Жаҳон | 09:17 / 23.03.2026
1422
4 дақиқада ўқилади

Украина ва АҚШ музокараларида силжиш бор, аммо тафсилотлар очиқланмади

Флоридада бўлиб ўтган Америка ва Украина делегациялари ўртасидаги конструктив музокаралар ҳамда “позицияларни мувофиқлаштиришда силжиш” ҳақида Стивен Уиткофф ва Рустем Умеров маълум қилди. Зеленский эса Россия билан асирлар алмашинувига оид “сигналлар” борлигини ёзди.

Фото: Ekaterina Chesnokova/Sputnik

Украина ва Америка делегациялари 21 ва 22 март кунлари Флоридада бўлиб ўтган навбатдаги музокаралар раунди чоғида Украина хавфсизлиги кафолатлари ва Россия томони билан асирлар алмашинуви масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда 22 март, якшанба куни кечқурун Украина делегацияси раҳбари, Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши (МХМК) котиби Рустем Умеров Facebook’да маълум қилди.

“Учрашувлар давомида ишончли хавфсизлик кафолатлари ва ҳуманитар йўналишга, хусусан, фуқароларимизни алмашиш ва қайтариш масалаларига эътибор қаратдик. Позицияларни мувофиқлаштиришда силжиш бор ва ҳал этилмаган масалалар доираси янада қисқармоқда”, — дейилади унинг Facebook’даги хабарида.

Умеров, шунингдек, эришилган “динамика” Украинадаги Россия бошлаган урушни якунлаш бўйича учрашувларнинг кейинги босқичларига ўтиш имконини беришидан умид билдирди, аммо бошқа тафсилотларни келтирмади.

“Бу конструктив музокаралар кечаги ютуқларнинг давоми бўлди ва Украина учун барқарор ҳамда ишончли хавфсизлик тизимини яратишнинг асосий масалаларига, шунингдек, минтақадаги ниҳоятда муҳим гуманитар чораларга қаратилди”, — деб ёзди АҚШ президентининг махсус вакили Стивен Уиткофф музокараларнинг иккинчи куни якунланганидан сўнг X ижтимоий тармоғида.

Уиткоффнинг маълум қилишича, Америка делегацияси таркибига ундан ташқари АҚШ президенти Доналд Трампнинг куёви Жаред Кушнер ва Оқ уйнинг катта маслаҳатчиси Жош Грюнбаум кирган. Украина делегацияси таркибида эса Рустем Умеровдан ташқари президент офиси раҳбари Кирилл Буданов, шунингдек, сиёсатчилар Давид Арахамия ва Сергей Кислица бўлган.

Музокаралар якунларига изоҳ берар экан, президент Володимир Зеленский Telegram’да уруш тугаганидан кейин Киев ишончли хавфсизлик кафолатларини олиши зарурлигини таъкидлади. У, шунингдек, Россия томони билан асирлар алмашинувини давом эттириш имконига оид “сигналлар” мавжудлигини маълум қилди.

Ушбу раунд арафасида Зеленский Флоридадаги Украина делегациясининг асосий вазифаси Россия делегацияси иштирокидаги келажак уч томонлама музокараларни тайёрлаш бўлишини айтган эди.

“Кўпроқ аниқлик истайман”, — деб таъкидлаганди ўшанда Украина президенти.

Режага кўра, АҚШга ташриф чоғида Америка томони билан PURL (Prioritised Ukraine Requirements List — “Украина учун устувор эҳтиёжлар рўйхати”) дастурини давом эттириш масаласи ҳам муҳокама қилиниши керак эди. Бу дастур доирасида НАТО бўйича ҳамкорлар Украина эҳтиёжлари учун Америкада ишлаб чиқарилган қуролларни, жумладан Patriot ҳаво мудофаа тизимлари учун ракеталарни сотиб олади.

Бундан ташқари, Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина делегацияси америкаликлар билан “дрон келишуви” деб аталувчи таклифни ҳам муҳокама қилади. Унга кўра, Киев Вашингтон билан шундай битим тузиши мумкинки, унда Украина жанг шароитида синовдан ўтган дронларга қарши ҳимоя технологиясини АҚШ билан баҳам кўради, эвазига эса молиялаштириш ва баллистик ракеталардан ҳимоя қилиш учун тақчил бўлган тизимларни олади.

Россиянинг Украинага қарши уруши эҳтимолий якунланиши бўйича уч томонлама форматдаги музокаралар сўнгги ойларда бир неча бор ўтказилди, аммо бу учрашувларда ҳозирча тинчлик сари йўлда сезиларли силжишга эришилмади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид