарида.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид