Ўзбекистон | 15:01
556
2 дақиқада ўқилади

Портловчи материалларни темирйўлда ташиш тартиби белгиланмоқда

Ўзбекистон ҳудудида портловчи материалларни темирйўл транспортида ташиш қоидалари лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳужжатда корхона, ташкилот ва муассасалар томонидан портловчи моддалар, материаллар ва улардан фойдаланилган буюмлар, шунингдек саноат мақсадларида қўлланиладиган портлатиш воситаларини ташиш тартиби белгиланмоқда.

Фото: iStock

Лойиҳага кўра, темирйўл орқали фақат махсус рўйхатга киритилган портловчи материалларни ташишга рухсат берилади. Бунда уларни йўловчи, почта-багаж ва одам ташувчи поездларда, шунингдек айрим турдаги хавфли юклар билан бир таркибда ташиш тақиқланади.

Ҳужжатда портловчи материалларни ташиш учун рухсатнома асосида махсус вагонлар ва контейнерлардан фойдаланиш, уларни Ички ишлар вазирлиги бўлинмаларининг қуролли қўриқлови остида ташиш талаби назарда тутилган. Маршрутлар эса имконият қадар йирик аҳоли пунктлари ва узел станцияларини четлаб ўтадиган тарзда ишлаб чиқилиши белгиланмоқда.

Қоидалар лойиҳасида юкни тайёрлаш, қадоқлаш ва маркировка қилиш, ташиш ҳужжатларини расмийлаштириш, вагонларни техник ва тижорий кўрикдан ўтказиш, юклаш-тушириш ишларини ташкил этиш, манёвр ва қўриқлаш тартиблари ҳам батафсил белгиланган.

Шунингдек, портловчи материаллар билан ишлайдиган ходимлар учун мунтазам йўриқнома ўтказиш, махсус хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилиш, авария ҳолатларида амал қилиниши лозим бўлган тартиблар ва ёнғинга қарши талаблар ҳам лойиҳадан ўрин олган.

Ҳужжатда белгиланишича, ушбу қоидалар талабларини бузган шахслар амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид